Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2021, Тошкент вақти: 22:51

Халқаро хабарлар

Толиблар 7 полициячининг бошини олди

Афғонистон расмийларининг айтишича, жангарилар мамлакат жанубидаги полиция назорат пунктига ҳужум қилиб, қўлга олинган полициячиларни қатл этган. Бундан ташқари, толиблар Қандаҳордаги полиция пунктига ҳам ҳужум уюштирган.

АҚШ бошчилигидаги халқаро қўшинлар эса Афғонистон марказий ҳудудларидан бирида толиблар билан тўқнашиб, улардан бир нечасини ўлдирди. Халқаро қўшинларнинг бир аскари жароҳатланди.

Кун янгиликлари

Қозоғистон президенти ерни чет элликларга сотишни тақиқловчи қонунни имзолади

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ерни хориж фуқароларига сотишни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу қонун мамлакатда бир неча йил муҳокама қилинган ва фаоллар бу қонунни қабул қилиш талаби билан кўплаб акцияларни ўтказган эди.

Қонунга асосан чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий ширкатлар, капиталида хориж улуши бўлган корхоналар, халқаро ташкилотлар ва халқаро илмий гуруҳлар Қозоғистондаги қишлоқ хўжалик ерларини сотиб олиш ёки ижарага олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

2016 йилнинг апрелида Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида ерни чет элликларга сотиш ва ижарага беришга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Намойишларда иштирок этган бир неча фаол қўлга олинган ва айримлари қамалган.

Намойишлар ортидан қозоқ ҳукумати ерни хорижликларга сотишга беш йиллик мораторий эълон қилган. Мораторий муддати жорий йилда якунланиши керак эди.

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим кучга кирди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Рамазон ҳайити муносабати билан тизилган фахрий қоровул олдидан ўтмоқда.

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим кучга кирди. Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати бу борада бир неча кун аввал келишувга эришган эди. 13 майда мамлакатнинг қатор ҳудудларида ҳайит намози ўқилди.

Президент Ашраф Ғани эса халққа қилган мурожаатида Толибонни ўқ отишни бира тўла тўхтатишни таклиф қилди.

“Биз сизларни таслим бўлишга чақирмаймиз, биз сизларни сиёсий қарор қабул қилишга чақирамиз. Уруш муаммоларни ҳал этиш йўли эмас”,-деди Ашраф Ғани.

Ғарб давлатлари воситачилигида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш музокаралари 2020 йилнинг сентябрида Қатарда бошланган эди. Бироқ бу музокаралар муваффақиятсиз бўлиб, Афғонистонда вазият кесинлашиб кетди. Жумладан, Толибон 11 май куни пойтахт Кобул яқинидаги стратегик аҳамиятга эга Нарх туманини босиб олган.

Айни пайтда Қўшма Штатлар 1 майдан бошлаб Афғонистондаги ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни бошлаган.

Блинкен Лавровга АҚШ Россия агрессиясига жавоб қайтаришини билдирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга Вашингтон Москванинг агрессиясига жавоб қайтариши тўғрисида маълум қилди. Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс Блинкен Лавров билан телефон суҳбати чоғида ба ҳақда гапирганини айтди.

Блинкен билан Лавров 12 майда телефон орқали мулоқот қилган. Бу мулоқот АҚШ ва Россия ўртасида Украина ҳамда Қрим масаласида келишмовчиликлар, шунингдек, Colonial Pipeline нефть ширкатига DarkSide номи билан танилган кибержиноятчилар тўдаси амалга оширган ҳужум туфайли муносабатлар янада кескинлашган бир пайтда бўлиб ўтди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 20 май куни Рейкявикда учрашишади. Бу икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Жо Байден ҳокимият тепасига келганидан кейинги илк учрашуви бўлади.

Исландия пойтахтида Арктика кенгашига аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари йиғилади.

АҚШ зўравонликни тўхтатиш мақсадида Исроилга ўз эмиссарини йўллайди

Тель-Авив яқинига берилган ракета зарбалари оқибатлари

Қўшма Штатлар тез орада Исроил билан Фаластин радикал гуруҳлари ўртасидаги қуролли тўқнашувларга барҳам беришга кўмаклашиш мақсадида Исроилга юқори мартабали дипломатини юборади. Мазкур тўқнашувларда сўнгги кунларда ўнлаб одам қурбон бўлган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг 12 май куни билдиришича, давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Хейди Эмр минтақадаги Исроил ҳукумати ва фаластинликлар вакиллари билан музокара олиб бориш учун минтақага жўнаб кетади.

Блинкен икки томонни вазиятни таранглаштирмасликка чақирган. Айни пайтда давлат котиби АҚШ ўзи террорчилик ташкилоти деб атаган ва Исроилга ракеталар билан ҳужум қилаётган ҲАМАС гуруҳи билан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга Исроилнинг ҳаракатлари ўртасида тафовут кўришини урғулаган.

ЕИ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррель ҳам Исроил ҳудудига Ғазо бўлгасидан ракета отилганини қоралади, шу билан бирга, тинч аҳоли қурбонлар беришининг олдини олиш мақсадида Исроилни “мумкин қадар вазмин бўлиш”га чақирди.

