Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:47

Покистонда мухолифатчилар ҳибсга олинмоқда


Покистон расмийлари президент Парвез Мушарраф эълон қилган фавқулодда ҳолатга қарши норозиликнинг олдини олиш мақсадида кўплаб мухолифат етакчилари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳисбга олди.

П.Мушарраф шанба куни фавқулодда ҳолат жорий қилганидан бери ҳисбга олинганлар орасида собиқ бош вазир Навоз Шариф етакчилигидаги партия раҳбарларидан бири, раис ўринбосари Жавод Ҳошимий ҳам бор.

Мухолифат етакчиларидан бири, таниқли крикет ўйинчиси Имрон Хон ва Покистон инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Асма Жаҳонгир эса уй қамоғига олинган.

Шунингдек, ҳибсга олинганлар орасида мухолифатда юқори мавқега эга адвокатлар борлиги ҳам хабар қилинмоқда.

Шанба куни кечқурун Парвез Мушарраф телевидениедаги чиқишида мамлакатнинг “демократик йўлдан кетишини сақлаб қолиш” мақсадида фавқулодда ҳолат жорий этишини эълон қилганди.

“Мен шахсан, тўла ишонч билан ва қўлимда бор барча фактларга таяниб, ушбу дамда чора кўрмасликни Покистонга суиқасд ҳисоблайман ва Покистоннинг ўз жонига қасд қилишига йўл қўя олмайман”,- деди П.Мушарраф.

1999 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг ҳокимият тепасига келган П.Мушарраф Покистондаги бўҳронга жангариларнинг зўравонликлари ва ҳукуматни фалаж аҳволга олиб келган суд тизими сабаб бўлганини таъкидлади.

У, шунингдек, Ғарбдаги иттифоқчиларини Покистондаги ва унинг атрофидаги ҳолат жуда кескин эканини ҳам тушунишга чақирди.

Сўнгги ойларда Покистонда сиёсий мунозаралар кучайгандан кучайди, айни пайтда ҳукумат қўшинлари Афғонистон билан чегарадош минтақаларда толибонпараст жангарилар ҳужумларидан катта талафотлар кўрди.

Шанба куни фавқулодда ҳолат эълон қилиниши билан Покистон Олий суди раиси Ифтихор Муҳаммад Чаудри вазифасидан озод этилди ва Олий суд биноси ҳарбийлар томонидан қуршовга олинди.

Олий суд П.Мушаррафнинг ўтган октябрдаги сайловда президентликка номзод сифатида қатнашиши қанчалик қонуний бўлгани ҳақида ҳукм чиқариши кутилаётган эди. Бу масала бўйича ҳукм эълон қилинмагани боис, Чаудри ва Олий суднинг бошқа судьялари П.Мушаррафнинг фавқулодда ҳолат жорий қилиш қарорини қонуний, деб тан олишдан бош тортди.

“Бугунги ҳаракат жуда катта фитнадир ва бу фитнадан ягона мақсад генерал Мушарраф ўзининг ноқонуний, Покистон устидан мутлақ ҳокимиятини сақлаб қолишни истаётганидир”,- деди президент қарорини тан олмаганлардан бири Икром Шайх.

Покистоннинг собиқ бош вазири Беназир Бҳутто президентнинг фавқулодда ҳолат жорий қилиш қарорига Олий суднинг унга оид ҳукмни чиқариши кутилаётгани сабаб бўлганини таъкидлади.

“Фавқулодда ҳолат жорий қилиш ортидаги асосий сабаб шуки, Олий суднинг генерал Мушаррафнинг сайловда қатнашиши борасида ҳукм чиқариши кутилаётган эди. Қабул қилинажак қарорнинг бир шахс учун номақбул бўлиши фавқулодда ҳолат жорий қилинишига сабаб бўлди”,- деди яқинда муҳожиратдан Покистонга қайтган Б.Бҳутто.

Покистон бош прокурори Малик Муҳаммад Қаюм эса Бҳуттонинг сўзларини ва президент фавқулодда ҳолат баҳонасида ҳарбий ҳолат жорий қилишни кўзлаётганига оид фикрларни инкор қилди.

1999 йилдаги тўнтаришдан сўнг ҳокимиятдан ағдарилган собиқ бош вазир Навоз Шариф эса Покистон халқи П.Мушарраф режимига қарши туриши пайти келганини айтди.

“Уларнинг оёққа туриш вақти келди. Улар ўз бурчини бажариши керак. Бу жуда муҳимдир. Агар бу имкониятни қўлдан бой берсак, бундай имконият бошқа берилмайди. Бир кишининг мамлакат тақдири билан ўйнашишига йўл қўя олмаймиз, мамлакатимиз тақдирини бир киши қўлига бериб қўя олмаймиз”,- деди Навоз Шариф.

Хабарларга кўра, Исломободдаги сиёсий кучлар тўла назоратга олинган. Пойтахт кўчалари тинч ва норозиликнинг ишоратлари йўқ.

Ҳуқуқшунослар ва мухолифат партиялари душанба куни мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини ўтказишни режалаштирмоқда.

Журналистлар ҳам хусусий телеканалларнинг икки кундан бери эфирдан мосуво қилинганига қарши норозилик тадбирларини уюштирмоқчи.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Султон Аҳмад Баҳин “Озодлик” радиосига берган интервьюсида расмий Кобул қўшни мамлакатдаги вазиятдан ташвишда эканини айтди.

“Афғонистон Покистонда фавқулодда ҳолат жорий этилганидан ташвишланмоқда ва қўшни давлатдаги вазият тез кунларда изига тушиб кетишига умид қилмоқда. Покистондаги хавфсизлик ва барқарорлик Афғонистондаги вазиятга бевосита таъсир қилади”,- деди Баҳин.

Халқаро ҳамжамият П.Мушаррафнинг ҳаракатларини қораламоқда.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс фавқулодда ҳолат жорий қилиниши “таассуфга лойиқ” эканини қайд этиб, Покистонни январь ойига белгиланган парламент сайловини кечиктирмасликка чақирди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Миллибанд Покистон эркин ва адолатли сайлов борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариши ўта муҳимлигини билдирди.

Айни пайтда Покистон ахборот вазири Ториқ Азим Хон фавқулодда ҳолат жорий қилиш ҳақидаги шанба кунги қарор туфайли 2008 йилнинг январига белгиланган сайлов кечиктирилиши мумкинлигини эълон қилди.

Собиқ бош вазир Беназир Бҳутто президентни сайловни кечиктиришга уринаётганликда айблаб, халқаро ҳамжамиятни П.Мушаррафга босим ўтказишга даъват этди.
XS
SM
MD
LG