Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:07

Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонликлар сайловда фаол қатнашиш ниятида эмас


Бугунги кунда Қозоғистонда тирикчилик илинжида юрган ўзбекистонликларнинг аксарияти 23 декабрь куни ўз юртида ўтказиладиган президент сайловида иштирок этиш ниятида эмас.

“Озодлик” мухбири Олмаотада яшаётган ўзбекистонликлар орасида ўтказган кичик сўров натижалари шуни кўрсатди.

Ўзбекистонлик суҳбатдошлардан бири бунинг сабаби қўшни давлатда тирикчилик қилаётган юртдошларининг аксарияти бу ерда нолегал ишлаётганида эканини маълум қилди.

Шунга қарамай, суҳбатдошларнинг кўп қисми Қозоғистондаги ўзбекистонликлар сайловда қатнашиш-қатнашмаслигидан қатъи назар, мамлакат элчихонаси ўз фуқаролари учун сайлов участкалари ташкил этиши кераклигини таъкидлади.

“Халқаро қонунлар бўйича ҳам, Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонуни бўйича ҳам мамлакатнинг бошқа давлатлардаги элчихонаси ўз фуқаролари учун сайлов участкалари ташкил этиши шарт. Бу ҳам Ўзбекистон фуқароларининг чет элдаги ҳуқуқларини таъминлашнинг бир турига киради. Четдаги мингта фуқародан биттаси келса ҳам у ўзи истаган одамга овоз бериш имкониятига эга бўлиши лозим”,- деди суҳбатдошлардан бири.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Қозоғистонда 2 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири бўлиб, уларнинг 70 фоизи ўзбекистонликлардир.

Айтиш жоизки, юз минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қўшни давлатда ноқонуний ишлаб келмоқда. Шунинг учун уларнинг аксарияти нолегал яшаётгани ошкор бўлиб қолмаслиги учун нафақат ўз давлати элчихонасига бориб сайловда иштирок этиш, балки бирор ёрдам ёки маслаҳат сўраб ҳам элчихонага мурожаат қилишни эп кўрмайди.

Аммо Қозоғистонда қонуний яшаётган ўзбекистонликларнинг айримлари президент сайловида иштирок этиш хоҳиши борлигини яширмади.

“Мен Ўзбекистон фуқаросиман ва бундан фахрланаман. Агар элчихонада сайлов участкаси ташкил этилиб, мен ҳам овоз беришга таклиф этилсам, албатта, сайловда қатнашардим”,- деди суҳбатдошлардан бири.

Мазкур кичик сўровдан сўнг “Озодлик” мухбири Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси билан боғланиб, сайловга тайёргарлик қандай бораётгани билан қизиқди. Аммо элчихонанинг тушдан кейин телефон қилишни сўраган ходими ҳам, тушдан кейин гўшакни олган бошқа ходимлардан ҳам бу масалада маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Элчихонада ҳукм сураётган бундай вазият Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳафсаласини пир қилгани анча бўлган кўринади.

“Қозоғистонда юз минглаб юртдошларимиз яшаётганига қарамай, бу ердаги элчихонамизнинг на Ўзбекистон равнақи, на ўзбекистонликлар манфаатлари учун бирор фойдаси тегаётгани йўқ”,- дейди суҳбатдошлардан бири.
XS
SM
MD
LG