Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Ашхобод МДҲ бош вазирлари саммитини қабул қиляпти


Туркманистон пойтахти Ашхободда МДҲ мамлакатлари бош вазирлари саммити иш бошлади. Бу МДҲ раҳбарларининг 1993 йилдан бери Туркманистонда ўтказилаётган биринчи учрашувидир.

Собиқ Совет Иттифоқининг 12 республикасидан иборат МДҲда фақат Туркманистон 2005 йилдан бери “шартли” аъзо мақомига эга.

Туркманистонда бош вазир лавозими йўқ. Бу вазифани ҳам мамлакат президенти бажаради. Шарҳловчилар Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов мамлакатни марҳум президент Сапармурод Ниёзов танлаган йўлдан бошқа йўналиш томон етаклаётганини айтмоқда.

Туркманистон телевидениеси мамлакат МДҲ тадбирларида фаол қатнашаётганини билдиряпти.

“Сиёсий бетарафлик йўлидан борган Туркманистон ҳозир МДҲда муҳим рол ўйнамоқда. Бундай конструктив ёндашув Туркманистон ва унинг раҳбарига катта обрў келтирди”, – деди Туркманистон телевидениеси бошловчиси.

МДҲ бош вазирларининг Ашхобод саммитида йигирмадан ортиқ масала муҳокама этилиши белгиланган. Асосий масала МДҲ мамлакатлари божхона қонунларини ўзаро мувофиқлаштириш, электр энергияси тақсимоти, МДҲ ҳудудида маҳсулотларнинг эркин ҳаракатини таъминлашдир. Бундан ташқари, бош вазирлар МДҲнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа муштарак тизимини яратиш, самолётлар парвози хавфсизлигини таъминлаш, Ҳамдўстликнинг чегара ҳудудларидаги ҳамкорлик лойиҳасини ишлаб чиқиш, айниқса, маориф соҳасидаги ҳамкорлик ва стандартлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиши айтилмоқда.

Туркманистон МДҲдаги ҳамкорларига транспорт коммуникацияси соҳаси, яъни темирйўл, автотранспорт, денгиз қатновини ўз ичига олган шимолни жануб билан, ғарбни эса шарқ билан боғлайдиган кенг қамровли лойиҳаларни таклиф қилмоқда.

Қ.Бердимуҳаммедов МДҲ давлат раҳбарларининг 2008 йилда Душанбе шаҳрида бўладиган саммитида транспорт коммуникацияси масаласи кун тартибидаги энг долзарб масала қилиб белгилангани бежиз эмаслигини таъкидлади.

Ашхобод саммитида Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари Рустам Қосимов қатнашяпти.
XS
SM
MD
LG