Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:49

Русларнинг ўзбеклардан чиққан саховатпешаси


Россиялик корчалон Алишер Усмонов таниқли созанда Мстислав Ростроповичга оид санъат асарлари коллекциясини кимошди савдосидан олдин сотиб олиб, мамлакат музейларига қайтарди.

А.Усмонов “Россия” телеканалига берган интервьюсида “Россияга тегишли санъат асарлари Россияда туриши лозим”лигини таъкидлади. У сотиб олган асарларнинг нархи 40 миллион доллардан зиёд экани айтилмоқда.

М.Ростроповичнинг беваси Галина Вишневская санъат жамламасининг бутунлигича Россияга қайтарилганидан мамнуният изҳор қилди.

“Мен бахтиëрман, чунки коллекция сочилиб кетмасдан яхлит ҳолида харид қилинди. Жамламани сотиб олган жаноб Алишер Усмоновдан миннатдорман. У кишини шахсан танимасам-да, рус санъатининг нодир дурдоналари Россияда намойиш қилинишидан умидворман”, - деди Г.Вишневская.

Г.Вишневская ва марҳум созанда М.Ростропович бу коллекцияни 30 йил мобайнида тўплаган эди. Россия маданият ва кинематография вазири Михаил Швидкой бу санъат асарлари 17-асрдан 20-асргача бўлган оралиқдаги рус санъатини тамсил қилишини билдирди. У Россия ҳукумати коллекцияни мамлакатга қайтариш учун рус корчалонларига расман таклиф қилганини айтди.

“Бу таклифни Алишер Усмонов қабул қилди. Мен у билан уч-тўрт кун давомида бу мавзуни муҳокама қилдим”, - деди М.Швидкой.

Ҳозир Данияда фаолият юритаëтган собиқ Ўзбекистон халқ депутати Абдувоҳид Паттаев А.Усмонов коллекцияни Кремль истагига кўра давлатга қайтарганига ишонади.

“Ҳозир (Россия президенти) Владимир Путин сайлов олдидан халқ орасида обрў олиш учун олигархларни саховатли бўлишга мажбур қилмоқда”, - дейди А.Паттаев.

“Форбс” журналининг ёзишича, Россиянинг энг бой кишиларидан бири бўлган Алишер Усмонов Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидаги Чуст туманида туғилган.

Абдувоҳид Паттаев Наманган машинасозлик заводи бош директори бўлган пайтда А.Усмонов тадбиркорликнинг илк қадамларини қўяëтган эди. А.Паттаев у ҳақда фақат яхши гаплар эшитганини айтади.

Унинг таъкидлашича, ўзбеклардан етишиб чиққан корчалоннинг саховатли иши Россия зеҳниятидаги ўзбеклар ҳақидаги тасаввурни ижобий тарафга буради.

Журналист Носир Зокир эса айни пайтда А.Усмонов туғилиб ўсган Наманган вилоятида у ҳақда салбий муносабат шаклланаётганини таъкидлади.

“Алишер Усмонов Чустда туғилган, ўша ерда қариндошлари бор. Аммо унинг қариндошларига ëки маҳалласига ёрдам берганини эшитмаганмиз”, - дейди журналист.

Журналист россиялик корчалон сиëсий дивидент чиқмайдиган жойга ëрдам қўлини чўзмаслигини қўшимча қилди.

Бундан аввал А.Усмонов АҚШнинг “Film by Jove” ширкатидан совет мультфильмларини намойиш қилиш ҳуқуқини сотиб олиб, Россия давлат телеканалига ҳадя қилган эди. У Россиядаги “Коммерсант”, “Газета.ру” каби нашрлар соҳибидир. Россия матбуоти А.Усмонов шу йўл билан обрў олмоқчи бўлаётгани ҳақида ёзди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон президенти бўлиши эҳтимоли ҳақида гапирган эди. Журналист Носир Зокир бу тахлит миш-мишлар Наманганда ҳам урчиганини маълум қилди.

Бу гапларга асос йўқлигини айтган Абдувоҳид Паттаев эса рус санъати дурдоналарини Россияга қайтариш эвазига А.Усмонов Кремлнинг хайрихоҳлигига эришгани, буни эса пул билан ўлчаб бўлмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG