Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:16

Ўзбекистонда сайлов куни эълон қилинди


Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат президентлигига сайлов 2007 йилнинг 23 декабрь куни бўлиб ўтишини расман эълон қилди. Аммо ҳали сайловга оид кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Айни пайтда ахборот агентликлари МСК раиси Мирзоулуғбек Абдусаломовга таяниб, сайловолди кампанияси расман 21 сентябрь куни бошланишини маълум қилмоқда.

Бироқ Ўзбекистон расмийлари, хусусан, МСК декабрь ойидаги сайлов ва сайловолди кампанияси қандай ташкил этилиши, президентликка асосий номзодларга оид саволларга жавоб беришдан қочмоқда.

Айни пайтда оддий ўзбекистонликлар ва халқаро ҳамжамиятни амалдаги президент Ислом Каримов сайловга яна ўз номзодини қўядими, деган савол қизиқтирмоқда.

Бир фуқаро икки мартадан ортиқ президент бўла олмаслиги белгилаб қўйилган Ўзбекистон конституцияси унга бундай имкониятни бермайди. Чунки 2007 йил 22 январда иккинчи президентлик ваколати тугагани айтиладиган И.Каримов ўз амалида узоғи билан янги президент сайланиб, ўз ваколатларини бажаришга киришгунча қола олади, холос.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси етакчиси, 1991 йилдаги илк президент сайловида мухолифатдан номзод сифатида қатнашган Муҳаммад Солиҳ аввалги сайловларда бўлгани каби И.Каримов бу сафар ҳам ўз амалида қолишга бор кучи билан ҳаракат қилишига шубҳа йўқлигини айтади.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов эса Каримов режими мухолифатга сайловда қатнашиш имконни бермаса-да, ўз партияси унга қатнашишига умид қилаётганини билдирди.

Айни пайтда халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳам Ислом Каримов амалда қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилишига шубҳа билдираётгани йўқ.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти таҳлилчиси Юрий Фёдоров И.Каримов бўлажак сайловда яна ўз номзодини қўйишига ишонади.

“Менимча, Ўзбекистон ҳукумати учун амалдаги президентни қонуний равишда яна номзод қилиб кўрсатишнинг имконини топиш қийин бўлмайди. Бундай дейишимнинг боиси, ўйлашимча, Ўзбекистонда ҳозирча И.Каримовнинг аниқ бир вориси топилгани йўқ. Унинг ўзи ворис топишни истамаган ва истамайди, чунки у ўзидан кейин ҳокимият тепасига келадиган ҳар қандай шахс унга содиқ қолишига ишонмайди”, - дейди Ю.Фёдоров.

Унинг фикрича, И.Каримов қизи Гулноранинг номзодига сиёсий элита тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатишини билади.

“Бу вазиятда эса И.Каримовнинг яна бир бор ўз номзодини қўйишдан бошқа иложи йўқ ва агар сценарий шундай ривожланса, унинг қайта президент этиб сайланишига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади”, - дейди Ю.Фёдоров.

Тошкентдан олинган сўнгги хабарларга кўра, маҳаллий вақт билан соат 17:00да МСК матбуот анжумани ўтказган. Бироқ сайловолди кампанияси ва президент сайлови куни ҳақида қисқа маълумот берган расмийлар анжуманга тўпланган журналистларга савол бериш имконини бермаган.
XS
SM
MD
LG