Исроилга, жумладан пойтахт Тель-Авив дохил мамлакатнинг марказий қисмига ракеталар отиш ҳамда Исроил авиациясининг Ғазо бўлгасига зарбалар бериши 10 май кунидан бери давом этмоқда. Бунга қадар Қуддусда бир неча кун араб миллатига мансуб аҳоли билан полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилди. Вазият кескинлашишига Қуддуснинг шарқий қисмидаги фаластинликларга тегишли кўчмас мулкни — 1948 йилгача унга эгалик қилган исроилликлар фойдасига қайтариб олиш тўғрисидаги ишнинг судда кўрилиши сабаб бўлган.

11 май оқшомида фаластинликлар Исроилга қарата бирваракайига 130 дан ортиқ ракета отганди. Натижада 200 дан зиёд одам жабрланган, беш нафари нобуд бўлган. Эртаси куни Исроил ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинган. Исроилнинг Ғазо бўлгасига берган зарбалари натижасида камида 50 киши, жумладан тинч аҳоли ваккиллари қурбон бўлган, улар орасида ёш болалар ҳам бор.

Исроил 12 май куни Ғазога яна бир неча зарба йўллаган, жумладан 10 қаватли турар-жой биносини вайрон қилган. Зарбалар ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” гуруҳларининг қўмондонлик маскани ва қурол-аслаҳа омборлари жойлашган жойларга йўлланаётгани иддао қилинмоқда. Исроил армияси ҲАМАСнинг бир неча дала қўмондони ўлдирилганини билдирган.

Исроил ҳудудида аҳоли ўртасида тартибсизликлар юз бермоқда. Тель-Авивга яқин Лод шаҳрида синагог ёқиб юборилиб, дўконлар витриналари синдирилгач, комендантлик соати жорий қилинган.

Митингларга оид хабарларни ўчиришни истамаган Telegram’га 5 млн рубль жарима солинди

Москвада Навальний қўллови учун ўтказилган митинглардан биридан лавҳа

Москва суди мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш учун ўтказилган митингларга оид хабарларни ўчириб ташлашни истамаган Telegram мессенжерига 5 миллион рубль миқдорида жарима солди.

Суд Telegram ширкатини Россия қонунчилигига мувофиқ равишда чеклаш лозим бўлган ахборотни ўчириб ташлашни рад этиш тўғрисидаги маъмурий модда бўйича айбдор, деб топди. Аввалроқ бу модда бўйича “ВКонтакте” ижтимоий тармоғига 1,5 миллион рубль жарима солинган.

Жорий йилнинг апрель ойида Москва суди норозилик намойишларига оид контентни ўчириб ташлашни истамаган TikTok ижтимоий тармоғига 2,5 миллион рубль жарима солганди. Расмийларга кўра, хабарларда ўсмирлар рухсат этилмаган акцияларда иштирок этишга чақирилган. Хабарларда айнан қайси тадбирлар тўғрисида сўз кетганига аниқлик киритилмаган.

Шу йил 23 ва 31 январь кунлари Россия шаҳарларида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг таъқиб қилинишига қарши акциялар бўлиб ўтганди. Мазкур чиқишлар чоғида полиция умумий ҳисобда 10 минг чоғли одамни қўлга олган. Тергов қўмитаси акциялар якунларига кўра 40 дан зиёд жиноят иши очган. Улар орасида санитария қоидаларини бузганлик, полициячиларга қарши зўравонлик, йўл тўсганлик кабилар бор. Мазкур ишлар бўйича мамлакат бўйлаб Навальнийнинг ўнлаб тарафдори ҳибсга олинган, уларнинг айримлари қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

АҚШ ва Россия бош дипломатлари 20 май куни Рейкявикда учрашади

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров келгуси ҳафта Рейкявикда учрашишади. Бу икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Жо Байден ҳокимият тепасига келганидан кейинги илк учрашуви бўлади. 12 май куни Блинкен ва Лавров телефонда мулоқот қилишган.

Кейинги ҳафтада Исландия пойтахтида Арктика кенгашига аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари йиғилади. Россия ТИВ вазирларнинг телефон орқали мулоқотига оид хабарномасида Блинкен ва Лавров 20 май куни мазкур форум доирасида алоҳида, икки томонлама учрашув ўтказиши маълум қилинган. Давлат департаменти хабарномасида эса Лавров билан Блинкен келаси ҳафтада учрашиши билдирилган.

Давлат департаменти қайдича, Лавров билан мулоқоти чоғида Блинкен, Россия томонидан душманона ҳаракатлар содир бўлган тақдирда, АҚШ ўз манфаатларини ҳимоя қилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирган, шунингдек Американинг икки фуқароси — Пол Уилан ва Тревор Ридни озод қилишга чақирган. Бундан ташқари, Шимолий Кореяга нисбатан сиёсат муҳокама қилинган.

Россия ТИВ эса бўлғуси учрашувда Лавров ва Блинкен “икки томонлама алоқалар ва халқаро кун тартибининг муҳим масалалари”ни кўриб чиқишини урғулаган, шунингдек томонлар “Вашингтоннинг Россия-Америка саммитини ташкил қилиш таклифи”ни муҳокама қилишганини эслатган.

