Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:10

Йўқолган дисклар можароси


Буюк Британия солиқ идорасида миллионлаб фуқаро ҳақидаги ахборотлар, жумладан, уларнинг исм-шарифи, яшаш манзиллари, туғилган йиллари ва банк ҳисоблари тўғрисидаги маълумотлар сақланган компьютер дисклари йўқолиб қолди.

Ҳукумат идорасида юз берган ушбу мисли кўрилмаган воқеа мамлакатда катта жанжалга сабаб бўлди.

Буюк Британия молия вазири Алистер Дарлинг ички почта орқали ҳукуматнинг бошқа идорасига жўнатилган пайтда йўқолгани айтилаётган компьютер дисклари юзасидан парламент аъзоларига тушунтириш берди.

“Йўқолган маълумотлар ўз болалари учун давлатдан нафақа оладиган барча фуқаролар, 25 миллион одам ва етти миллион 250 минг оила ҳақидаги тафсилотларни ўз ичига олади. Маълумотлар нафақа олувчилар, болаларининг исми-шарифи, яшаш манзиллари, туғилган йиллари, шунингдек, уларга берилган нафақа рақамлари, давлат суғуртаси рақамлари, баъзи ҳолларда уларнинг банк ҳисоб рақамлари ва бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига олган ”, – деди молия вазири.

А.Дарлингнинг таъкидлашича, ҳозирча йўқолган маълумотлардан ғаразли мақсадда фойдаланилгани аниқланмаган. Шунга қарамай, оилада 16 ёшга тўлмаган фарзанди бор фуқаролар товламачилар нишонига айланиши мумкинлигидан хавотирда.

Ахборот ва технология бўйича дунёдаги энг йирик ташкилотлардан бири бўлган “Гартнер” тадқиқот маркази вице президенти Ант Аланнинг билдиришича, йўқолган дисклар ўғрилар учун олтин кони вазифасини бажариши мумкин.

“Жиноятчилар одамларнинг исм-шарифи, яшаш манзили, туғилган йили ва банк ҳисоби ҳақидаги маълумотлардан товламачилик мақсадида фойдаланиши мумкин”, – дейди британиялик мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, банк ҳисоб рақами унинг эгаси ҳақидаги маълумотлар билан бирга каттароқ ўғирлик содир этиш имкониятини оширади. Ўғирланган маълумотлар ёрдамида қарзга нарса олиш мумкин.

“Қарзни тўлаш талаб қилинган ҳужжат келмагунча, кишилар ўзлари ҳақидаги маълумотлардан ғаразли мақсадда фойдаланилганини билмайди”, – дейди Ант Алан.

Буюк Британиядаги барча банкларга воқеа ҳақида шошилинч хабар етказилган ва улар ўз мижозларини қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилганига ишонтирмоқда. Британияликларга эса банк ҳисоб рақамларини тез-тез кузатиб туриш тавсия этилди.

Айни пайтда расмийлар йўқолган компютер дисклари топилишига умид билдирмоқда. Буюк Британия ҳукумати ҳар бир фуқаро шахсини тасдиқлаш учун бармоқ излари ва бошқа биометрик маълумотларни ўз ичига олган ахборот маркази ташкил этишни режалаштирган.

25 миллион фуқаро ҳақидаги маълумот сақланган компьютер дискларининг солиқ идорасида йўқолиб қолгани воқеаси Буюк Британия ҳукуматининг ушбу режаси ҳақидаги тортишувлар қайта кучайишига туртки бўлди.
XS
SM
MD
LG