Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2021, Тошкент вақти: 13:57

Халқаро хабарлар

Афғонистон қўшинлари ҳануз халқаро кўмакка муҳтож

Бу ҳақда баёнот берган президент Ҳомид Карзай афғон қўшинлари малакасини ошириш каби ишларда халқаро ҳамжамият иштирокини хоҳлашини билдирди.

“Улар кези келганда Афғонистондаги барқарорликни ҳимоя қилиш масъулиятини ўз бўйнига олишини истаймиз”,- деди Ҳомид Карзай.

Кун янгиликлари

Байден билан Путин ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди

АҚШ президенти Жо Байден (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбати ўтказган. Унда АҚШ ва Россиянинг қуролланиш устидан назорат ва хавфсизлик масалалари соҳасида стратегик барқарорликка оид мулоқотни давом эттириш дохил минтақавий ва глобал масалалар муҳокама қилинган. Суҳбат чоғида стратегик қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома муддатини узайтириш масалалари ҳам сўзлашилган. Бу ҳақда Оқ уй сайти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, президент Байден Россиянинг киберҳужумлар ва сайловларга аралашиш каби хатти-ҳаракатларига жавобан АҚШ ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъийлик билан ҳаракат қилишига очиқ ишора қилган.

Президент Байден АҚШ Украина суверенитети ва унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ғоясига ҳеч оғишмай содиқ қолишини таъкидлаган. У оккупация қилинган Қрим ва Украина чегараси яқинида россиялик ҳарбийлар тўплана бошлаганидан ташвиш изҳор қилиб, Россияни таранглик даражасини пасайтиришга чақирган.

Байден Қўшма Штатларнинг Россия билан АҚШ манфаатларига мос равишда барқарор муносабатлар қуриш истагини тасдиқлаб, яқин ойлар ичида АҚШ ва Россия олдида турган барча масалаларни муҳокама қилиш учун учинчи мамлакат ҳудудида икки мамлакат лидерларининг учрашувини ўтказишни таклиф қилган.

Владимир Путиннинг Жозеф Байден билан телефон орқали сўзлашганига оид маълумот Кремль сайтида ҳам ёйинланган. Унда суҳбат АҚШ томони ташаббусига кўра ўтказилгани қайд этилган. Айни пайтда хабарномада “ суҳбат чоғида Россия-АҚШ муносабатларининг амалдаги ҳолати ҳамда халқаро кун тартибининг айрим долзарб жиҳатлари атрофлича муҳокама қилингани” айтилган.

Хабарномада глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга ҳар икки тараф тайёр эканини билдирганига эътибор қаратилган. Москва қайдича, бу фақат Россия ва АҚШ манфаатларигагина эмас, бутун дунё ҳамжамияти манфаатларига ҳам мос бўлиши лозим.

АҚШ қўшинлари Афғонистондан шу йил 11 сентябригача олиб чиқиб кетилади

Кобулдаги савдо расталари жойлашган кўча, 2021 йил 12 апрели

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг барчасини 2021 йил 11 сентябрига олиб чиқиб кетилишини эълон қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда АҚШ матбуотига расмий манбалар маълум қилган. Шу тариқа, Вашингтон май ойигача АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича ўтган йили зиммасига олган мажбуриятни бажаролмай қолади. Ҳарбийларни 2021 йил май ойигача олиб чиқиб кетишга оид келишувга ўтган йили Дональд Трамп ҳокимият тепасида бўлган пайтда толиблар билан музокаралар натижасида эришилганди.

Аввалроқ Байден 1 майгача ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш қийин бўлишини эътироф этган. АҚШ ва НАТО вакиллари илгари бир неча бор толиблар Афғонистонда зўравонлик даражасини пасайтириш бўйича ўз ваъдаларини бажармаганини билдирган. Толиблар, агар улар Афғонистондан олиб чиқишга ҳозирлик кўрилаётган пайтда АҚШ қўшинларига ҳужум қилишда давом этсалар, муносиб жавоб зарбаси олишларидан огоҳлантирилганлар.

АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган янги муддат 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ҳамда Вашингтондаги Пентагон биносига қилинган террор ҳужумининг 20 йиллигига тўғри келмоқда.

Жо Байден АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишнинг янги муддатига оид расмий баёнот билан 14 апрель куни чиқиш қилиши кутиляпти.