Аввалроқ АҚШ президенти Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашишни таклиф қилганди. Москва Жо Байден таклифига расман жавоб берганича йўқ. Бир неча кун олдин Байденнинг ўзи учрашув ўтказилишига ишонч билдирган. Икки мамлакат саммити Рейкявик, Вена ва Хелсинки шаҳарларидан бирида, муҳтамалан июнь ойида бўлиши айтилмоқда.

Саммит юзасидан музокаралар, Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари, Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва қамалиши, АҚШга нисбатан ҳакерлик хуружлари ва Россиянинг АҚШдаги сайловларга эҳтимолий аралашуви муносабати билан Москва ҳамда Вашингтон алоқаларида юзага келган таранглик манзарасида олиб борилмоқда.

Тожикистон ғарбида селдан 9 киши ҳалок бўлди

Сув тошқини юз берган қишлоқлардан бири.

Тожикистон ҳукумати мамлакат ғарбида ёққан жала оқибатида юз берган кўчкиларда тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳақида билдирди.

Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг 12 майда хабар беришича, Хатлон вилоятининг Кўлоб шаҳрида, Шамсиддин Шохин, Вахш ва Кушониён туманларида 8 киши ўлган.

Пойтахт Душанбедан 15 километр ғарбда жойлашган Хисор шаҳрида эса бир киши ҳалок бўлди.

Расман билдирилишича, сел мазкур туман ва шаҳарларда 11 май куни юз берди. Сел оқибатида кўплаб турар-жой, ҳукумат бинолари ва инфраструктура вайрон бўлган.

Олмаотада Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётганлардан 9 нафари қўлга олинди

Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётган аёллар.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида 93 кундан бери Шинжон-Уйғур мухториятида яшовчи қариндошларининг қамоқдан озод қилинишини талаб этиб пикет ўтказаётганлардан камида 9 нафари полиция томонидан қўлга олинди. Намойишчилар ўз қариндошлари Хитойда ноқонуний тарзда лагерларда сақланаётганини айтишмоқда.

Қўлга олинган пикетчилардан икки нафари – Байбўлат Кунбўлат ва Турсунгул Нурақай ушланганларидан бир неча соат ўтгач 11 май куни кечқурун полиция бўлимидан чиқарилди. Қолган пикетчиларнинг қаерда сақланаётгани номаълум.

Кунбўлат 12 май куни Озодлик радиосига асосан аёллардан иборат пикетчилар Хитой консулхонаси олдидан Хитой банки ва Хитой АЁҚШи томон юриш қилганидан сўнг қўлга олинганини айтди.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда бу каби пикетлар кўплаб ўтказилмоқда. Уларнинг иштирокчилари Қозоғистон ҳукуматидан Шинжондаги қозоқлар вазиятига эътибор қаратишни талаб қилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ва жаҳоннинг етакчи далатлари Хитойда камида 2 миллион уйғур, қозоқ ҳамда бошқа мусулмон миллатига мансуб аҳоли “экстремизм ва террорга қарши кураш” баҳонасида қайта тарбиялаш лагерларига ташланганидан ташвиш билдириб келади.

Толибон Кобул яқинидаги стратегик туманни босиб олди

Афғонистон армияси ҳарбийси.

Толибон пойтахт Кобул яқинидаги стратегик аҳамиятга эга Нарх туманини босиб олди. Бу воқеа Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги уч кунлик оташкесим кучга киришидан аввалроқ содир бўлди.

Афғонистон ички ишлар вазирлиги: “Хавфсизлик кучлари Нарх туманидан тактик мақсадларда чекинди”,-деб баёнот берди.

Ҳукумат мазкур туманни Толибондан озод қилиш учун яқин кунларда ҳужум уюштирилишини билдирди.

Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужохид жангарилар бу туманни 11 май куни эгаллагани ҳақида баёнот берди.

Нарх пойтахт Кобулдан 40 километр узоқликдаги Вардақ вилоятида жойлашган. Вардақ ва унга қўшни бўлган Лоғар вилоятининг бир қисмини узоқ йиллардан бери Толибон назорат қилиб келади ҳамда мазкур ҳудудлардан Кобулга ҳужум қилиш учун қулай бўлган майдон сифатида фойдаланади.

Толибон ва Афғонистон ҳукумати 13 майда нишонланадиган Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим эълон қилган.

Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни сулҳга чақирмоқда

Зўравонликларда камида 40 фаластинлик ва 6 яҳудий ҳалок бўлди.

Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни вазият буткул назоратдан чиқмасидан аввал сулҳ тузишга чақирмоқда.

“Биз тўлақонли уруш ҳолатига яқинлашиб қолдик”,- деди 12 май куни БМТнинг Яқин Шарқ масаласи бўйича махсус вакили Тор Веннесланд.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса “барқарорликни таъминлаш учун ҳаракатни кучайтириш”га чақирди.

ХАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо минтақасидан сўнгги 38 соат ичида камида мингта ракета отилгани ҳақида Исроил ҳукумати расман маълум қилди.

