Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:21

Сайфиддин Жўраевнинг янги “кашфиёти”


Ўзбекистон МСК раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов округ сайлов комиссиялари матбуот котиблари учун ўтказилган семинарда мамлакатдаги сайловлар тенглик ва демократия борасида дунëга ўрнак бўлишини билдирди.

МСК раҳбари шундай баландпарвоз гапларни айтаётган бир пайтда “Минтақавий сиёсат” жамғармаси раиси Сайфиддин Жўраев “ғарбона сайлов усуллари ўзбек халқи учун ёт” эканини таъкидлади.

Ўзбекистон телевидениесининг “Сайлов – демократия кўзгуси” кўрсатувидаги чиқишида С.Жўраев: “Демократия ўта даражада ривожланган давлатларнинг сайлов услублари ва технологияси бизнинг жамиятимиз учун ëт”,- деди.

Ўзбекистонлик яна бир сиëсатшунос Комрон Алиев эса “Озодлик” билан суҳбатда С.Жўраевнинг гапларини жиддий қабул қилиб бўлмаслигини айтади.

“Сайфиддин Жўраев 1996 йилда “Ўзбекистоннинг ўз демократияси бор ва демократия жамоа бошқарувига асосланган”, деб кашфиëт қилган эди. Ғарб демократияси тамалларини тушунмаган, инсон ҳуқуқлари масаласига беписанд қарайдиган кишининг гапини жиддий қабул қилиб бўлмайди”,- дейди К.Алиев.

Ўзбекистон телевидениеси намойиш қилган кўрсатувда мамлакатдаги президент сайлови сиëсий плюрализм тантанаси экани таъкидланди.

К.Алиев эса Ўзбекистондаги сайлов номини олган маъраканинг демократияга сира алоқаси йўқлигини билдирди.

“Демократия эркин сайлов, эркин матбуот, мустақил судлов демакдир. Бу унсурларнинг бирортаси ҳам Ўзбекистонда мавжуд эмас. Хуллас, бу охири нима билан тугаши маълум сийқа фильмдан бошқа нарса эмас”,- деди К.Алиев.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, мамлакат президентлигига номзоди кўрсатилганлар рўйхатга олинган сайловчиларнинг беш фоизи, яъни саккиз юз минг кишининг имзосини тўплаши керак.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилшоджон Пўлатов сўзларига кўра, айни пайтда номзодлар учун имзо тўплаш мажбурий тарзда амалга оширилаëтир. Маҳалла раҳбарияти фуқароларнинг паспортларини мажбуран йиғиб, бу одамлар гўёки номзодларни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги рўйхатларни тузмоқда.
XS
SM
MD
LG