Қирғизистон: Сайлов натижаларидан норози коммунистлар очлик акцияси ўтказмоқчи

Бишкекдаги МСК биноси олдида ўтказилган митингдан лавҳа, 2021 йил 12 апрели

Маҳаллий кенгашларга сайлов натижаларидан норози бўлган партиялари вакилларининг очлик акцияси 14 апрель куни бошланади. Бу ҳақда 13 апрель куни Бишкекдаги Марказий сайлов комиссияси биноси олдида ўтказилган митинг чоғида Қирғизистон Коммунистлар партияси раисининг ўринбосари Рисбек Тўйбеков маълум қилди.

“14 апрель куни партиямиз вакиллари бу ерда чодир ўрнатишади, биз очлик эълон қиламиз. Акция 3 кун давом этади. Қулоқ солмаётганларидан кейин биз бундай қадамга боришга мажбурмиз”, дея иқтибос келтирган Тўйбеков сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Қирғизистон Коммунистлар партияси масъули бошқа партиялар вакилларига ҳам ўз акциясига қўшилишни таклиф қилган.

Ўтган якшанба Бишкек шаҳар кенгаши депутатлигига бўлиб ўтган сайловда 45 та мандат учун 25 партия кураш олиб борган. Дастлабки маълумотларга кўра, қонунду белгиланган 7 фоизлик тўсиқдан бу партияларнинг 6 тасигина ўта олган, холос.

12 апрель куни маҳаллий сайловлар натижасидан норози бўлган партиялар вакиллари МСК биноси олдига келиб, митинг уюштирганлар.

Қирғизистонда 11 апрель куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда сайловчилар 448 кенгашга (420 таси қишлоқ кенгаши, 28 таси эса шаҳар кенгаши) депутат сайлаганлар.

Канада Туркияга ҳарбий техника экспорт қилишни тақиқлади

Президент Илҳом Алиев "Қорабоғ Озарбайжондир" деган тарғибот панноси олдида.

Туркиянинг НАТО доирасидаги иттифоқчиси бўлган Канада Тоғли-Қорабоғ урушида Озарбайжон Канадада ишлаб чиқарилган учувчисиз бошқариладиган самолётлардан фойдалангани тергов томонидан тасдиқлангани ортидан Туркияга ҳарбий техника сотишни тақиқлади.

Канада ўтган йилнинг октябрида Туркияга ҳарбий техника сотишни вақтинча тўхтатган эди. Бунга Туркия Канада ҳарбий техникасини Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этгани юзасидан тергов бошлангани сабаб бўлганди.

Канада ташқи ишлар вазири Марк Гарно: “Ҳарбий техниканинг бу тарзда қўлланилиши Канаданинг ташқи сиёсатига ва Туркиянинг ҳарбий техникадан фақат ўзи фойдаланиши юзасидан олган мажбуриятларга зид келади”,-деб айтди.

Қарорга асосан Туркияга 29 турдаги ҳарбий техник воситаларни, жумладан, учувчисиз бошқариладиган самолётлар учун керакли жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларни сотиш тақиқланди.

АҚШда “полициячи қўқисдан” афроамерикаликни ўлдиргани ортидан норозилик намойишлари бўлмоқда

Полиция норозиларни тарқатмоқда.

АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида икки кундан бери тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Намойишлар 11 апрелда полициячи афроамерикалик 20 ёшли Даунт Райтни отиб қўйгани ортидан бошланиб кетди.

Аввалроқ полиция бошлиғи Тим Гэннон полициячи Райтни “англашилмовчилик оқибатида қўқисдан отиб қўйгани” ҳақида билдирган.

Полиция 11 апрелда эълон қилган видеоёзувда полициячи ва Райт ўртасидаги жанжал акс этган. Полициячи автомашинада кетаётган Райтни йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун тўхтатган ва у аввалги қоидабузарлиги учун солинган жаримани тўламаганини ҳам аниқлаган.

Полициячи Райтнинг қўлига кишан солмоқчи бўлганида, Райт полициячини итариб ташлаб, машинасига ўтирмоқчи бўлади. Шунда полициячи “Мен сени қўлга оламан. Электрошокер! Электрошокер” Электрошокер!” деб уч маротаба огоҳлантирган.

“Аммо полициячи электрошокер ўрнига янглишиб тўппончасини чиқарганини билмаган ва қўқисдан отилган ўқдан мистер Райт вафот этган”,-деди Тим Гэннон.

Полиция тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни бостириш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўлламоқда.

Толибон Туркияда ўтадиган Афғонистон тинчлик конференциясида қатнашишга тайёр эмаслигини билдирди

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Муҳаммад Наим.

