Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:39

Ўзбекистон ЕХҲТ вакилларига виза бермаётир


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Ўзбекистондаги бўлажак сайлов кузатишга арзирлими, деган саволга жавоб топиш учун ўзининг баҳолаш ҳайъатини мамлакатга юбора олмаяпти.

Сайловга бир ой вақт қолганига қарамай, Ўзбекистон ЕХҲТ мутахассисларига ҳали ҳам мамлакатга кириш визаси бермаган.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси вакиласи Урдур Гунарсдотир ўз ташкилоти Ўзбекистон томони баҳолаш гуруҳига виза беришидан умидвор эканини айтади.

“Агар виза берилса, Ўзбекистондаги сайлов кузатишга арзийдими, деган саволга жавоб топиш учун зудликда кичикроқ гуруҳни мамлакатга юборамиз. Ўзбекистонга борадиган бу гуруҳ у ердаги сайловни кузатиш керакми, кузатиш керак бўлса, қандай кузатиш кераклиги борасида ўз хулосаларини бериши зарур”,- дейди Урдур Гунарсдотир.

Унинг сўзларига кўра, бирор давлатдаги сайловлар кузатишга арзирли, деган хулосага келиш учун кўплаб омиллар кўриб чиқилади. Энг аввало, кузатиш учун ҳақиқий рақобат бор-йўқлиги аниқланади.

Душанба куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловда президентликка номзодлар рўйхатини эълон қилди. Улар орасида мамлакатни қарийб 19 йилдан бери бошқариб келаётган ва аллақачон икки муддат президент бўлиб улгурган Ислом Каримов ҳам бор. Қолган уч номзод эса И.Каримовга рақиб сифатида кўрилмайди. Ўзбекистонда мухолифат партиялар фаолиятига изн берилмаган ва уларнинг раҳбарлари мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилинган. Ўзбекистондаги аксар фуқаролар ҳам ҳақиқий рақобат йўқлигини билади.

Шунга қарамай, ЕХҲТ бюроси ўз экспертлари гуруҳини Ўзбекистонга юбориш орқали бунга амин бўлиш ниятида.

“Буни мамлакатга бориб, ўз кўзимиз билан кўришимиз ва кузатувларимиз асосида сайловда иштирок этиш масаласида хулосага келишимиз керак. Шунинг учун Ўзбекистоннинг баҳолаш гуруҳимиз вакилларига виза беришини кутяпмиз”,- дейди Урдур Гунарсдотир.

ЕХҲТ экспертлари Ўзбекистон томони қачон виза беришини кутиб ўтирган айни пайтда расмий Тошкент ЕХҲТ кузатувидан умуман воз кечиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди.

“Voice of Freedom” нашри Ўзбекистон МСКдаги манбага асосланиб ЕХҲТ вакилларига аккредитация умуман берилмаслиги мумкинлигини хабар қилди. Аммо ЕХҲТ вакиласи Урдур Гунарсдотир эса бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Унинг айтишича, ЕХҲТ кичик гуруҳининг Ўзбекистонга бориши масаласига икки кун ичида ойдинлик киритилади.

ЕХҲТ Ўзбекистондаги 2004 йилги парламент сайловига кузатувчиларнинг чекланган гуруҳини юбориш билан кифояланганди. Ундан аввалги сайловларни эса ташкилот адолатли ва эркин сайлов учун муҳит йўқ, дея бойкот қилган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг фикрича, Ўзбекистондаги президент сайловини кузатишни рад этиш ЕХҲТ учун энг тўғри қарор бўлар эди. Чунки Ўзбекистонда сайловнинг ўзи йўқ.

“Сайловга мухолифатдан ҳам, бошқа мустақил гуруҳлардан ҳам номзодлар қатнаштирилгани йўқ. Бўлиши кутилаётган сайлов халқаро ҳамжамиятнинг кўзини бўяш учун қилинаётган ишдан бошқа нарса эмас”,- деди Т.Ёқубов.

Толиб Ёқубовнинг таъкидича, ЕХҲТ ўз вакилларининг диктаторлик режими тарафидан қабул қилинишини кутиб ўтириши нотўғри. Аслида мутлақо аксинча бўлиши керак.
XS
SM
MD
LG