Айни пайтда Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди атрофидаги уйларидан ҳайдаб чиқарилишига қарши норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил кучишлатар тузилмалари ўртасидаги тўқнашув ортидан бошланиб кетган зўравонликларда камида 40 фаластинлик ва 6 яҳудий ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлган фаластинликлардан 13 нафари балоғатга етмаган ёш бола. Бундан ташқари 500 киши жароҳатланди.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар тўрт кун олдин бошланган эди.

Россия руминиялик дипломатни мамлакатдан бадарға қилади

Бухарестнинг россиялик дипломатни бадарға қилиш қарорига жавобан Россия ҳам Руминия элчихонасининг ҳарбий атташеси ўринбосарини бадарға қилишини эълон қилди.

Руминиянинг Москвадаги элчиси Кристиан Истрате 11 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, у ерда “Руминия элчихонасидаги мудофаа масалалари бўйича атташенинг ёрдамчиси Г. Илиескуни persona non grata деб эълон қилиш”га оид нота топширилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Россия ТИВга кўра, Илиескуга Россия Федерацияси ҳудудини 72 соат ичида тарк этиш буюрилган.

Баёнотда Россия томонидан қўйилган қадам “Руминия томонидан 26 апрель куни Россиянинг Бухарестдаги элчихонасида ишлайдиган ҳарбий атташе ёрдамчисини асоссиз равишда persona non grata деб эълон қилинишига жавоб” экани қайд этилган.

Ўтган ой Руминия Россиянинг Бухарестдаги элчихонаси ҳарбий атташеси ўринбосарини унинг дипломатик мақомига мувофиқ бўлмаган фаолияти туфайли мамлакатдан бадарға қилганди.

Марказий ва Шарқий Европадаги собиқ социалистик блокка кирган ҳамда ҳозирда Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлган бир неча мамлакат ҳам ўтган ойда россиялик дипломатларни бадарға қилган, бунга эса Москва томонидан жавоб чоралари кўрилганди.

Бундан чоралар силсиласи апрель ойида Чехия Республикаси россиялик агентларни 2014 йили ҳарбий омборда содир этилган портлашларга алоқадорликда айблаб, кўплаб россиялик дипломатларни бадарға қилганидан кейин бошланган.

Португалия: Украиналикни уриб ўлдирган чегарачилар 7 йилдан 9 йилгача қамоққа ҳукм этилди

Лиссабон аэропорти

Украиналик Игорь Гоменюкка оғир тан жароҳати етказиб, калтаклар зарбидан аэропорт изоляторида ўлишига сабаб бўлган уч нафар португалиялик чегарачи 7 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар қилди ВВС.

40 яшар Игорь Гоменюкни Лиссабон аэропортида 2020 йилнинг мартида қўлга олишганди. Украиналикнинг ишчи визаси бўлмаган, аммо у ватанига учиб кетишни ҳам хоҳламаган. Португалия чегарачилари уни изоляторга қамаб, резина таёқлар билан уриб, тепишган, сўнгра қўллари орқага кишанланган ва оёқлари боғлиқ ҳолида камерада қолдиришган. Гоменюк синган қовурғаларидаги оғриққа чидай олмай, икки кун ўтиб вафот этган.

Уни калтаклаган чегарачилар оғир тан жароҳатлари етказгани учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Судда ўлим факти инобатга олиниб, узоқ муддат тайинланган, аммо улар “одам ўлдириш” моддаси бўйича айбдор деб топилмаган. Суд калтакловчиларнинг мақсади Гоменюкни ўлдириш бўлганини исботлай олмагани учун жараёнда прокурорлар ушбу айбловдан воз кечишган. Бироқ судья улар украиналикни “жони оғриши ва азобланиши учун” калтаклашни мақсад қилишганини эътироф этган.

“Игор Гоменюкнинг ўлими — судланувчиларнинг унга нисбатан муомаласининг тўғридан-тўғри оқибатидир, ҳолбуки улар ўзларини бошқача тутишлари лозим эди”, дея иқтибос келтирган судья Руи Коэльонинг ҳукмидан ВВС.

Гоменюкнинг ўлими Португалияда катта шов-шувга сабаб бўлди. Чегара хизмати бошлиғи Криштина Гатойнш истеъфога кетди, ҳукумат эса чегара хизматини тарқатиб юбориб, ўрнига Чет элликлар ва бошпана изловчилар билан ишлаш хизмати ташкил этилишини эълон қилди.

Португалия бош вазири украиналикнинг ўлдирилишини “кечирилмас иш” деб атади.

Гоменюкнинг оиласига 850 минг доллар товон тўланди.

“Бу воқеа барча чегарачиларга сабоқ бўлажак, зеро ҳар куни оғир вазифаларини бажараётган бўлсалар-да, ваколатларини суиистеъмол қилишга уларнинг ҳақлари йўқ”, деган украиналикнинг оиласи манфаатларини ифода этган адвокат.

Судланганларнинг адвокати эса ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят қилишини маълум қилган.

Британия қироличаси мотам ва чекловлар қабатида тахт нутқини ирод қилди

Британия қироличаси Елизавета II

Буюк Британия қироличаси Елизавета II лордлар палатасида 11 май куни анъанавий тахт нутқини ирод этди. У бош вазир Борис Жонсон ҳукумати дастурини ўқиб берди.

