Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:05

Ираклий Окруашвили Германияда ҳибсга олинди


Германия полицияси Грузиянинг собиқ мудофа вазири, грузин мухолифати етакчиларидан бири Ираклий Окруашвилини Интерпол орқали йўлланган сўровга асосланиб ҳибсга олди.

Грузия президенти Михаил Саакашвили ўз сиёсий рақибини ўлдириш тўғрисида буйруқ бергани ҳақида икки ой олдин телевидение орқали баёнот берганидан бери И.Окруашвили матбуот саҳифаларидаги бош мақолалар қаҳрамони бўлиб келмоқда.

Бу иддаодан кейин И.Окруашвили коррупцияга алоқадорликда айбланиб тезда қўлга олинган эди. Сал ўтиб у олти миллион доллар гаров пули эвазига озодликка чиққан ва Германияга кетишга рухсат олганди.

Германия расмийлари И.Окруашвилини 27 ноябрь куни Берлиндаги меҳмонхонада қўлга олди. Берлин шаҳри прокуратураси матбуот вакили Михаэл Грунвальд бу маълумотни тасдиқлади.

“Окруашвили Грузия ҳукуматининг Интерпол орқали тарқатилган сўровига мувофиқ ушланди. Грузия Европанинг “Экстрадиция ҳақида”ги конвенциясига қўшилган. Шу боис, Грузия келишувда назарда тутилган ҳуқуқларидан фойдалана олади”, – деди прокуратура вакили.

И.Окруашвили коррупция, ноқонуний топилган маблағни қонунийлаштириш, лавозимини суиистеъмол қилиш каби ўзига қўйилган аввалги айбловлар бўйича Грузия прокуратурасига келиши кераклиги ҳақида суд 14 ноябрда чиқарган қарори юзасидан ушланган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Берлинда Грузиянинг яна бир собиқ расмийси Иасон Чихладзе ҳам қўлга олинди. И.Чихладзе И.Окруашвили мудофаа вазири бўлган пайтда вазирликнинг раҳбарларидан бири эди.

М.Грунвальднинг билдиришича, энди Германия расмийлари Грузия ҳукумати И.Окруашвилига қўйган айбловларни кўриб чиқиб, кейин уни экстрадиция қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор чиқаради. Грузия ҳукумати керакли ҳужжатларни 40 кун ичида Германия расмийларига тақдим этиши керак бўлади.

И.Окруашвилининг грузиялик адвокати Эка Беселиа ўз мижози сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини исботловчи далилларга эга эканини таъкидлади.

“Шуни айтиш муҳимки, мен И.Окруашвилининг ушланиши сабаби унинг жиноятга алоқадорлиги эмас, балки сиёсий эканини исботловчи ҳужжатларга эгаман. Мен бу ҳужжатларни ҳозир унинг манфаатларини ҳимоя қилаётган Германиядаги адвокатларга тақдим этишга тайёрман”, – деди И.Окруашвилининг грузиялик адвокати.

Эка Беселиа германиялик адвокат билан учрашганини ҳам маълум қилди.
XS
SM
MD
LG