Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:10

Қозоғистонда мажбурий обуна урф бўлди


Қозоғистонда мажбурий обуна оммавий тус олмоқда. Мамлакатнинг кўпгина вилоятларида бюджет ташкилотлари ходимлари ишдан бўшатилиш таҳдиди остида маошининг катта қисмини обунага сарфлашга мажбур бўлаётир.

Мажбурий обунага қарши кураш дастури раҳбари, Шимолий Қозоғистон ҳуқуқий медиа маркази бошлиғи Диана Акремованинг айтишича, бюджет ташкилотлари ходимлари бир неча нашрга обуна бўлишга мажбурланмоқда.

“Масалан, қишлоқ ўқитувчисининг ойлиги 20 минг танга бўлса, шундан тахминан 5 мингини обуна сарфлаяпти. Бу ўта адолатсизлик ва ҳуқуқбузарликдир. Одамлар ишдан бўшатилиш хавфи остида бу ҳақда очиқ гапиришдан қўрқяпти. Аммо биз фуқаролар фаоллиги уйғонишига умид қиляпмиз”, - деди Диана Акремова.

Мамлакатда мавжуд 3 минг нашрдан атиги ўнга яқини мухолифат ёки мустақил газетадир. Мажбурий обуна эса давлатга қарашли нашрларга тааллуқли.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина баъзи нуфузли нашрларнинг тарқатилишига тўсиқлар бўлаётгани, бу эса Қозоғистонда ахборот ҳудуди назорат қилиниб, сўз эркинлиги бўғилаётганидан дарак эканини билдирди.

“Мажбурий обуна давлатга қарашли нашрларнинг ўзини ҳам деградацияга туширади. Агар бу ҳолат давом этаверса, Қозоғистонда ҳам туркман ва ўзбек матбуотига ўхшаб амалдаги ҳукуматга ҳамду сано ўқийдиган нашрлар кўпаяди”, - деди Розлана Таукина.

Мустақил журналист Сергей Дуванов айни пайтда маъмурий ресурслар ёрдамига суяниб қолаётган нашрлар кейинчалик рақобатга бардош бера олмайдиган даражага тушиши ва шу билан куни битишини таъкидлади.

Унинг айтишича, ҳозирги даврда муаммо журналистларнинг профессионаллигида эмас, балки профессионал журналистлар ниманидир ёзишга мажбур қилинаётганида.
XS
SM
MD
LG