Янги парламент сессиясининг очилиш маросими қироличанинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филиппнинг яқиндаги вафоти ва коронавирус чекловлари қабатида ўтгани учун у қадар дабдабали бўлмаган. Жумладан, нутқ ирод қилиш чоғида 95 ёшли қиролича давлат тожини киймаган – тож унинг ёнидаги болишда бўлган.

Елизавета II Вестминстер саройига ўғли шаҳзода Чарлз ҳамроҳлигида автомобилда келган. Одатда қиролича бу маросимга тилла суви югуртирилган извошда келарди. Бундан ташқари, Елизавету II ни фахрий қоровул қаршиламаган. Лордлар палатасида одатдагидан қарийб икки баравар кам ҳозир бўлолган, холос. Уларнинг ҳаммаси аввалроқ коронавирусга чалинмаганига оид тест натижасини тақдим қилганлар ва маросим чоғида ниқобда ўтирганлар.

Елизавета II ўқиб берган ҳукумат дастурига мувофиқ, Борис Жонсон кабинети асосий эътиборини COVID-19 пандемиясидан кейин қироллик иқтисодиётини тиклашга қаратади. Бунда, хусусан, кўпроқ иш ўрни яратиш учун экологик технологиялар, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ётқизилажак инвестицияларга диққат қаратилади.

Қуддусдаги тўқнашувларда 26 фаластинлик ва 2 яҳудий ҳалок бўлди

ХАМАС Қуддусга ракеталар отди.

Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди яқинида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда камида 26 фаластинлик ҳалок бўлди, улардан 9 нафари ёш бола. Исроил ҳарбий самолётларининг бомбардимони оқибатида яна 120 фаластинлик яраланди. Бу ҳақда Ғазо минтақаси соғлиқни сақлаш мутассадилари маълум қилди.

Айни пайтда Исроил Ғазо секторидан ХАМАС гуруҳи отган ракеталар оқибатида икки яҳудий ҳалок бўлгани, камида 10 киши яралангани ҳақида билдирди.

ХАМАС баёнотида айтлишича, ташкилот “Ал Ақсо масжидини Исроил агрессиясидан ҳимоя қилиш учун ракеталар отган”.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС Қуддусга ракета отиб “қизил чизиқ”дан чиққанини ва Исроил бу ҳужумга “муносиб жавоб қайтариши”ни билдирди. Сўнгги хабарларга кўра, Исроил Мудофаа вазирлиги Ғазо минтақаси билан чегарадош ҳудудларга 5 мингта қўшимча ҳарбийни жалб қилган.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар уч кундан бери давом этмоқда.

Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди

Қозонда ҳалок бўлган ўқувчилар хотираси ёдга олинмоқда.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияга қилинган ҳужумда ҳалок бўлганлар сони камида 9 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда 11 май куни кечга яқин Татаристон президенти Рустам Минниханов маълум қилди. Унга кўра, ҳалок бўлганлардан 7 нафари ўқувчилардир.

“Биз етти болани йўқотдик. Улар 8-синфда ўқиган тўрт ўғил ва уч қиз бола. Бундан ташқари бир нафар ўқитувчи ва мактабнинг яна бир ходими ҳам ҳалок бўлди”,-деди Татаристон президенти.

Расман билдирилишича, ҳужум пайтида 21 киши яраланган. Улардан 18 нафари мана шу мактабда ўқиган болалардир.

Мактабга қурол билан бочстириб кириб ўқ отган 19 ёшли шахс қўлга олингани маълум қилинди. У Қозон шаҳрида яшагани ва аввал 175-гимназияда ўқигани айтилмоқда.

Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди.

Арманистон: Пашинян яна бош вазирликка сайланмади, парламент тарқатиладиган бўлди

Арманистон парламенти 10 май куни Никол Пашинян номзодини бош вазирликка кўриб чиқиш бўйича махсус мажлис ўтказган.

Озодликнинг арман хизмати хабарига кўра, парламент бу гал ҳам – худди 3 май кунги мажлисда бўлгани каби – Пашинян ҳукумат раҳбари лавозимига сайламаган.

“Менинг қадамим” блоки тамсил этган парламентдаги кўпчилик овоз беришдан тийилган. Пашинян номзодини бош вазирликка 1 нафар депутат ёқлаган, яна 1 нафари қарши чиққан, қолган 76 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.

Арманистон конституциясига мувофиқ, депутатлар икки ҳафта ичида икки марта бош вазирни сайлай олмаган тақдирда, парламент тарқатилиши ҳамда мамлакатда муддатидан аввалги парламент сайлови белгиланиши лозим.

18 мартдаги сиёсий битимга кўра, Пашинян 25 апрель куни истеъфога чиққан.

Арманистонда муддатидан аввалги парламент сайлови 20 июнга белгиланиши кутилмоқда. Бу орада Пашинян бош вазир вазифасини бажаришда давом этиб туради. Парламент ҳам янги депутатлар сайлангунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Чегара можаролари ортидан қирғиз депутатлари КХШТдан чиқиш масаласини кўтарди

Қирғизистон парламенти депутати Айбек Осмонов

Қирғизистон парламенти Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг 10 майдаги йиғилишида депутатлар мамлакатнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзолиги масаласини кўтарган.

