Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Хуршиддан ҳамон дарак йўқ


Олмаота шаҳридан Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилгани гумон қилинаётган ўзбек қочқини Хуршид Шамсуддиновнинг йўқолганига роппа-роса бир ҳафта бўлди.

“Озодлик” мухбири Х.Шамсуддинов Олмаота шаҳрида яшаган уйда бўлиб, у билан бир хонадонда истиқомат қилган бошқа бир ўзбек қочқини билан суҳбатлашди.

Унинг сўзларига кўра, бедарак йўқолган куни Хуршид тезда қайтиб келишини айтганча чиқиб кетган. Бироқ ўша куни қайтавермагач, шериклари дарҳол БМТ қочқинлар идорасининг Олмаотадаги ваколатхонасини бу ҳақда хабардор қилган.

“Хуршид онасига телефон қилар ёки СМС ёзиб, хабарлашиб турарди. Яқинда онасидан хавотирли СМС келганди. Онаси уни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари Хуршиднинг ёнига яқинроқ танишларидан бирини юбориш ва юртга қайтиши билан ҳибсга олиниши ҳақида огоҳлантирган эди. Хуршид ёшлик қилиб, бундай хавотирларга жиддий қарамаган бўлиши мумкин”,- деди суҳбатдош.

Унинг таъкидлашича, мана шу ҳолат Хуршид айнан Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақидаги гумонга асос бўлмоқда. Олмаота ҳуқуқ-тартибот идоралари Хуршиднинг йўқолиши бўйича жиноят иши очишга рад жавоби бериб келаётгани эса бу гумонни янада кучайтиради.

“Хуршид яшаб келган туман ички ишлар бошқармаси вакиллари бизнинг Хуршид йўқолгани тўғрисидаги аризамизни қабул қила олмаслигини очиқчасига айтди. Улар бу ишга аралашмасликка уриняпти”,- деди Олмаотада Хуршид билан битта уйда яшаган ўзбек қочқини.

Шунга қарамай, унинг айтишича, Олмаотадаги ўзбек қочқинлари Х.Шамсуддиновнинг дарагини топиш мақсадида уни қидиришни давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG