Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:26

Каримов Назарбоев билан Тошкентда нимани гаплашди?


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Теҳрондан қайтаётиб Тошкент аэропортида Ўзбекистон раҳбари билан учрашгани юзасидан қозоғистонлик сиёсатшунослар турли фикрлар билдирмоқда.

Н.Назарбоев Теҳрондан Каспийбўйи давлатлари раҳбарлари саммитидан қайтаётиб Тошкентда тўхтаб ўтди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Тошкент аэропортидаги учрашувда президентлар икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганини билдирди. Қозоғистон раҳбари матбут хизмати эса бу норасмий учрашув мавзуси ҳақида маълумот тарқатишга шошилмаётир.

Қозоғистонлик маҳаллий сиёсатшунослар эса Н.Назарбоев ва И.Каримовнинг учрашувида муҳокама этилган мавзулар расмий тарзда эълон қилинмагани боис, бу борада фақат тахминлар қилиш мумкинлигини таъкидламоқда.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаев Н.Назарбоев Теҳрон саммити натижалари юзасидан И.Каримов билан ўртоқлашиш мақсадида Тошкентга тўхтаб ўтган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

“Гарчи кўпчилик мамлакатлар Қозоғистонни Марказий Осиёда лидер давлат сифатида эътироф этса-да, Н.Нзарбоев минтақа тақдирини ҳал этадиган масалаларни Ўзбекистон раҳбари позициясини билмай туриб ҳал эта олмайди. Чунки Ўзбекистон минтақа марказида жойлашган, у кўп йиллар давомида лидерлик вазифасини бажариб келган. Теҳрон саммитида ҳал этилган масалалар ҳам бутун Марказий Осиё давлатлари тақдирига таъсир этиши мумкин ва бу ўринда Ўзбекистоннинг мавқеи муҳимдир”, - деди Э.Полетаев.

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг Каспийбўйи давлатларининг тинчлик мақсадидаги атом энергияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаётгани, Россиянинг Европага нефть ва газ етказилишини назорат қилишга уринишлари ҳисобга олинса, Ўзбекистон Каспийбўйи давлати бўлмаса-да, бу борада, албатта, ҳал қилувчи ҳамкорлардан ҳисобланади.

Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар давлат институти ходими Бўлат Авелбоев эса Тошкент учрашувида Теҳрон саммитида кўрилган масалалар юзасидан фикр алмашилгани тўғрисидаги фикрларга қўшилмади.

“Теҳронда фақат ушбу ҳудудга алоқадор бўлган специфик масалалар ҳал этилди. Бунга МДҲ, жумладан, Ўзбекистоннинг алоқаси йўқ. И.Каримов ва Н.Назарбоев МДҲ ҳудудида сув ва транспорт коммуникацияси каби мавзуларда, яъни чиндан ҳам икки давлат ҳамкорлигига алоқадор ички мавзуларда суҳбат қурган, деб ўйлаш тўғрироқ бўлади”, - деди Б.Авелбоев.
XS
SM
MD
LG