Қўмитанинг айрим аъзолари КХШТни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарога нисбатан муносабат билдирмагани учун танқид қилган. Хусусан, депутат Айбек Осмонов “КХШТга аъзо бўлиш Қирғизистон учун қанчалик зарур?” дея савол ташлаган.

“Бир мамлакат иккинчисига очиқчасига ҳужум қилганида КХШТ буни эътиборсиз қолдирди. Бу ҳолатга биз нима деймиз ёки ичимизга ютиб кетаверамизми? Унда КХШТга нега кирдик биз? Агар бу шунақа адолатсиз ташкилот экан, биз унда бўлмаслигимиз керак, деб ҳисоблайман”, деган депутат.

КХШТ 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унга Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Арманистон, Тожикистон ва Беларусь киради. Ташкилотнинг мақсади “тинчликни, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллектив асосда ҳимоя қилиш” экани айтилган.

Расмий маълумотларга кўра, 28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарода Қирғизистоннинг 189 нафар фуқароси жабрланган, улардан 36 нафари ҳалок бўлган. Тожик ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини маълум қилган.

Тўқнашув оқибатида Боткен вилояти қишлоқларида 78 та уй, 2 мактаб, фельдшерлик-акушерлик маскани, 3 чегара заставаси, болалар боғчаси, 10 та АЁҚШ, ички ишлар бўлими биноси ва 8 та дўкон ёниб кетган.

Тожикистон ҳукумати томонидан 3 май куни эълон қилинган маълумотга мувофиқ, Исфаранинг уч жамоатида 14 та уй буткул ва иккита уй қисман вайрон бўлган, Овчи Қалач қишлоғидаги ўрта мактаб ва битта уй қисман зарар кўрган.

Икки мамлакат можарода бир-бирини айбламоқда, Қирғизистон ва Тожикистон прокуратуралари эса чегарадаги ҳодисалар бўйича қарши тараф фуқаролари устидан оғир моддалар билан жиноят ишларини очган.

Хитойда аҳоли сони ўсиши кескин камайиб кетди

Хитойда туғилган чақалоқлар

Сўнгги ўн йилликда Хитойда аҳоли ўсиши йилига ўртача 0,53 фоизни ташкил қилган. Охирги ўн йилликда бор-йўғи 72 миллионга кўпайган мамлакат аҳолиси, 2020 йил якунидаги ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 411 миллион кишига етган.

ХХР Миллий статистика бюроси маълумотига мувофиқ, 2020 йили туғилган чақалоқлар сони мамлакатда ёппасига очлик кузатилган 1961 йилдан буён энг паст кўрсаткичда бўлган.

Кейинги йилларда туғилишнинг кескин камайиб кетгани мамлакатда умр давомийлиги ошгани билан биргаликда иқтисодий ўсишга путур етказажак демографик инқирозга олиб келиши мумкин, дея иқтибос келтирган New York Times газетаси Хитой бўйича мутахассислардан. Бугунги кунда Хитой аҳолисининг қарийб 19 фоизини ёши 60 дан ошган кишилар ташкил қилмоқда. Аҳолининг бу қатлами сўнгги ўн йилликда 6 фоизга ўсган.

Бир неча йил аввал Хитой расмийлари 1980 йилдан бери амалда бўлиб келган “битта фарзанд” сиёсатини бекор қилишган. Мазкур тартибга кўра, Хитойдаги оилаларнинг аксарияти бир нафаргина фарзанд кўриш ҳуқуқига эга бўлган. Бироқ бу ҳолат мамлакатдаги туғилиш кўрсаткичини кескин пасайтириб юборган эмас, туғилишнинг камайиши кейинги тўрт йил ичида кузатила бошлаган, холос. CNBC маълумотига кўра, 2020 йили Хитойда туғилиш кўрсаткичи 15 фоизга пасайган.

Қуддусдаги тўқнашувлар: 200 дан зиёд фаластинлик касалхонага ётқизилган

Ғазо минтақасидан Исроил тарафга отилган ракета, 2021 йил 10 майи

Қуддуснинг Ал Ақсо масжиди атрофида 10 май куни Исроил полицияси билан кечган тўқнашувларда 300 нафардан зиёд фаластинлик жароҳат олган.

230 га яқин киши шифохоналарга ётқизилган бўлиб, улардан етти нафарининг аҳволи оғир, дея хабар қилди Associated Press агентлиги фаластинлик врачлардан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Ливаннинг Al Mayadeen телеканали хабарига кўра, 10 май куни кечга бориб тўқнашувлар барҳам топган.

Associated Press агентлиги полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаганини хабар қилган. Қуддус маъмурияти шаҳарнинг араблар яшайдиган қисмида юз берган тўқнашувлар сабаб Ибодат тоғига чиқиш йўлини вақтинча ёпиб қўйишга қарор қилган.

Душанбада Қуддус куни нишонланиши белгиланган эди: бу байрам 1967 йили Олти кунлик урушдан сўнг Қуддуснинг шарқий қисми Исроил назорати остига ўтиши муносабати билан эълон қилинган. Бу йил Қуддус куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келди.

