Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:51

Барқарорлик муҳим, демократия ва жамият очиқлиги ундан-да муҳимроқ


Европа парламентининг янги ҳисоботчиси Жем Ўздемирнинг Марказий Осиё давлатлари бўйлаб режалаштирилган ташрифи Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан бошланди.

Европарламент Марказий Осиё давлатларининг мавжуд иқтисодий, сиёсий ва бошқа вазиятлари бир-биридан фарқ қилишини ҳисобга олиб, минтақадаги ҳар бир давлат билан ҳамкорликда алоҳида стратегияни қўллаш ниятида. Жем Ўздемирнинг ташрифидан мақсад минтақадаги вазият билан яқиндан танишиш ва бу ердаги ҳар бир давлат бўйича Европарламентга аниқ ҳисобот тақдим этишдан иборат.

Олмаотада журналистлар билан учрашган Жем Ўздемир Европа Иттифоқининг Қозоғистон билан ҳамкорлиги фақат энергетика соҳада эмаслигини таъкидлади.

У Қозоғистоннинг 2009 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш режасини қўллаб-қувватлашини билдирар экан: “Бу мамлакатда демократик тамойилларга ўтиш суръатининг тезлашиши, фуқаролик жамияти мустаҳкамланиши, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари каби мавжуд муаммолар ечими ижобий бўлишига кўмак берган бўлар эди”, - деди.

Аксар журналистларни Европарламентнинг 23 декабрда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловига муносабати қизиқтирди. Жем Ўздемир Европа парламенти бу сайловга ўз кузатувчиларини юбориш-юбормаслик борасида ҳали бирор қарорга келмаганини маълум қилди.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, жамият очиқлиги, хоҳ иқтисодиёт, хоҳ фуқаролик жамияти, мухолифат ёки ОАВ эркинлиги бўлсин, жиддий муаммоларга эга. Шу боис, масалага фақатгина Ислом Каримовнинг учинчи муддатга номзоди қўйилишига қараганда ҳам кенгроқ қараш керак. Биз учун Ўзбекистондаги барқарорлик муҳим, бироқ демократия ва жамият очиқлиги каби масалалар ундан-да муҳимроқ”, - деди у.

Жем Ўздемир Қозоғистондан сўнг Қирғизистонга боради. У Марказий Осиё давлатлари бўйича Европарламентга тақдим этадиган ҳисоботи бир-икки ой ичида тайёр бўлишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG