Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:14

“Бирлашган фронт”га иш қолмади


Қирғизистондаги йирик мухолифат ҳаракатларидан бири бўлган “Бирлашган мухолифат фронти” ўз фаолиятини тўхтатди. Бу тўғрида ҳаракат раҳбари, Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Феликс Қулов маълум қилди.

Ф.Қуловнинг айтишича, ҳаракатнинг асосий мақсади Қирғизистонда конституциявий ислоҳотни тезлатиш бўлган. Президент Қурманбек Бақиевнинг 21 октябрда конституциявий ислоҳот юзасидан умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармони билан бу мақсадга эришилган.

Ф.Қулов Қ.Бақиев конституциявий ислоҳотларни ўз ихтиёри билан амалга оширмаётгани, балки Конcтитуциявий суд мухолифат талаби билан амалдаги Асосий қонунни бекор қилгач, шундай сиёсий қадам ташлашга мажбур бўлганини таъкидлади.

“Президент эртами-кечми мухолифат босимига дош бера олмай, конституциявий ислоҳот ўтказар эди. Қ.Бақиев ислоҳот учун сиёсий жиҳатдан жуда тўғри вақтни танлади. Чунки мухолифат куз ойларида ўтган йиллардагига қараганда кучлироқ норозилик намойишлари ўтказишни режалаштирган эди. Президентнинг бу мажбурий қадами мураккаблашиши кутилаётган сиёсий вазиятни бироз юмшатди”, - деди Феликс Қулов.

У ўзи раҳбарлик қилган “Бирлашган мухолифат фронти” шу билан мақсадига етгани ва шунинг учун ҳам тарқатилиб юборилишини маълум қилди.

“Президент ислоҳот йўлига мажбурий қадам ташлаган бўлса-да, унинг жасоратига тан бермоқ керак. Президент янги конституция лойиҳасида ўз манфаатларини имкон борича сақлаб қолишга уринган. Шунга қарамай, унинг ислоҳотга йўл очгани таҳсинга лойиқ. Биз вазият мажбур қилса ҳам ислоҳотлардан бош тортаётган бошқа раҳбарларни кўриб турибмиз”, - деди Феликс Қулов.

Бошқа мухолифат ҳаракатлари эса Қирғизистон президентининг бир ой ичида конституциявий ислоҳот ўтказиш ғоясини кескин танқид қилмоқда.

Улар фикрича, конституциявий ислоҳот ўтказиш бўйича эълон қилинган референдум мухолифат ва амалдаги ҳукумат ўртасидаги зиддиятни янада кучайтиради.

“Ҳеч қандай қонун лойиҳаси бир ойлик муддат ичида қабул қилинмаган, бу мумкин ҳам эмас. Халққа хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам шу конституция учун овоз берсан, деб таклиф қилиняпти. Албатта, президент конституцияси қабул қилинади. Бироқ бу ҳолат сиёсий вазиятни мураккаблаштиради”, -деди “Қирғизистонни сақлаб қолиш” ҳаракати раҳбари Муқар Чолпонбоев.

Мухолифатнинг таъкидича, Қ.Бақиев томонидан референдумга олиб чиқилган янги конституция лойиҳасида президент ваколатлари жуда кучайтирилган. Бу эса мамлакатда диктаторлик ёки авторитар тузум учун асос яратади.

Ҳукумат вакиллари умумхалқ референдумига қўйилган янги конституция лойиҳаси аввалгиларига қараганда анча прогрессив эканини айтмоқда. Масалан, парламент сиёсий партиялар вакилларидан ташкил топади. Парламентда кўпчилик ўринга эга бўлган партия бош вазирни тайинлайди. Бундан ташқари, янги конституцияда икки фуқаролик тушунчаси ҳам сақланиб қолинган.

Қирғизистон адлия вазири Марат Қайипов янги конституцияда сиёсий мухолифат учун катта имкониятлар сақлаб қолинганини ҳам таъкидлади.

“Мухолифат конституцияни асоссиз танқид қилмоқда. Уларнинг асосий мақсади ҳокимиятни эгаллаш, бугунги ҳокимиятни лаёқатсиз қилиб кўрсатиш ва шу орқали сиёсий обрў олишдир. Янги конституцияга кўра, парламент тўлалигича сиёсий партиялар вакилларидан иборат бўлади. Бу эса мухолифат салоҳиятини оширади”, – деди Марат Қайипов.
XS
SM
MD
LG