Исроил Мудофаа армияси матбуот хизмати ўз твиттерида 10 май куни ХАМАС гуруҳи жангарилари Исроил ҳудудига учта ракета билан ҳужум қилганини маълум қилган. Бунга жавобан Исроил ХАМАСга қарашли объектларни ўққа тутган. Араб манбалари мазкур ҳаво зарбаларидан 20 нафар фаластинлик нобуд бўлганини ёзмоқда.

Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан исроиллик ҳамкасби Меир Бен-Шабат билан телефон орқали мулоқоти чоғида Қуддусдаги вазиятдан ташвишда эканини билдирган эди.

SpaceX Ойга парвозни молиялаштириш учун кириптовалюта қабул қилади

SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск.

SpaceX “криптовалютани Ер орбитасидан ташқарида қўллаш мақсадга мувофиқ” эканини маълум қилди. Ширкат 2022 йилнинг 1-чорагида “Ой миссияси DOGE-1” лойиҳасини ишга туширади ва уни молиялаштириш учун Илон Маск дожкоин (dogecoin) криптовалютасини қабул қилишга тайёр.

"Америка овози"нинг билдиришича, Geometric Energy ширкати дожкоинлар билан молиялаштириладиган лойиҳа ҳақида якшанба куни жамоатчиликка маълумот берди. Аммо Geometric Energy лойиҳанинг умумий қийматини очиқламади.

“Бу лойиҳа криптовалютани Ер орбитасидан ташқарида қўллаш мумкинлигини исботлайди ва сайёралараро савдо-сотиқ пойдеворига асос солади”,-деди SpaceX вице-президенти Том Очинеро.

Илон Маск апрель ойида ўз Твиттер саҳифасида “SpaceX ҳақиқий дожкоинни ҳақиқий Ойга олиб чиқади”, деб ёзган эди.

Илон Маск якшанба куни Saturday Night Live телекўрсатувида дожкоинни “мутаҳҳам” деб атаганидан сўнг мазкур криптовалютанинг қиймати камида учдан бирга арзонлаб кетган.

Айни пайтда Маскнинг аввалги твитлари унча машҳур бўлмаган дожкоин криптовалютасини “чайқовчилар орзуси”га айлантирган эди.

Маск асос солган Tesla электромобил ширкати февраль ойида 1,5 миллиард долларлик биткоинларни сотиб олгани ва тез орада биткоинларни электромобиллар учун тўлов сифатида қабул қилишини билдирган.

Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 1660 кишига етди

Бишкекдаги касалхоналардан бири.

Қирғизистонда ўтган бир сутка давомида 254 кишида коронавирус анқиланди. Беморларнинг 195 нафари пойтахт Бишкек аҳолисидир.

10 май ҳолатига кўра, Қирғизистонда пандемия бошланган 2020 йилнинг мартидан то шу кунга қадар COVID-19 юққанлар сони 98 654 кишига етди.

Сўнгги бир кун ичида 5 киши ўлди. Улардан 3 нафари Бишкекда, 2 нафари Чуй вилоятида. Бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони 1660 кишини ташкил қилмоқда.

Беморлардан 91 816 нафари тузалди. Касалхоналарда 1683 киши станционар тарзда, 2496 киши амбулатор тарзда даволанмоқда.

Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди олдида фаластинлар ва Исроил полицияси тўқнашувлари давом этмоқда

Фаластинлик Исроил полициячиси билан баҳслашмоқда. Ал Ақсо масжиди атрофи, 10 май 2021 йил.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар уч кундан бери давом этмоқда.

Маҳаллий шифокорлар 10 май куни камида 50 фаластинлик жароҳатланиб, касалхонага ётқизилганини билдирди. Исроил полицияси уларга нисбатан кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаган. Фаластинликлар эса полициячиларни тошбўрон қилган.

Ал Ақсо масжиди Ислом динидаги учинчи муқаддас жой ҳисобланади. Полиция мазкур ҳудудга яҳудийларнинг киришини тақиқлаб қўйди. 10 май куни бу ерда яҳудийлар Шарқий Қуддуснинг Исроил томонидан 1967 йилда босиб олинишининг навбатдаги йиллигини тантанали нишонлаши кутилаётган эди.

Бу куни одатда миллатчи яҳудийлар мусулмонлар яшовчи кўчалардан ўз байроқларини кўтариб ўтадилар. Мусулмонлар бу юришни “фитна қўзғатиш ҳаракати” деб баҳолайди.

10 май куни Исроил суди Ал Ақсо яқинидаги мавзеда яшовчи фаластинликларнинг уйларини босиб олиниши юзасидан ўз қарорини чиқариши кутилаётган эди. Аммо Исроил бош прокурорининг илтимоси билан суд бу ишни кўриб чиқишни бошқа кунга қолдирди.

Ҳозирча суд қачон бўлиши номаълум. Камида 70 нафар фаластинлик Ал Ақсо ҳудудидаги уйларидан ҳайдаб чиқарилишларига қарши судга апелляция аризаси киритган.

Толибон ҳайит муносабати билан оташкесим эълон қилди

Ҳайит куни масжидда номоз ўқиётган мусулмонлар.

