Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:42

Президент сайловини халқаро ташкилотлар ҳам кузатади


Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси декабрь ойига белгиланган президент сайлови халқаро ташкилотлар, хусусан, МДҲ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти экспертлари кузатувида ўтказилишини билдирди.

Аммо сайловларни кузатувчи йирик халқаро ташкилот бўлмиш ЕХҲТ ҳам, қолаверса, МДҲ ва ШҲТ ҳам Ўзбекистонда ўтажак сайловни кузатиш борасида таклиф олмаган.

“Бизга ҳозирча таклифнома келиб тушгани йўқ. Балки кейинроқ юборилар. Авваламбор, бу уларнинг иши. Аммо умид қиламиз, Ўзбекистон бизни аввалги сайловлардаги каби бу сафар ҳам сайловни кузатишга таклиф қилади”, - деди МДҲнинг сайловларни кузатиш бўлими раҳбари Евгений Слобода.

МДҲ Ўзбекистондан таклиф тушиши билан ўз кузатувчиларини у ерга юборишга тайёр турибди.

“Биздаги анъанага кўра, олдин биринчи гуруҳ юборилади. У ерда кузатувчилар штаби тузилади. Ушбу мамлакат учун етарли бўлган кузатувчилар сони белгиланади. Ана ундан кейин кузатувчилар рўйхатдан ўтказилиб, минтақаларга юборилади. Улар берган маълумотларни миссия штаби ўрганиб, умумий хулоса қилади”, - деди МДҲ вакиласи Вера Якубовская.

Аввалроқ ЕХҲТ ҳам Ўзбекистон томони таклиф билан ташкилотга мурожаат қилса, махсус комиссиясини Ўзбекистонга юбориши мумкинлигини айтган эди. Шу пайтгача ушбу ташкилот Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни эркин ва адолатли эмас, дея баҳолаб келган.

ЕХҲТ МДҲ ва ШҲТ каби тузилмалар Ўзбекистонга кузатувчиларини юбориши муҳим эканини билдирди.

Кузатувчилар МДҲ ўз маконидаги сайлов жараёнларини Ғарб танқидларидан ҳимоя қилиш, бу борада ўз критерийларини қарор топтириш ва постсовет давлатларда ўтказиладиган сайлов жараёнлари легитимлигига шубҳа бўлмаслигини таъминлашга хизмат қилаётгани, шунинг учун бу тузилмага аъзо давлатларда ўтадиган сайловга баҳоси бир тарафлама бўлиши ҳақида гапиради. МДҲнинг сўнгги учрашувида тузилма раҳбарлигига Россия Марказий сайлов комиссиясининг собиқ раиси Александр Вешняков номзоди илгари сурилгани бу фикрнинг яна бир тасдиғи сифатида кўрилади.

“Ўша пайтда жаноб Вешняков МСК раислигидан бўшаган эди. Унинг номзоди Россия томонидан МДҲ ижроия қўмитаси раислигига тавсия этилди ва консенсус бўлмагани сабабли бу масала ёпилди”, - дейди МДҲ вакиласи Вера Якубовская.

Шу пайтгача Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловларини Ғарб кузатувчилари эркин ва адолатли эмас, дея баҳолаган, аммо МДҲ кузатувчиларининг бу борадаги хулосалари доим Тошкентга хуш ёққан.

Ўзбекистондаги 2004 йилги парламент сайловида Россиядан кузатувчи бўлиб қатнашган Москвадаги МДҲ институти раҳбари ўринбосари Владимир Жарихин ҳам Ўзбекистонда мухолифат партияларга йўл берилмаган 2004 йилги парламент сайловини адолатли бўлган, деб ҳисоблайди.

“У ерда қаттиққўл режим мавжудлигига қарамай, шахсан мен ҳеч қандай қонунбузарликни кузатмадим ва ўйлайманки, бу сафар ҳам овоз бериш жараёни шундай ўтади”, - дейди В.Жарихин.

Мухолифат партияларга сайловда қатнашиш учун рухсат берилмагани эса, Владимир Жарихин фикрича, бошқа муаммо.

“Бундай эътироз ЕХҲТ томонидан билдирилди. Лекин бу сайлов ўтказиш жараёни билан боғлиқ эмас. Жараёнга келсак, у етарли даражада демократик бўлди ва мен буни тасдиқлашим мумкин”, - деди В.Жарихин.

В.Жарихин МДҲ ўз маконидаги сайлов жараёнларини кенг қамровда, диққат билан кузатишга бел боғлаган экан, буни фақат олқишлаш мумкинлигини таъкидлади.

“Кузатувчилар қанча кўп бўлса, фикрлар ҳам кўп бўлади. Турлича қарашлар жараённи холис баҳолаш имконини беради ва буни фақат олқишлаш керак”, - дейди В.Жарихин.
XS
SM
MD
LG