Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:14

Болалар меҳнатидан фойдаланиш Ўзбекистонга қимматга тушиши мумкин


Буюк Британиянинг тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Continental Clothing” ширкати Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши курашга бел боғлади.

“Эгнингиздаги пахтадан бўлган кўйлакнинг қаердан келганини биласизми? Билсангиз, уялган бўлардингиз”.

“Continental Clothing” директори Филип Чарлзнинг ширкат сайтида босилган баёноти ана шундай сўзлар билан бошланади.

“Continental Clothing” жорий ойдан бошлаб ўз маҳсулоти ёрлиғида қайси мамлакатда етиштирилган пахтадан фойдаланилганини ҳам кўрсатадиган бўлди. Ширкат шу усул билан Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши курашмоқчи.

2006 йил 20 октбярда Тошкентда пахта ярмаркаси ўтказилгандан сўнг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов унда 35 давлатдан тахминан 400 киши келиб, ўзбек пахтасига ҳамду сано ўқиганини эътироф этганди.

Ўшанда И.Каримовнинг ўзи ҳам Ўзбекистон пахтасини таърифлар экан, чайналиб: “Бошқа-бошқа, айтайлик, хусусиятлари билан ва талабга жавоб берадиган нозик-нозик томонлари билан...”, - деганда ҳар нарсани назарга тутган бўлиши мумкин, аммо уни етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилганини назарда тутмагандир.

Пахта ярмаркаси ўтказилган ўша пайтда ҳам биров болалар меҳнати ҳақида ўйламади.

“Continental Clothing” ширкати бошлаган ташаббусни жаҳондаги бошқа саноатчилар ҳам қўллаб-қувватлагудай бўлса, Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланиш қимматга тушиши мумкинлиги тўғрисида ўйлана бошласа керак.

“Биласизки, Ўзбекистон репрессив режимдир ва биз бу мамлакатда етиштириладиган пахтага нисбатан бойкот эълон қилдик. Чунки бу режим болалардан қул сифатида фойдаланади”, - дейди ширкат мутасаддиларидан бири Роб Шоули.

У ширкатнинг ўзбек пахтасини бойкот қилишига кимёвий ўғитлардан ҳаддан зиёд фойдаланиш оқибатида атроф-муҳитга зарар етказилаётгани ҳам сабаб бўлганини таъкидлади.

Мактаб ўқувчиларининг пахта далаларидаги меҳнати мавзуи қайта қуриш йиллари ўзбек публицистикасидаги энг асосий мавзулардан бири эди. Бу ҳақда шу қадар кўп ва хўб гапирилганки, одамларда мустақиллик шароитида ҳар ким ўз ишини қиладиган бўлади, ёш болаларни ҳеч ким далага ҳайдамайдиган бўлади, деган қатъий ишонч пайдо бўлган эди.

Лекин ундай бўлиб чиқмади.

“Болалар меҳнатини эксплуатация қилиш совет давридагига қараганда 100-200 фоиз ортиб кетди. Совет даврида пахта теримига юқори синф ўқувчиларигина борган бўлса, мустақиллик йилларида қуйи синфлар ўқувчилари ҳам олиб чиқиладиган бўлди. Бу кўриниш оммавий тус олди”, - дейди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов.

Балки кўчанинг гапи уйга тўғри келмас, яъни узоқ Буюк Британияда жойлашган тикувчилик ширкати билиб-билмай Ўзбекистон раҳбариятига маломат қилаётгандир? Балки чиндан ҳам пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланмаслик иложсиздир?

Жиззахлик фермерлардан бири бу саволларга жавоб берар экан, пахта теримига мактаб болаларини жалб этишга мутлақо ҳожат йўқлиги, чунки бу иш маҳаллаларда ишсиз ўтирган аёллардан ортмайдиган бўлиб қолганини билдирди.

“Ҳозирги раҳбарият совет даврида ўрганиб қолган тутумини ташлай олмаяпти, холос”, - деди фермер.

Болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани учун Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилган “Continental Clothing” ширкати бу ташаббусга бошқалар ҳам қўшилишига умид билдираётир.
XS
SM
MD
LG