Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

Хорижда жинсий қулликка тортилган тожикистонлик аёллар сони ортмоқда


Тожикистоннинг одам савдоси билан шуғулланишда айбланаётган 100 фуқароси Интерпол қидирувига берилди. Бу ҳақда Душанбеда одам савдосига қарши кураш мавзуига бағишланган халқаро анжуманда маълум қилинди.

“Модар” ноҳукумат ташкилоти раиси Гулчеҳра Мирзоева тергов ишларига халақит бермаслик мақсадида бу кишиларнинг исмлари ошкор этилмаслигини билдирар экан, сўнгги йилларда тожикистонлик қиз-жувонларнинг хорижий давлатларда қулликка сотилиш ҳолатлари тобора кўпайиб бораётганини таъкидлади.

“Мамлакатдаги иқтисодий танг аҳвол эркагу аёлларнинг тирикчилик мақсадида хорижга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Тадқиқотларимиздан маълум бўлишича, хорижга йўл олган тожикистонликларнинг 86 фоизи Россияга, бир фоизи эса Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Туркияга иш ахтариб кетаётир. Меҳнат муҳожирлигида бўлган қиз-жувонларнинг кўп қисми бу давлатлардаги жиноий гуруҳлар домига тушиб, одам савдоси қурбонларига айланяпти. Қидирув эълон қилинган тожикистонликлар Россия, БАА, Туркия, Эронда одам савдоси билан шуғулланаётган уюшган халқаро жиноий гуруҳларга аъзо кимсалардир”,- деди Г.Мирзоева.

Бироқ БААнинг Дубай шаҳри полицияси вакили Ғайс Ғоним Сайф ас-Сувайдий тожикистонликлар Амирликка фақат тижорат мақсадида келаётганини билдириб, уларнинг кўпчилиги одам савдоси қурбони бўлаётганини инкор қилди.

“Тожик қиз-жувонларининг жинсий қулликка сотилиш ҳолатлари жуда кам кузатилади. БАА, жумладан, Дубайда тожик аёлларининг одам савдоси қурбони бўлаётганига оид вазият биз эшитиб турганчалик ташвишли эмас”,- деди Дубай полицияси вакили.

Унинг сўзларига кўра, БАА ҳуқуқ-тартибот ходимлари тожикистонлик ҳамкасблари билан жуда яқин ҳамкорликни йўлга қўйгани боис, тожик фуқароларининг жинсий қулликка сотилиш ҳолатлари кам кузатилаётир.

Истанбул шаҳридан келган вакил Элфузаш эса Туркия одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар учун транзит мамлакат бўлиш билан бирга қабул қилувчи ҳам саналишини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Туркияга МДҲ мамлакатларидан Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан келган аёллар кўпроқ одам савдоси қурбони бўлади.

“Тожик аёлларининг бошқа хорижий давлатларда жинсий қулликка сотилиши фактлари кўп, аммо бизда ҳали бирор марта қайд этилмаган. Аммо бошқа хорижий давлатлар фуқаролари, жумладан, Россия, Молдова, Украина, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистондан келтирилганлар бор. Масалан, жорий йилда зўравонлик ва алдов йўли билан Туркияда сотилган ва одам савдоси қурбони бўлган ўзбекистонлик 15 аёл полиция томонидан озод этилди ва ватанига қайтарилди”,- деди Туркия вакил.

Эроннинг Афғон аёллари ва болалари ҳуқуқларини ҳимоялаш маркази вакиласи Парвона Ваидманиш Марказий Осиёдан келтирилаётган аёлларнинг бир қисми Эронда, аммо катта қисми араб давлатлари ва Туркияда жинсий қулликка маҳкум этилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, Эронда ҳам одам савдоси бўйича вазият Туркия ва БААдагидан қолишмайди. Хусусан, Машҳад шаҳрида жинсий қулликка тортилаётган тожикистонлик аёллар сони ортиб бормоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда хорижий давлатларда одам савдоси қурбони бўлган тожикистонлик 13 аёл ватанига қайтарилган. Сўнгги 7-8 йил ичида одам савдоси билан шуғулланган тожикистонлик 25 фуқаро қўлга олинган, аммо уларнинг барчаси амнистия қилинган.
XS
SM
MD
LG