Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:49

Қарордан кейинги бир ой


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларни юмшатиш қарори қабул қилинганидан бери бир ой ўтиб, мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти фақат ёмон томонга ўзгаргани айтилмоқда.

2004 йил 13 майдаги Андижон воқеалари ортидан жорий этилган бу санкция масаласида ЕИ ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қабул қилинган қарорга кўра, фожеага масъул кўрилган ўзбек амалдорларига белгиланган виза чеклови олти ойга бекор қилинган. ЕИ расмийлари бу қарорни Ўзбекистон билан мулоқот юритиш зарурати билан изоҳлаган, агар шундан кейин ҳам вазият ўзгаришсиз қолса, қарор қайта кўриб чиқилишини билдирганди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурьат Икромов бу қарор қабул қилингандан бери ўтган бир ой ичида мамлакатдаги аҳвол фақат ёмон томонга ўзгарганини таъкидлади.

“Ҳозиргина менга уч маҳбус қийноқ оқибатида ўлгани ҳақида маълумот келиб тушди. Мен уларни ўрганяпман”,- деди Суръат Икромов.

Ҳафта бошида С.Икромов раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб, қамоқда жазо муддатини ўтаётган маҳбус Фитрат Салоҳиддинов қийноқлар натижасида оламдан ўтганини маълум қилган эди.

Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раҳбари Надежда Отаева ҳам С.Икромов хавотирлари ўринли эканини айтади.

Н.Отаева ҳам ўзбекистонлик бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари қатори санкциялар юмшатилиши ҳеч қандай ўзгаришларга олиб келмаслигини айтиб, унинг енгиллаштирилишига қарши чиққанлардан.

“Ҳозирча Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатаётган ҳуқуқ ҳимоячиларининг башорати тўғри бўлиб чиқмоқда. Ўзбекистонда жўяли ўзгаришларни, айниқса, фуқаровий жамият билан боғлиқ ўзгаришларни ҳозирча кузатмаяпмиз. Ҳуқуқбузарликлар кўпайса кўпаймоқдаки, камаймаяпти”,- дейди Н.Отаева.

ЕИ Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатар экан, бир қанча талабларни илгари сурган. Шулардан бири Халқаро қизил хоч жамиятига ўзбек қамоқхоналарини инспекция қилишга рухсат берилиши бўлган.

Халқаро қизил хоч жамияти вакиласи Анна Нелсоннинг айтишича, ўзбек расмийлари билан бу борада музокаралар ҳали-ҳамон давом этмоқда.

“Бизнинг Ўзбекистонда қамоқхоналарни инспекция қилиш билан боғлиқ фаолиятимиз 2004 йилдан бери тўхтаган. Бу ишни қайта йўлга қўйиш учун Ўзбекистон ҳукумати билан сўзлашувлар боряпти”,- деди Анна Нелсон.

Ташкилотнинг қамоқхоналардаги вазиятни ўрганишга қилаётган ҳаракатлари 2004 йилдан буён бирор самара бергани йўқ. Афтидан, ўзбек расмийлари Халқаро қизил хоч жамияти вакилларининг қамоқхоналарда бўлишини хоҳламаяпти.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Халқаро қизил хоч ташкилотига сиёсий маҳбуслар сақланадиган қамоқхоналарни ҳам кўздан кечиришга рухсат берилишини талаб қилаётир. Н.Отаева бу борада айрим ижобий силжишлар борлигини эътироф этди.

“Ижобий ҳол шуки, сиёсий маҳбусларга ҳар уч ойда бир марта яқинлари билан учрашишга рухсат бериляпти. Кеча Мўътабар Тожибоеванинг қизи қамоқхонадаги онаси билан учрашди. Ундан аввал Санжар Умаровнинг ўғлига отаси билан учрашишга изн берилганди. Исроилжон Холдоровнинг қариндошлари ҳам учрашув берилмаётганидан шикоят қилмаяпти. Умуман бу борада ижобий силжиш бор. Афтидан, Ўзбекистон ҳукумати Халқаро қизил хоч жамияти вакили ташрифига ҳозирлик кўряпти”,- деди Н.Отаева.

Аммо Суръат Икромов бир-икки сиёсий маҳбуснинг яқинлари билан учрашувига рухсат берилгани вазият яхшиланаётганини анлатмаслигини таъкидлади.

“ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига тиз чўкиб илтижо қилиши керак эмас, балки унга босим ўтказиши зарур”,- деди С.Икромов.

ЕИ Тошкент таклифи билан Андижон воқеаларига оид мулоқотларнинг икки давраси уюштирилгани, томонлар инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама этиш учун учрашгани, бир неча сиёсий маҳбуснинг шартли равишда озод этилгани ва келаси йилдан Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинишини ижобий қадам сифатида эътироф этган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса барча сиёсий маҳбуслар озод этилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида чинакам мулоқот бошланса, айнан шуни ижобий қадам сифатида эътироф этиш лозимлигини айтмоқда. Улар назарида, бу яқин беш ой ичида рўй бериши даргумон.
XS
SM
MD
LG