Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:25

Акмал Саидов яна алдадими?


БМТнинг Тошкентдаги идораси кўмагида ташкиллаштирилган анжуманда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

Ҳукуматга мойил муассаса раҳбарининг бу баёноти Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатишга қарор қилгандан сўнг янгради.

Аммо Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов президент Ислом Каримовнинг энг яқин одамларидан бири саналган А.Саидовнинг бу баёноти самимийликдан йироқлигини айтади.

“А.Саидовни яхши танийман. Бу одам И.Каримов юритаётган сиёсатни энг юқори шаклда қўллаб-қувватлаб, унинг сиёсатини ташқи дунё билан таништириш бўйича катта мутахассисдир. Шунингдек, А.Саидов ёлғон гапиришда И.Каримовдан қолишмайди”, - дейди Т.Ёқубов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам Францияда бошпана топган ҳамкасби Толиб Ёқубов гапини тасдиқлайди.

“Бунақа гапларни кўп эшитганман. Омбудсман идораси ҳам, Инсон ҳуқуқлари маркази ҳам бу ҳақда кўп айтади. Лекин амалда ҳеч иш қилинмайди”, - дейди Суръат Икромов.

ЕИнинг санкцияларни юмшатиш қарори айнан Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида ижобий қадамлар қўйсин, деган илинжда қабул қилинди.

Ҳукуматни танқид этувчи шеърлари билан танилган ўзбекистонлик шоир Юсуф Жума сўнгги кунларда ўзи ва оиласига тазйиқларнинг кучайишини ЕИнинг расмий Тошкентга қарши санкцияларни юмшатиши оқибати ҳисоблайди.

“Санкциялар юмшатилгандан кейин И.Каримов илҳомланиб кетди. Андижон қирғини устида И.Каримов турганини бутун дунё билади. Лекин жазолаш ўрнига дунё ҳамжамияти уни эркалаяпти. Энди И.Каримов биляптики, менга ўхшаган қолган-қутганлари йўқотиб, зулмни кучайтирса ҳам санкциялар юмшаб бораверади. Мана оқибатида бизга қарши жиноят иши очилган, яна ўзим ва ўғлимга нисбатан тергов бошланди”, - деди шоир.

Юсуф Жуманинг айтишича, ўзи ва ўғли Алишер устидан пахта тозалаш заводига ифлос пахта топширди, дея жиноят иши очилган.

Аммо шоир ҳукуматни танқид қилгани учун шундай қилинаётганига ишонади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ЕИнинг сакнцияларни юмшатиш қарорини ғазаб ва хавотир билан қарши олди. “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти бу қарорни “иккиюзламачилик”, деб атади.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Вероника Санта Голдстоннинг таъкидлашича, ЕИ санкцияларни юмшатиб, ўзининг энг муҳим босим воситасини йўқотган.

“Босим воситасини йўқотиб, инсон ҳуқуқлари борасида яхши натижаларни кутиш мантиқсизликдир. Менимча, шу воситани қўлда ушлаб турган ҳолда бир нима кутиш тўғрироқ бўлар эди”, - дейди Санта Голдстон.

ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Люксембургдаги мажлиси олдидан ЕИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Вальднер Ўзбекистон расмийларига виза тақиқи мамлакатда мамлакатда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши билан боғлиқ янги ҳолатлар пайдо бўлмаслиги шарти билан 6 ой муддатга бекор қилинишини айтганди.

“Бу қарор бизни қаерга етаклашини вақт кўрсатади. Лекин, фикримча, биз жуда бўлмаганда ҳаракат қилиб кўришимиз керак. Бу давлат аҳолиси сони бўйича минтақада биринчи ўринда туради ва у бизнинг Марказий Осиё стратегиямиз доирасига киритилган. Менимча, Ўзбекистонни шунчаки аҳамиятсиз қолдира олмаймиз. Биз бу давлат расмийлари билан муносабат ўрнатиб, инсон ҳуқуқлари вазиятини қадам-бақадам яхшилаш учун ишлашимиз керак”, - деганди Ферреро-Вальднер хоним.

ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел эса бу қарор Ўзбекистон билан мулоқотни давом эттиришга имкон беришини айтганди.

Аммо ҲРУ вакиласи Вероника Санта Голдсон фикрича, мулоқот инсон ҳуқуқлари соҳасида ўсишни англатмайди. Мулоқот шу ўсишга эришиш йўлидаги бир восита, холос."

“Мулоқот бу мулоқот. Бу ўсиш эмас. Сиёсий маҳбуслар қамоқдан озод этилса, БМТ инспекторининг қийноқлар борасидаги тавсиялари бажарилса, Халқаро қизил хоч ташкилотига ўзбек қамоқхоналарини инспекция қилиш учун рухсат берилса, мамлакатдан қувғин қилинган ҳуқуқ ҳимоячиларига фаолият юритиш учун йўл очилса, мана шу ўсиш бўлади”, - дейди Санта Голдстон.
XS
SM
MD
LG