Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:33

Айрим ўзбек мигрантлари Қозоғистонда ўзини юртидагидан кўра эркинроқ ҳис этади


Қозоғистон Миграция қўмитаси ҳар йили мамлакатга 2 миллионга яқин меҳнат муҳожири келаётгани, шунга қарамай, уларга бўлган талаб йил сайин ошиб бораётганини маълум қилди.

Қозоғистонга четдан келаётган меҳнат муҳожирларининг энг кўпи ўзбекистонликлар экани айтилади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки ўн ойи давомида хорижий меҳнат мигрантлари ўз юртларига 200 миллион доллардан кўпроқ маблағ жўнатган.

Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар аксарият ҳолларда иш берувчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг турли тазйиқлари, хўрланишларига дуч келаётгани ҳақидага жуда кўп хабарлар тарқатилмоқда.

Аммо Олмаота шаҳридаги мебель цехларидан бирида кўп йиллардан бери ишлаётган андижонлик усталар бу ердаги шароитлардан нолимаслиги, аксинча Қозоғистонда ўзларини эркинроқ ҳис қилаётганини билдирди.

“10 йилдан бери шу ерда мебель ясаймиз. Лекин қозоқлар бизга бирор оғиз ёмон гапиргани йўқ. Вақтида пулимизни беради, хоҳлаганда уйга бориб келамиз”,- дейди андижонлик уста.

Шунга қарамай, уста Қозоғистондаги шароит қанча яхши бўлмасин, ҳар доим ўз юртини қўмсаши, лекин тирикчилик учун ўзга юртда ишлашга мажбур бўлаётганини маълум қилди. Ўзбекистондаги аҳвол тўғрисида гап кетганда унинг кайфияти тушиб кетгани сезилди.

“Ўйлаб кўринг, бу ерда юриб, уйга қайтсам, нарх-наво осмонга ўрлаган. Айниқса, ёғ ва ун жуда қимматлаган. Ҳар бир киши ойига 300 граммдан ёғ оляпти. Ун ҳам киши бошига ойига 1,5-2 килограммдан навбат билан бериляпти”,- деди андижонлик уста.

У бу аҳвол хорижда яшаётган ўзбекистонликларни жуда ўйлантириб қўйганини маълум қилди ва балки бирдамлик йўқ халқ шунга лойиқмикин, деган фикр билдирди.

“Масалан, Андижонда қанда воқеалар юз берди. Унинг атрофидаги Фарғона, Наманган, Марғилондан ҳеч ким чиқмади. Андижонни босиб ташлашди. Ўша пайтда бутун Ўзбекистон қўшилганда балки ҳаммаси яхши бўлиб кетармиди? Халқимиз нега яхши нарсалар учун курашмаётганини тушунмайман. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариши керак”,- деди андижонлик мардикор.
XS
SM
MD
LG