Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:40

Асосий масалалар икки томонлама учрашувларда ҳал бўлади


5-6 октябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида МДҲ саммити бўлиб ўтади. Аммо асосий масалалар саммит доирасида ўтказиладиган икки томонлама музокараларда муҳокама этилиши кутилмоқда.

Миграция сиёсатидан тортиб, террорчиликка қарши кураш, ҳарбий ҳамкорлик масалалари МДҲнинг шу ҳафта Душанбе шаҳрида ўтадиган саммити кун тартибидан ўрин олган асосий масалалардир. Шунингдек, саммит кун тартибига киритилган 20дан ортиқ масала қатори МДҲни ислоҳ қилиш борасида ташланган таклифлар ҳам кўриб чиқилади.

Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ҳафта маълум қилган эди.
Аммо таҳлилчилар саммит давомида аҳамиятли қарорлар қабул қилинади, деган фикрдан йироқ.

Уларнинг таъкидлашича, МДҲ ташкил этилганидан 15 йил ўтиб ҳам на бир сиёсий бирлашма, на бир самарали халқаро ташкилотга айлана олган.

Шу боис, кузатувчилар долзарб масалалар давлат раҳбарларининг саммит доирасида ўтказиладиган икки томонлама музокараларида муҳокама этилишини кутмоқда.

“Менимча, асосий воқеалар икки томонлама учрашувларда бўлади. Бу МДҲнинг умумий функцияси аллақачон ўзгаргани билан боғлиқ. Яъни бу ташкилот қарор қабул қилувчи функциясини йўқотиб, музокаралар ўтказиш майдонига айланган, холос”, - дейди россиялик журналист, “Россия ва жаҳон сиёсати” журнали бош муҳаррири Фёдор Лукьянов.

Таҳлилчилар Россия президенти Владимир Путиннинг туркманистонлик ҳамкасби Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан бўладиган учрашувига алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Айнан шу учрашувда, уларнинг айтишича, туркман газини ташиш масаласи муҳокама этилади.

Россия Совет Иттифоқи қулагандан бери туркман газининг четга экспортини назорат этиб келади. Чунки асосий қувур Россия орқали ўтади. Шу йилнинг май ойида В.Путин, Қ.Бердимуҳаммедов ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Туркманистондан Қозоғистон ва Россия орқали Европага чиқувчи қувурни ётқизиш бўйича келишувга эришган эди. Аммо АҚШ Ашхобод раҳбариятини туркман газини Каспий денгизи остидан Россияни четлаб ўтиб, Европага элтувчи қувур лойиҳасида қатнашишга ундамоқда. Қ.Бердимуҳаммедов бу лойиҳага ҳам қизиқиш билдирган.

Фёдор Лукьянов фикрича, Туркманистоннинг АҚШ қўллаб-қувватлаётган лойиҳада қатнашиши Россиянинг Марказий Осиё минтақаси энергия захиралари устидан ҳукмронлигини сусайтириши тайин.

Қ.Бердимуҳаммедов сентябрь ойида АҚШга сафар қилди. Октябрда у Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашади. Унгача эса Россия президенти май ойида келишилган ғоя юзасидан Туркманистон раҳбари тасдиғини олиш пайида. Чунки унинг мақсади Туркманистонни Москва таъсир доирасида ушлаб қолиш.

“Аммо Туркманистон раҳбари ҳам анойи эмас, афтидан, - дейди Ф.Лукьянов. – Яъни у ҳозир мамлакати Путин чўнтагида эмаслигини намоён этмоқда. Яқиндагина АҚШдан қайтган Қ.Бердимуҳаммедов октябрда Брюсселга боради. Бир сўз билан айтганда, Туркманистон атрофидаги катта ўйин ҳали давом этади”.

Тожикистон пойтахтида ўтадиган саммитда МДҲнинг янги ижрочи котибини сайлаш масаласи ҳам кўрилади. Июнь ойида Москва бу лавозимга Россия Марказий сайлов комиссияси собиқ раиси Александр Вешняков номзодини илгари суриб чиққан эди. Аммо бу номзод Беларус эътирозига учраганидан сўнг масала кейинги саммитга қолдирилганди. Ваколати 14 июнь куни тугаб бўлган Владимир Рушайло ҳали ҳам МДҲга раҳбарлик қилмоқда.

МДҲ ижрочи котиблигига номзод борасидаги Беларус эътирози ва ёки Туркманистоннинг газ экспорти сиёсати борасида Россия дуч келаётган муаммолар МДҲ ичида Москванинг таъсирини синдириш тенденцияси ўлароқ кўрилмоқда.

Грузия НАТО ҳамда Европа Иттифоқига қўшилишни ўз сиёсатининг асоси қилиб белгилаган. Озарбойжон АҚШ ва Европа билан яқин ҳамкорлик қилиш илинжида. Украинанинг ғарбпараст раҳбари Виктор Юшченко эса МДҲ саммитида умуман қатнашмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG