Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:09

Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислик қилиши бир йилга кечиктирилди


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо 56 давлат ташқи ишлар вазирларининг Испания пойтахти Мадридда ўтган йиғинида Қозоғистон ташкилотга 2009 йилда эмас, 2010 йилда раислик қилишига келишиб олинди.

Қозоғистоннинг 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилиш ниятидаги кўп йиллик ҳаракати ана шундай натижа билан тугади.

“ЕХҲТ раислигини биринчи марта собиқ Совет Иттифоқи республикаси қабул қилиб олади. Бу биз учун жуда муҳим. Бу ЕХҲТ қўшстандарт сиёсат юритмаслигини, Қозоғистон демократик йўлдан боришга қарор қилганини кўрсатади. Бу узоқ ва жуда оғир музокаралар натижасидир”, – деди ЕХҲТ матбуот котиби ўринбосари Виржиние Куллудон.

Мадрид йиғилиши қарорига кўра, ЕХҲТга 2008 йилда Финляндия, 2009 йилда Греция раислик қилади. 2011 йилда эса ЕХҲТ раислигини Қозоғистондан Литва қабул қилиб олади.

ЕХҲТнинг амалдаги раиси Мигел Анхел Моратинос келаси тўрт йил давомида ташкилотга қайси давлатлар раислик қилишининг аниқ бўлиши ташкилот барқарор фаолият юритишидан далолат эканини таъкидлади.

Мадрид йиғилишида Россия Қозоғистоннинг номзодини қаттиқ қўллаб-қувватлади.

“Афсуски, бугунги йиғилишга қадар кўп йиллар давомида ташкилотга раислик қилишга бу уринишга нисбатан қабул қилиб бўлмайдиган, нохуш манёврлар қўлланди. ЕХҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган давлатнинг ташкилотга раислигини шартли қилиб қўйиш учун унинг ички ва ташқи сиёсатига боғлиқ бўлган қандайдир талаблар қўйиб келинди”, – деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Танқидчилар Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхши эмаслигига қарамай, 2010 йилда мамлакатнинг ЕХҲТга раислик қилишини истеҳзоли қабул қилди.

Август ойида Қозоғистонда ўтказилган парламент сайловини кузатган ЕХҲТ вакиллари сайловда муваффақиятга эришилганини қайд этиш баробарида у халқаро андозаларга мос келмаганини таъкидлаган эди.

Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ҳам кўнгилдагидек эмас. Аксарият кузатувчилар ЕХҲТга раислик қилаётган давлатда эркин маълумот олиш, мухолиф фикр билдириш, қонун устиворлиги юқори даражада таъминланган бўлиши керак, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG