Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:14

ЕИ ва ЕХҲТ Ўзбекистон борасида эҳтиёткорликни сақламоқда


Ўзбекистонда президент сайлови куни аниқ бўлгач, мамлакатдаги сиёсий жараёнлар яна Европа Иттифоқи ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг диққат марказига тушди.

Сайловларни кузатувчи энг нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланадиган ЕХҲТ Ўзбекистонда президент сайлови 23 декабрда ўтказилишини қайд этди.

ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идорасининг матбуот вакили Урдур Гуннарсдотир Ўзбекистон томони сайловни кузатишни сўраб ҳозирча ЕХҲТга мурожаат қилмаганини билдирди.

“Биз 2004 йилда бўлиб ўтган сайловдан буён Ўзбекистонда бўлганимиз йўқ. Навбатдаги сайловни кузатиш учун ҳозирча таклифнома олмадик”, – деди ЕХҲТ вакиласи.

Ўзбекистон томони бундай таклиф билан ташкилотга мурожаат қилса, ЕХҲТнинг махсус комиссияси Ўзбекистонга келиб, сайлов жараёни билан боғлиқ барча масалаларни ўрганишга ҳаракат қилади. Сўнг мазкур комиссия тавсияси асосида мамлакатга сайловни кузатиш гуруҳи юборилади.

Ўзбекистондаги президент ва парламент сайловларини аввал ҳам кузатган мазкур ташкилот бўлажак сайлов ҳақида олдиндан пайдо бўлган фикрга асосланиб баҳо бериш ниятида эмас.

“Аммо ташкилотнинг Ўзбекистондаги сайловларга берган аввалги баҳолари ўзи учун гапиради, - деди Урдур Гуннарсдотир. - Фактлар ортиқча изоҳга муҳтож эмас. Ўзбекистон борасида қилган ҳисоботларимизга назар ташласангиз, сайловлар борасидаги хулосаларимиз доимо салбий бўлганини кўрасиз”.

Ўзбекистонда бўлажак президент сайловида мамлакатдаги қонунчиликка қарши бориб, уни ўзгартириб ёки ўзгача талқин этиб бўлса ҳам амалдаги президент Ислом Каримов яна асосий номзод бўлиши кутиляпти. Бу борада Европа расмийлари ҳам хомхаёлга берилаётгани йўқ.

Гуннарсдотир хонимнинг айтишича, ЕХҲТ сайловгача қолган оз муддат ичида сайлов тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартириш киритилишини қўллаб-қувватламайди.

“Биз ҳам қонунга, ҳам унинг ижро этилишига қараймиз. Биз учун нафақат қонунчилик, балки унга қанчалик риоя қилинаётгани ҳам муҳимдир”, – деди Урдур Гуннарсдотир.

Айни пайтда барча Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни шакллантираётган ЕИ ҳам Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларни диққат билан кузатмоқда. Ҳатто И.Каримовнинг ҳокимиятда қолиш истаги билан боғлиқ танқидий фикрлар ҳам ЕИ расмийлари эътиборисиз қолмаётган кўринади. Шунга қарамай, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел сайлов жараёнидан қатъи назар тузилма Ўзбекистон билан муносабатларини ёмонлаштирмоқчи эмаслигига ишора қилди.

“Албатта, вазият мураккаблигини англаймиз. Лекин бу мамлакат билан олдинга қараб ҳаракатланиш ниятида муносабат қилаётган эканмиз, бу биз учун ҳамма нарса муҳайё қилинади, дегани эмас. Мураккаб вазиятда яхши натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун ҳозирданоқ Каримовни қандайдир “ўзбекбоши” деб қабул қилиб, шу тушунчанинг қулига айланиб қолмайлик”, – дейди Пьер Морел.

ЕИ Ўзбекистонда бўлажак президент сайловига баҳо беришда ЕХҲТнинг хулосаларига таянади.

Пьер Морелнинг айтишича, ЕХҲТ аъзоси сифатида Ўзбекистондан ўз бўйнига олган мажбуриятларни бажаришни ҳозирданоқ талаб этишни бошлаш мумкин.

“Ўзбекистон ўтиш даврини бошдан кечираётган давлат эканини, демократия дарҳол пайдо бўлмаслигини билсак-да, пировардида бу сайлов Ўзбекистонда демократияга қандайдир кичик бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшишини кутиб қоламиз”, – деди Пьер Морел.
XS
SM
MD
LG