Линклар

Шошилинч хабар
10 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:51

Иккита Акмал Саидов бор...


“Озодлик” радиоси Ўзбекистонда 23 декабрга белгиланган президент сайловига номзоди расман кўрсатилган шахслар портретига баъзи чизгилар билан таништиришда давом этади. Навбат Акмал Саидовга.

Акмал Саидов 1958 йили туғилган, Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тугатган, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор.

Меҳнат фаолиятини комсомол ходими сифатида бошлаган. Турли йилларда Фалсафа ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти, Тошкент давлат ҳуқуқшунослик институтини бошқарган.

1994 йилдан 1996 йилгача Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси бўлган. 1996 йилдан буён Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори. Шу кунда Акмал Саидов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари қўмитаси раиси.

Мамлакат президентлигига унинг номзоди ташаббус гуруҳи томонидан кўрсатилган.

Баъзи манбаларда айтилишича, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори лавозимида Акмал Саидов 2001 йилгача ишлаган.

Лекин марказнинг ўзини навбатчиси, деб таништирган ходими гаплари мазмунидан профессор А.Саидов ҳозир ҳам марказга раҳбар. Фақат анча (балки кўп) вақти парламентда ўтади.

Лекин уни парламентнинг топишнинг имкони бўлмади. Боз устига, унинг номзодини кўрсатган ташаббус гуруҳи вакилларини топиш ҳам имконсиз бўлди.

Хўш, Акмал Саидовни ўзбекистонлик сайловчи танийдими? Баъзиларга бу саволни беришнинг ҳожати ҳам бўлмади. Улар нафақат номзодлар, балки президент сайлови тўғрисида ҳам деярли ҳеч нарса билмайдиганлардан бўлиб чиқди.

Баъзилар эса Акмал Саидов деган одам борлигини билади.

“Акмал Саидовнинг ҳуқуқшунос сифатида бирор кишига фойдаси теккани тўғрисида ўқиган эмасман матбуотда. Билишимча, у фақат назариячи. Назарияси амалиётда қанчалик қўлланилади – бу билан иши бўлмаса керак”,- дейди уни биладиганлардан бири.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов эса А.Саидовнинг жуда юқори малакали назариячи ҳуқуқшунослигини тан олади.

“У иш хонасида менга ўзининг минг бетлик бир илмий ишини кўрсатган. АҚШ конституциясига ёзган шарҳлари эди. Лекин ўша асари босилмади. Ҳукумат рухсат бермаганини ўз оғзи билан айтган эди”,- дейди Т.Ёқубов.

Ҳуқуқшунослик соҳасида “беназир мутахассис” Акмал Саидов бир Акмал Саидовдир. Айни пайтда бошқа бир Акмал Саидов ҳам бор.

“Акмал Саидов ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича Ўзбекистондаги энг кучли мутахассислардан биридир, лекин амалда у ўзининг билимига мутлақо зид ишларни қилиб юрган одамдир. Яъни Акмал Саидовнинг турли халқаро минбарлардан туриб айтишича, дунёда иккита демократия бўлса, биттаси Ўзбекистон. Битта бўлса, ўша Ўзбекистондир”,- дейди Толиб Ёқубов.

Радио архивида Акмал Саидовнинг Андижон воқеаларидан аввал айтган: “Бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида диний эътиқоди учун 800 киши сақланмоқда. (Улар) Ўзбекистон ҳудудида амалга оширган экстремистик фаолияти учун (қамалган)”,- деган гаплари сақланмоқда.

Толиб Ёқубов бу гапларни А.Саидовнинг навбатдаги ёлғони, деб билади.

“Ташкилотмиз бу масалани яхши ўрганган. Тўртта қамоқхонани мониторинг қилиб, уларда диний эътиқоди учун қамалган 3700 одам борлигини аниқ биламиз. Умуман, Ўзбекистон бўйича эса 30 минг кишидан кам эмас ва бу рақам камаймаяпти”,- дейди Т.Ёқубов.

Акмал Саидовнинг юқорида келтирилган гапларига яна бир диққат қаратиш лозим. У аввалига “диний эътиқоди учун қамалган 800 киши”, деган гапларни айтди. Фақат шундан кейин улар “экстремистик фаолияти учун” қамоқда ўтирганини айтди.

Хўш, қайси бири тўғри? Улар диний эътиқоди учун қамалганми ёки экстремистик фаолияти?
XS
SM
MD
LG