Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:26

Тожикистонда силга чалинганлар сони кўпайиб бормоқда


Тожикистонда сил касаллиги билан оғриган кишилар сони ортмоқда. Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан буён мамлакатда силга чалинган 4552 бемор қайд этилган.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нусратулло Файзуллоев мамлакатда сил касаллигининг авж олишига, биринчидан, ижтимоий ва иқтисодий омиллар, иккинчидан, одамларнинг тиббий саводсизлиги сабаб эканини билдирди.

“Силга қарши кураш борасида вазирлигимиз бир қанча лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, ҲОУП ва Глобал жамғарманинг махсус лойиҳаси бўйича бу ишга тахминан 20 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган. Шунга қарамай, силга чалинганлар сони ўтган йилгига нисбатан 7,1 фоиз ошган. Силдан даволаниш мажбурий бўлмагани сабабли аксарият беморлар ўз вақтида шифокорларга мурожаат этмайди ва бошқаларнинг ҳам касалланишига сабаб бўлади”,- деди Н.Файзуллоев.

У мамлакатда силга қарши курашиш мақсадида амалга оширилаётган ДОТС дастури натижаларини ижобий баҳолади.

Рудакий тумани сил касалликлари маркази мутахассиси Орифжон Маҳмадов сўзларига кўра, ДОТС лойиҳаси бўйича беморлар қисқа муддат даволанади, шу боис, уларнинг бир қисми бутунлай соғайиб кетмайди. Шундан сўнг кўпгина беморлар шифокорларнинг доимий назоратидан чиқиб кетади ва касаллик қайталаб, бошқаларга ҳам юқади.

Тожикистондаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида ишлайдиган Саидмаҳмад Қурбонов касалликни маҳбуслардан юқтирган. У маҳбуслар ўртасида ҳам касаллик жуда авж олгани, уларни даволашга етарли эътибор қаратилмаётганини таъкидлади.

Айрим маълумотларга кўра, Россияда оғир шароитларда меҳнат қилаётган Тожикистон ёшлари ҳам юртига силга чалиниб қайтмоқда. Бу ҳам аҳоли ўртасида касалланиш кўпайишига сабаб бўлаётир.

Жорий йилнинг 22 октябрида Берлинда “Ҳамма силга қарши” мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди. Унда Европа ва Марказий Осиёдан 49 давлатнинг Соғлиқни сақлаш, Адлия ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари қатнашиб, касалликка қарши кураш борасидаги ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Ҳисоботлар натижалари ўлароқ, Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда сил тарқалишига оид вазият ўта оғир, дея баҳоланган.
XS
SM
MD
LG