Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:56

Ўзбекистон фуқароси Қирғизистонда террорчиликда айбланиб қўлга олинди.


Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати Жалолобод шаҳрида “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”га аъзоликда айбланиб, тўрт киши қўлга олингани тўғрисидаги хабарни 12 сентябрь куни тасдиқлаб улар Ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилди. Миллий хавфсизлик хизмати қўлга олинганлардан бири Ўзбекистон фуқароси Жамолиддин Абдумажидов бўлиб у шу йил май ойида Ўш шаҳридаги матбуот уйини портлатиш ташкилотчиси сифатида айбланаётганини билдирди.

Жамолиддин Абдумажидов 1979 йилда туғилган. У уч нафар шериги билан август ойи охирида Жалолобод шаҳрида жанговор гранатани портлатишга ҳаракат қилаётганида қўлга олинган. Бу тўғрида Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати матбуот котиби Риспек Биқин ўғли маълумот берди.

Миллий Хавфсизлик Хизмати расмийсига кўра, Жамолиддин Абдумажидов 2006 йил декабридан бери қирғиз милицияси ходимини ўлдирганликда гумонланиб қидирувда бўлган.

“У Шерзод, Али , Қорабой, Акмал ва Абдулло номлари билан танилган ва 2006 йилда Қирғизистон худудида йўқ қилинган Полвон лақабли Содиқов террорчи гуруҳининг аъзоси бўлган>“ – деди Риспек Биқин ўғли.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати тергов гуруҳи Жамоллидин Абдумажидовни бир қатор оғир жиноятларни содир этганликда ва режалаштирганликда айбламоқда. Расмий маълумотга кўра, Жамоллидин Абдумажидов 2006 йил декабрида қирғиз милицияси ходимини ўлдирган, 2007 йил май ойида эса Ўш шаҳридаги матбуот уйида содир этилган портлаш ташкилотчиси бўлган.

“Бундан ташқари Жамолиддин Абдумажидов 2007 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудида, жумладан Ўзбекистон мустақиллиги арафасида бир қатор террорчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирган. Шунингдек, Жамолиддин Абдумажидов раҳбарлигидаги гуруҳ Қирғизистон ҳукуматининг олий даражадаги раҳбарларига суиқасд уюштириш мақсадини кўзлаган””, – деди Миллий Хавфсизлик Хизмати матбуоти котиби Риспек Биқин ўғли.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати Жалолободда қўлга олинган қолган уч нафар шахснинг исм-шарифини тергов манфаатларини кўзлаган холда ошкор этмаяпти. Бироқ, улар ҳам Ўзбекистон фуқаролари экани билдирилди.

Қирғизистонда кейинги икки йил ичида турли жанговор амалиётлар ўтказилиб, Ўш ва Жалолобод вилоятларида бешга яқин гуруҳ йўқ қилинди. Мазкур гуруҳ аъзоларининг барчаси “Ўзбекистон исломий ҳаракати” ва “Хизб-ут Таҳрир”га мансублиги эълон қилинди. Бироқ бу борада диндорлар бир хил фикрда эмас. “Хизб-ут Таҳрир” партияси вакили ўтказилган амалиётларнинг деярли барчаси Қирғизистондаги диндорларга қарши репрессия эканини айтади.

Анъанавий ислом вакиллари эса, Қирғизистонда дин сиёсати нотўғри юритилаётгани, дин тўғрисидаги қонунчилик мукаммал эмаслиги туфайли турли экстремисмтик ҳаракатлар мамлакатни босқин қилганини таъкидлайдилар. Чуй вилоят қозияти расмийси Маҳмуд хожи Табалди ўғли бу борада мана буларни айтди:

“1991 йилда диний эркинлик тўғрисидаги қонун қабул қилинган. Мана шу қонунга ўзгартишлар киритиш пайти келди, деб ҳисоблайман. Чунки, бу қонунда ўн киши тўпланиб ариза ёзса, диний ташкилот уюшувига рухсат берилади. Ҳамма бошбошдоқлик мана шундан бошланяпти. Бундан турли экстремистик оқимлар фойдаланяптилар. Ҳукумат томонидан ноанъанавий оқимлар қаттиқ назоратга олиниши қонунда белгиланиши лозим”, – дейди Махмуд хожи Табалди ўғли.
XS
SM
MD
LG