Толибон 10 майда Ийд ал Фитр муносабати билан уч кунлик оташкесим тўғрисида эълон қилди. Толибон жангариларига “Ҳайитнинг биринчи кунидан учинчи кунигача мамлакат бўйлаб душманга қарши барча жанговар ҳаракатларни тўхтатиш”га буйруқ берилди.

Толибоннинг билдирилишича, жанговар ҳаракатлар “тинч ва хавфсиз муҳитни яратиш”, одамларга байрамни муносиб кутиб олиш имкониятини бериш мақсадида тўхтатилмоқда.

“Лекин душман ҳужум қиладиган бўлса, биз ўзимизни ва ўз ҳудудларимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз”,-дейилади баёнотда.

Жорий йилда Рамазон ҳайити 12 ёки 13 май кунига тўғри келади. Ҳукумат Толибоннинг мазкур баёнотига ҳозирча муносабат билдирмади.

Кобулдаги қизлар мактабига 8 майда қилинган террор ҳужумида камида 50 киши ҳалок бўлган ва 100 киши яраланган эди. Толибон мазкур террорга алоқаси йўқлигини билдирган.

Лукашенко ўлимидан кейин ҳокимият кимга топширилишига оид декретни имзолади

Беларусь президенти Александр Лукашенко 9 май куни ўзининг ўлимидан сўнг мамлакатни бошқариш механизмлари баён қилинган “Суверенитет ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги декретга имзо чекди. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, ҳужжат аллақачон кучга кирган.

“Ҳужжат давлат раҳбари суиқасд, теракт, ташқи тажовуз ёки бошқа зўравонлик хуружлари оқибатида ҳалок бўлган тақдирда, барча давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари Хавфсизлик кенгаши қарорларига мувофиқ ҳаракат қилиши, Кенгаш йиғилишларига эса бош вазир раислик қилишини назарда тутади. Шу билан бирга, зудлик билан мамлакат ҳудудида фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий қилинади”, дейилган хабарда.

Ҳужжатда айтилишича, янги сайловларни ўтказиш бўйича қарорни ҳам Хавфсизлик кенгаши қабул қилади.

Беларусь конституциясида президент вафот этган ёки ўз ваколатларини бажаролмай қолган тақдирда, унинг вазифасини бош вазир бажариши қайд этилган, бироқ бу ўринда Хавфсизлик кенгаши номи тилга олинмаган.

Апрель ойида, Беларусь махсус хизматлари Лукашенкога қарши ҳозирланган суиқасднинг олди олинганини маълум қилгач, у ўзи вафот этган тақдирда ҳокимият Хавфсизлик кенгашига топширилиши кўзда тутилган ҳужжатни имзолашини айтганди. Мазкур декретни у ўз ҳаётидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири, деб атаган.

Беларусь Хавфсизлик кенгашига Лукашенкодан ташқари 8 киши киради, улардан тўрт нафари куч ишлатар идоралар вакилларидир.

Ғарб мамлакатлари ўтган йил август ойида Беларусда бўлиб ўтган президент сайловларининг легитимлигини тан олмайди. Расмий натижага кўра, Лукашенко олтинчи марта сайланган ушбу сайловлардан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланган. Расмийлар аҳоли норозилигини куч билан бостириб келмоқда.

Бабиш ЕИ мамлакатларини “ҳеч йўқ бир нафардан” россиялик дипломатни бадарға қилишга чақирди

Чехия бош вазири Андрей Бабиш

Чехия бош вазири Андрей Бабиш Европа Иттифоқидаги бошқа мамлакатлар раҳбариятларига мурожаат қилиб, уларни Врбетица қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборидаги портлашларга оид иш бўйича Чехия билан бирдамлик аломати ўлароқ ҳеч бўлмаганда бир нафардан россиялик дипломатни ўз мамлакатларидан бадарға қилишга чақирди. Бу ҳақда Бабиш журналистларга Португалиядаги ЕИ президентлари ва бош вазирлари норасмий саммитида билдирди.

“Биз ЕИга аъзо бир давлат ҳужумга учраган пайтда бу феълан барча аъзоларга ҳужум эканини ҳар доим англашимиз керак. Мен улардан камида бир нафардан дипломатни бадарға қилиш масаласини кўриб чиқишларини сўрадим”, деди Бабиш.

Чехия бош вазирига кўра, Портудаги саммитнинг илк кунида ЕИга аъзо мамлакатлар лидерлари йили Врбетицада содир бўлган портлашларга оид масалани муҳокама этганлар. Бу масала муҳокамасига Европа кенгашининг май ойи охирида бўлиб ўтадиган саммитида қайтиш режаланган.

Май ойи бошида Андрей Бабиш Врбетицадаги портлашлар масаласини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан муҳокама қилган.

Чехия махсус хизматлари Врбетица қишлоғидаги ҳарбий омборда 2014 йил октябрида содир этилган портлашларга Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) ходимларини алоқадор, деб ҳисоблайдилар. Чехия Ташқи ишлар вазирлиги ва махсус хизматлари баёнотига кўра, қўпорувчилик амалиёти Россиянинг Прагадаги элчихонасидан туриб махсус хизмат ходимлари амалга оширганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG