Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:12

Намойишни куч билан бостирган Саакашвили танқидга учради


7 ноябрь куни Грузия полицияси мухолифатнинг бир ҳафтадан буён давом этаётган норозилик намойишини тарқатиш учун куч ишлатганидан сўнг мамлакатда 15 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Президент Михаил Саакашвилининг бу ҳақдаги фармонини амалга тадбиқ этиш учун 8 ноябрь куни Тбилисига армия қисмлари киритилди. Ҳукумат мустақил ахборот воситалари фаолиятини тўхтатиб қўйди, намойиш ва йиғилишлар ўтказишни тақиқлади. Тбилисидаги мактаб ва университетларда ўқиш икки кунга тўхтатилди.

Пайшанба куни пойтахтдаги дўконлар ва шаҳар транспорт тармоғи одатдагидек ишлади. Зўравонликлар содир бўлган Руставели майдони ва парламент биноси Ички ишлар вазирлигининг юзлаб ходимлари томонидан қўриқланмоқда.

Президент М.Саакашвили истеъфосини ва муддатдан олдин парламент сайлови ўтказиш талабини илгари сураётган мухолифат раҳбарлари ўз тарафдорларини ҳукумат жорий этган тартибга риоя қилишга чақирди. Мухолифатдаги Республикачилар партияси вакили Давид Усупашвили яқин кунларда намойишларни давом эттириш режалаштирилмаётгани айтди.

Мухолифатнинг айрим вакиллари 8 ноябрь куни ҳукумат расмийлари билан музокара бошлади.

“Билишимча, парламентдагиларнинг аксари мухолифат талабларига ён босиш истагида. Айрим масалалар юзасидан келиша олмаслигимиз мумкин. Аммо принципда келишувга эришамиз, деган умиддаман”, – деди мухолифат вакилларидан бири Зураб Ткемаладзе “Озодлик”ка.

Намойиш куч билан тарқатиб юборилгандан сўнг Грузия ҳукумати Россия элчихонасининг уч ходимини жосусликда айблаб, улардан мамлакатни тарк этишни сўради.

Чоршанба куни кечқурун телевидение орқали халққа қилган ярим соатлик мурожаатида Грузия президенти Михаил Саакашвили мамлакатда содир бўлган тартибсизликлар учун Россияни айблади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Грузия айбловини “ғаламаслик”, дея баҳолаб, уни рад этди.

“Биз Грузиядаги воқеалардан жиддий ташвишдамиз. Бизнингча, Грузияда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ва Россияни душман қилиб кўрсатиш йўлидаги уриниш Грузия ҳукумати мамлакат ички муаммоларини маданий йўл билан ҳал этиш қобилиятига эга эмаслигини кўрсатади”, – деди Россия ТИВ расмий вакили Михаил Каминин.

Тбилиси расмийлари хатти-ҳаракатига жавобан Грузиянинг Москвадаги элчихонаси юқори лавозимли дипломати пайшанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов эса Грузия раҳбариятининг Россияни айблаш сиёсати ортида АҚШ махсус хизматлари турганига ишора қилди.

“Грузия раҳбариятининг Россияни айблаш сиёсати бир неча йилдан бери давом этиб келяпти. Менимча, буларнинг ҳаммаси АҚШ махсус хизматлари кўрсатмаси билан қилиняпти”, – деди Россия Давлат думаси раиси.

Бироқ Грузиядаги “Келажак” мухолифат партияси вакили Георгий Майисашвили Грузияда юзага келган бўҳрон учун президент Михаил Саакашвилини айблади.

Халқаро ҳамжамият Грузияда содир бўлган зўравонликка муносабат билдиришда давом этмоқда. Хусусан, уч йил олдин амалга оширилган “атиргул инқилоби”дан кейин М.Саакашвилини қўллаб-қувватлаган АҚШ Грузия ҳукумати ва мухолифатни оғир-босиқ бўлишга чақирди.

“Агар Грузиядаги сиёсий тизимда сиёсий қарашлар ўзгача бўлса, улар сиёсий тизим доирасида тинч йўл орқали ҳал этилиши лозим. Ҳукумат ва мухолифат зўравонликка олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатдан ўзини тийиши керак. Бу Грузияда тинч сиёсий мулоқот орқали ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар ва биз шундай бўлишига умид қиламиз”, – деди АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Шон МакКормак.

Европа Иттифоқи ва НАТО ҳам Грузиядаги воқеалар юзасидан ташвиш билдирди. НАТО Грузияда фавқулодда ҳолат эълон қилингани ва мустақил ахборот воситалари фаолияти тўхтатиб қўйилгани учун Тбилиси ҳукуматини кескин танқид қилди. НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер бу Евроатлантика қадриятларига зид экани билдирилди.
XS
SM
MD
LG