Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:51

Сергей Иванов Тошкентда “томир кўради”...ми?


Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

“Ўзметроном” сайтининг ёзишича, С.Иванов Ўзбекистондаги биринчи Россия миллий кўргазмасининг очилиш маросими, шунингдек “Россия ва Ўзбекистон: стратегик шериклик” иқтисодий форумида ҳам иштирок этади. У сафари давомида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бош вазир Шавкат Мирзиëев билан ҳам учрашиши кутилмоқда.

28 ноябрь куни эса Тошкентга “Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов келади ва у Сергей Иванов билан биргаликда Бухородаги “Ҳовзақ” нефть-газ участкасининг расман фойдаланишга туширилиши маросимида қатнашади.

Ўзбекистондаги сайловолди кампанияси даврида россиялик бу икки нуфузли шахснинг Тошкентга ташрифини мамлакат оммавий ахборот воситалари қадамма-қадам ëритишига шубҳа йўқ. Меҳмонлар Ўзбекистон ҳақида айтадиган илиқ гап-сўзлар ҳам, асосан, президент сайловидаги бош даъвогар Ислом Каримов ҳақида бўлажагини олдиндан тахмин қилиш қийин эмас.

Шундай экан, С.Иванов ва В.Алекперовнинг Тошкентга сафарига Ислом Каримов сайловолди кампаниясининг олдиндан режаланган қисми сифатида қараш мумкинми?

Мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова бу саволга “йўқ”, деб жавоб беради ва бу икки шахснинг сафари олдиндан режалаштирилган расмиятчиликдан бошқа нарса эмаслигини айтади.

“Россия Каримов режимини қўллаб-қувватлашига шубҳа йўқ ва бу масала аллақачон Москва ва Тошкент ўртасида сиëсий даражада ҳал этиб бўлинган. Ўзбекистонда сайлов олдидан ҳукм сураëтган вазият И.Каримовни ташқаридан кимнингдир ëрдамига муҳтож қолдираëтгани йўқ. Россия тимсолида ташқаридан ëрдам аллақачон бериб бўлинди ва бундан сўнг ҳам берилади. Бундай таянчни сайловолди жараëнида яна бир бор кўз-кўз қилишга ҳожат йўқ, зотан, 23 декабрь куни аксар овозларнинг И.Каримовга берилишини ҳамма билиб турибди”,- дейди Санобар Шерматова.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Андрей Грозин эса Россия бош вазири ўринбосарининг сайловга уч ҳафтача вақт қолганда Тошкентга келиши рамзий мужда ташишини билдирди.

“Ўзбекистондаги сайлов ва С.Ивановнинг Тошкентга сафари бир-бирига боғлиқ. Зотан, Кремлнинг эҳтимолий хўжайини ўлароқ кўрилаётган С.Ивановдек шахснинг сафарини шунчаки олдиндан режалаштирилган расмиятчилик, деб бўлмайди. Мен С.Иванов Тошкентда икки давлат ўртасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишини инкор этмайман. Шунга қарамай, С.Ивановнинг президент сайлови арафасида Ўзбекистонда ҳукм сураëтган вазият томирини ҳис қилишга уриниши инкор этиб бўлмас даражадаги очиқ ҳақиқатдир. Гарчи Иванов сафарини махсус миссия, деб атамасам-да, мен бу сафарни вазият томирига қўл қўйиш, Тошкент ва Москва соатларини мувофиқлаштириш ва келажак ҳақида ўта назокатли маслаҳатлашув, деган бўлардим”,- деди А.Грозин.

Президент сайловида ўз номзодини қўйишга уринган, лекин расмий тўсиқлардан ўта олмаган хоразмлик тиббиёт ходими Суҳбат Абдуллаев эса С.Иванов ва В.Алекперовнинг Ўзбекистонга сафарини одатий ташриф, дея баҳолади ва Россия-Ўзбекистон алоқалари борасида бошқача фикрлар билдирди.

“Мен Россия Каримовни қўллаб-қувватлайди, деган фикрга унчалик қўшилмайман. Бу жараëн ҳозирча давом этяпти, аммо Россия Каримов тимсолида ишончли шерикни кўраëтгани йўқ. Россиянинг Каримовга муайян ëн беришлар қилаëтгани бор гап. Аммо аввал АҚШ, кейин Россия билан иттифоқчилик қилган Ўзбекистон ташқи сиёсати векторини Хитой томон буряпти. Каримовнинг бундан бошқа йўли ҳам йўқ. Зотан, на Америка ва на Россия энди унга ишонмайди. Хитойдан бошқа Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаëтган тўртинчи куч йўқ”,- деди Суҳбат Абдуллаев.

Москвалик таҳлилчи Андрей Грозин Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар Кремлда муайян ташвиш уйғотаëтганини тан олган ҳолда бу ташвиш ҳали-ҳамон Тошкентда режим ўзгариши қилишдан манфаатдорлик даражасига кўтарилмаганини таъкидлайди.

“Мен Россия Ўзбекистонда режим ўзгаришидан манфаатдор, дея олмайман. Айнан Россия учун, бугун ҳамма бирдек айтаëтганидек, барқарорликнинг сақланиб қолиши муҳим. Каримов эса кимгадир ëқиш-ëқмаслигидан қатъи назар, Россия учун айнан барқарорлик кафолатидир. Агар эртага ҳокимият тепасига бошқа одам келса, у билан янгидан муносабат ўрнатиш, сон-саноқсиз музокаралар ўтказиш, ҳар хил расмий ва норасмий схемаларни ишга солиш керак бўладики, биз бунга Туркманистоннинг янги президенти билан алоқалар мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу эса вақт, заҳмат ва бардош талаб қилувчи иш ва Россия амалдорлари буни ўзлари учун каттагина муаммо, деб билади”,- дейди А.Грозин.

Бундай вазиятда эса, таҳлилчи фикрича, Москва учун ўзгариш истиқболи уфқларга кўмилган Ўзбекистондаги амалдаги режимга таянчни яна бир бор намойиш этишдан осонроқ иш йўқ.
XS
SM
MD
LG