Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:25

Чегаралардаги миналар таҳдиди ҳали ҳам жуда кучли


Расмий маълумотларга кўра, тожик-ўзбек ва тожик-афғон чегара ҳудудларига кўмилган миналардан 1992 йилдан шу кунга қадар тожикистонлик 320 фуқаро ҳалок бўлган, 380 киши ногирон бўлиб қолган.

Тожикистон миналардан тозалаш маркази бошлиғи Жонмуҳаммад Ражабовнинг сўзларига кўра, мина портлашидан жабрланганларнинг 30 фоиздан ортиғини ўсмирлар ва ёшлар ташкил этади.

“Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида яна 9 киши минадан зарар кўргани қайд этилди. Уларнинг уч нафари 5 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар, тўрттаси ҳам улардан сал каттароқ ёшлардир”,- деди Ж.Ражабов.

Бу йил мина портлашидан жабр кўрганлар рўйхатида Меҳрали Муродовнинг ҳам исми киритилган. Тожик-ўзбек чегара ҳудудининг шимолий қисмида рўй берган мина портлаши Меҳралини икки кўзи, бир қўл ва бир оёғидан маҳрум этди.

Меҳрали эндигина 20 ёшга кирган. Ўнг қўли ва ўнг оёғи портлаш натижасида 5-6 жойидан синиб кетган, икки кўзининг қорачиғини кулранг парда қоплаган, юз териси эса портлаш туфайли куйиб, тиришиб қолган.

“Оёғим остида портлаган мина ҳаётимни остин-устун қилиб ташлади. Икки кўзим кўр, қулоқларим ҳам унча яхши эшитмайди. Гўё қоронғу ва чуқур қудуққа тушиб қолгандек сезаман ўзимни…”.

Меҳрали барча дардларини тўкиб солгиси келди. Аммо суҳбатини давом эттира олмади.

Меҳрали сингари ҳаёти барбод бўлган ёшларни Тожикистоннинг деярли барча туманларида учратиш мумкин.

“Чегараларда кўмилган миналар, асосан, террорчилар ва тожик қуролли мухолифатига қарши қаратилган, аммо шу кунга қадар биз ўзбек ёки тожик миллатининг душмани бу минадан ўлгани ҳақида эшитмадик. Аммо Ўзбекистон чегарачилари кўмган миналардан кўпроқ тожикистонлик фуқаролар зарар кўраётгани мамлакатдаги тожиклар ва ўзбеклар ўртасида баъзи келишмовчиликларга сабаб бўлаётир”,- дейди тожикистонлик ёшлардан бири Акбаржон.

Яқинда Ўзбекистон Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаб, ўз чегара ҳудудларини миналардан тозалашга киришганини билдирди. Тожикистонда эса бу иш 2003 йилда бошланган ва бу лойиҳаларни, асосан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТ молиялаштиряпти.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида Тожикистон 600 минг квадрат метр майдонни мина ва бошқа портловчи моддалардан тозалаб, 1500 мина ва 1300 та портламай қолган снарядни зарарсизлантирган.
XS
SM
MD
LG