Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:46

Хоразмда пахта сиёсати советларникидан ҳам қаттиқ


Хоразмда маҳаллий ҳокимият пахта йиғим-терими мавсумида халқни далага ҳайдаш кампаниясини қаттиқ тартибда давом эттирмоқда. Шу кунларда ёшу қари, ўқувчию талаба далага ҳайдалган.

Сентябрь ойининг учинчи ўн кунлигида ўқишлар тўхтатилиб, ёппасига пахтага жўнатилган олий ўқув юртлари талабалари ва коллеж ўқувчилари белгиланган кунлик нормани бажариш учун тонгдан шомгача қора меҳнат қилмоқда. Кундалик норма эса 60-70 килодан иборат. Шунча пахта тера олмаган талаба ёки ўқувчи назоратчи раҳбардан боплаб танбеҳ ва ҳақорат эшитади, ҳатто калтак ҳам ейди.

“Талаба ва ўқувчилар қанча кўп пахта термасин, бунинг учун ҳақ ололмайди. Чунки терим ҳақидан овқат пули ва бошқа харажатлар ушлаб қолинади. Оз пахта терганлар қарздор бўлиб қолиб, мавсум тугагач, ўз чўнтагидан пул тўлашига тўғри келади”, - дейди Урганч давлат университети талабаси Маримбой.

Унинг айтишича, пулдор талабаларда ишни осонлаштириш имконияти мавжуд. Улар пахта ўлчовчилардан нормадаги пахтани сотиб олиб, бемалол бир кун дам олиши мумкин. Қанча кўп тўланса, шунча кўп дам олинади.

Ҳар йили терим мавсумида ётоққа олиб чиқилган талабалар ва ўқувчилар ўртасида ҳар хил касалликлар тарқалиши кузатилмоқда.

Гурлан тумани шифохонаси врачи Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, бунга ётоқ жойларда гигиеник шароит ёмонлиги, тоза сув танқислиги, овқат сифати ва колорияси пастлиги сабаб бўляпти. Кимларгадир илгари кузатилмаган яра-чақалар тошиб кетади, кимлардир тери-таносил касалликларига чалинади, яна кимлардир гриппнинг турли хил турларидан азоб чекади.

“Лекин шифохоналар терим мавсумида ҳеч бир талаба ёки ўқувчини даволаш учун қабул қилмайди. Улар ҳар хил баҳоналар билан қайтариб юборилади. Шифохона раҳбарларига юқоридан шундай топшириқ берилган”, - дейди врач.

Талабалар пахта тераëтган Гурлан ва Янгибозор туманлари оқсоқоллари аҳолига итларни ҳовлида эмас, уйда сақлашни маслаҳат бермоқда. Оч-наҳор талабалар яқин-атрофдаги итларни ушлаб сўйиб еяëтгани аҳолини шундай йўл тутишга мажбур қилаётир.

Шундай бўлса ҳам вилоят ҳокимлигида яқинда бўлиб ўтган йиғилишда ўқувчи ва талабалар, ишчи-хизматчи ходимлар пахта теримига кам жалб қилинаётгани таъкидланиб, бунга масъул амалдорлар қаттиқ танбеҳ эшитган. Вилоят ҳокими уларни ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилгандан сўнг теримга жалб қилиш ишлари янада кучайтирилди.

Ёшларнинг кўпчилиги яқин хориж мамлакатларига мардикорликка кетгани сабабли пахтага жалб қилинувчилар сони анча камайгани сезилади. Мардикор ёшлар ишга баҳорда кетиб, тахминан ноябрь ойида ёппасига қайта бошлайди.

Вилоят маркази умумтаълим мактабларида ўқиш қисман давом этмоқда. Аммо уларда ўқитувчилар навбатма-навбат ҳар бири ҳафтасига 2-3 кундан пахтага қатнайди. Мактабда қолган ҳамкасблари улар йўқлигида бир синфни бошқасига қўшиб дарс ўтмоқда.

Қишлоқ мактабларида эса юқори синф ўқувчилари ўқишдан қолиб, ота-оналари билан биргаликда фермерларга тегишли далаларда пахта термоқда ва килограммига 50-60 сўмдан ҳақ олмоқда.

Давлат корхона ва ташкилотлари ишчи-хизматчилари ҳам кунда пахтага бориб келишга мажбур. Маҳаллалардаги ишсиз, кам таъминланган, якка-ёлғиз фуқаролар, моддий ёрдам сўраб ариза ёзганлар ҳам маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан тўпланиб, пахта теримига жўнатилади. Уларнинг терим ҳақлари ҳар куни кечқурун қўлига берилади.

“Пахта мавсумида илгари кузатилмаган ҳолат рўй беряпти, - дейди шовотлик Матëқуб. - Ҳозир бировнинг ўрнига пахта териш бизнеси ривожланмоқда. Масалан, бирор ўқитувчи пахтага боргиси келмаса, ишсиз одамга 2-3 минг сўм тўлайди, пулни олган бир одам 5-6 кишининг ўринга пахта теради ва кунига 5-10 минг сўм ишлаб олади. Яна терган пахтаси учун ҳақ ҳам чўнтагига тушади”.

Корхона ва ташкилотларнинг доимий кириш эшиги ёки дарвозаси берк. Эшикка “Идора ëпиқ, ҳамма пахта теримида”, деган ёзув илинган. Уларга орқадаги кўзга ташланмайдиган эшикдан кирилади. Кўплаб идораларда керакли ходимни топиш мушкул. Уларнинг айримлари пахтага кетган, баъзилари пахта йиғим-терими даврида кўзга кўринмаслик учун уйида ўтирибди. Кўпчилиги эса идорадаги хонаси эшигини ичдан беркитиб, ишини бажармоқда.
XS
SM
MD
LG