Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:04

Мусулмон олами учун ноёб топилма


Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Абдулҳамидхўжа Отажоновнинг уйидан Қуръоннинг кийик терисига ёзилган қадимий нусхаси топилди. Олимлар бу ноёб топилма Қуръоннинг бошқа нусхаларига қараганда яхши сақланганини таъкидламоқда.

Абдулҳамидхўжа бир вақтлар машҳур бўлган хоразмлик дин пешвоси Исохўжанинг ўғлидир. Айтишларича, Исохўжа вафот этганида васиятига кўра ўз ҳовлисида, бобосининг мақбараси ёнида дафн қилинган.

“Наслимиз буюк авлиё ва шоир Сулаймон Боқирғонийга бориб тақалади. Бобомиз Саид Отажонхўжа Хевадаги нуфузли мадрасада дарс берган. Аждодларимиздан бўлмиш Саид Маҳмуд авлиё қабристони шўролар ҳукми билан 1982 йилда бузилди. Шунда отамиз бобокалонимизнинг хоки оёқ ости қилинмасин, деб унинг мақбарасини уйдаги боғимизга кўчирди. Ўзини ҳам ҳам шу жойга дафн этдик. Ота-боболаримиздан бир неча сандиқ китоб қолган. Уларни душманлар нигоҳидан асраб, шу кунларга авлодма-авлод етказдик”,- дейди Абдулҳамидхўжа “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Китоблар мўғул босқинчиларию рус мустамлакачиларидан сандиғи билан ерга кўмилиб, устига сигир, ҳўкиз боғлаб сақлаб қолинган. Большевиклар тажовузидан эса китоблар Қорақопи зиёратгоҳидаги мозорга кўмиб яширилган.

Абдулҳамидхўжанинг шахсий фондида 500га яқин ўрганилган ва ўрганилмаган қадимги илмий, адабий, тарихий ва диний китоблар жамланган. Улар орасида Фузулий, Фаридиддин Аттор, Навоий, Огаҳий асарлари, Луқмони ҳаким ҳикматлари ва бошқа ноёб китобларни учратиш мумкин.

Кийик терисига ёзилган Қуръони карим эса ўзининг ноёблиги ва қадимийлиги билан ажралиб туради.

Урганч давлат университети доценти, тажрибали адабиётшунос олим Абдулла Аҳмедовнинг айтишича, 120 бош кийик терисига куфий хати билан ёзилган ушбу Қуръон китоби Мусҳафи Усмоннинг ҳозиргача фанга номаълум нусхасидир. Айни кунларда уни тадқиқ қилишга киришилган. Бу вазифа билан тошкентлик экспертлар шуғулланмоқда.

Урганч давлат университетининг адабиётшунослик йўналиши бўйича магистранти, ёш манбашунос Анвар Матниёзов эса китоб устида ўзининг хусусий тадқиқотини бошлаб юборган.

Анвар Матниёзовнинг билдиришича, у топилган Қуръон нусхасини “Хоразм нусхаси”, деб атаган ва Мусҳафи Усмондан кўчирилган Самарқанд ва Тўпқопи нусхалари билан солиштириб ўрганган.

“Унинг ўлчов параметрлари энига 64, бўйига эса 80 сантиметр атрофида. Ёзуви эса ўша даврларда кенг истеъмолда бўлган куфий хатида битилган. Китобнинг муқоваси йўқ. Қуръон юқоридаги ўлчовда бўлган кийик терисига ёзилган. Бу тери парчаларининг иккала тарафига ҳам Қуръон оятлари қора табиий бўёқ билан ноанъанавий усулда терини куйдириш йўли билан туширилган. Буни ёзув бўёғи терига ниҳоятда чуқур ботганидан ҳам билса бўлади. Кийик териси жуда нафис ва текис, худди қоғоздек ишланган. Тахминимизча, бу Хоразмдаги, балки бутун Марказий Осиёдаги энг қадимий Қуръон нусхаси бўлиши мумкин”, - дейди ёш тадқиқотчи.

Янги топилманинг дастлабки варағида “Аллоҳу Акбар” ва “Муҳаммадур Расулуллоҳ” калималари чиройли нақш шаклида ишланган. У “Фотиҳа” сураси билан бошланган. Худди шу варақда муҳр, тўғрироғи, тамға тасвири туширилган.

Қуръоннинг қоғозга ёзилган Самарқанд нусхаси 1485 йилда Самарқандга олиб келинган. Қуръоннинг бу нусхаси тўлиқ эмас. Унда Бақара сураси 70-оятдан бошланган. Айрим оятлар сақланиб қолмаган. Янги топилган Хоразм нусхасида эса Қуръоннинг барча 6666 ояти мавжуд. Самарқанд нусхаси Қуръоннинг шу даврга қадар сақланиб қолган нусхаларининг энг қадимийси ҳисобланади. У куфий хатининг 2-3 турида ёзилган. Хоразм нусхасида ҳам шу ҳолатни кўриш мумкин. Нодирликда янги топилган Хоразм нусхаси бутун дунёдаги Қуръон нусхаларидан устун туриши айтилаётир.
XS
SM
MD
LG