Толибон Туркияда 16 апрелда бошланадиган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларда иштирок этишга тайёр эмаслигини эълон қилди. Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Муҳаммад Наим 12 апрель куни Озодлик радиосига ҳаракат бу музокарага кейинроқ қўшилиш эҳтимолини муҳокама қилишини айтди.

Наим Толибон музокараларда иштирок этишдан нега бош тортаётганига изоҳ бермади. Толибоннинг бу қарори АҚШнинг Афғонистонда тинчлик музокараларини ўтказиш урунишига берилган зарба бўлди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтадиган мазкур конференция АҚШ томонидан уюштирилган эди. Ўн кунлик анжуманда Афғонистон ҳукумати, Толибон, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва Россия ҳукумати вакиллари иштирок этиши режалаштирилганди.

Ҳиндистон Россиянинг Sputnik V вакцинасини қўллашга рухсат берди

Sputnik V вакцинасини Сербияга экспорт қилиш пайтида олинган сурат. 22 февраль, 2021 йил.

Ҳиндистон Россиянинг коронавирусга қарши Sputnik V вакцинасини шошилинч қўллашга рухсат берди. Айни пайтда 1,3 миллиард аҳолиси бор бу мамлакатда вакцина етишмовчилиги ва коронавируснинг иккинчи тўлқини авжига чиққан.

Ҳиндистон Россия вакцинасини қўллашга рухсат берган аҳолиси энг кўп мамлакат бўлди. Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг билдиришича, шу кунгача Sputnik V вакцинасини умумий аҳолиси сони 3 миллиард бўлган 60та мамлакатда қўллашга рухсат берилди.

Шу кунгача Ҳиндистонда коронавирусга қарши 100 миллион доза Коваксин ва Ковишилд вакциналари ишлаб чиқилди. Бу AstraZeneca вакцинасининг маҳаллийлаштирилган номланишидир.

Москва расмийларининг билдиришича, Россия Ҳиндистоннинг 5та фармацевтика ширкати билан йилига 850 миллион доза Sputnik V вакцинасини ишлаб чиқариш тўғрисидаги шартномага эришган.

АҚШ ҳукумати Кремлни Озодлик радиосининг Қримдаги мухбирини қамоқдан бўшатишга чақирди

Владислав Есипенко "Украина фойдасига жосуслик қилганликда" айбланиб 10 март куни қўлга олинган.

АҚШ Давлат департаменти Кремлни Озод Европа-Озодлик (RFE / RL) радиосининг Россия томонидан босиб олинган Қримдаги мухбирини қамоқдан бўшатишга чақирди.

Давлат департаменти халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг мухбир “телевидения орқали айбловни тан олиши учун қийноққа солинган” деган фикрига қўшилади.

“Россиянинг Қримни босиб олган ҳукумати айбловни тан олдириш мақсадида @RFERLнинг жамоатчи мухбири [Владислав] Есипенкога қийноқ қўллагани тўғрисидаги хабарлардан ташвишдамиз. Биз уни озод этишга, Россия ҳукуматини эса Қримда “мустақил овоз”ларни бўғмасликка чақирамиз”,-деб ёзди 13 апрель куни Твиттер саҳифсида Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс.

6 апрель куни Есипенконинг адвокати ўз ҳимоясидаги одам ёпиқ суд жараёнида уни электр токи билан қийнашганини, калтаклашганини ва ўлдириш билан таҳдид қилишганини айтган. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари ундан “Украина фойдасига жосуслик қилганини” тан олишни талаб этишган.

RFE / RL президенти Жейми Флай ҳам Москвани Есипенкони озод этишга ва унинг Украинадаги оиласи билан бирлашишига тўсқинлик қилмасликка чақирган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Есипенкони Украина разведкаси фойдасига жосуслик қилганликда айбламоқда.

ФХХнинг билдиришича, тинтув пайтида Есипенконинг автомашинасидан “портловчи мосламага ўхшаган нарса” топилган. Кейинроқ журналист “ўқ отар қурол ясганлик”да айбланди. Мазкур моддага асосан у 6 йилгача қамалиши мумкин.

Есипенко билан Россиядаги телеканаллардан бирида 18 март куни интервью уюштирилган. Мазкур интервью пайтида Есипенко ўзининг “Украина фойдасига жосуслик қилгани”ни тан олган.

Адвокатнинг айтишича, Есипенкога у гапирадаган гапларни қоғозга ёзиб беришган. Унга савол берган шахслар эса журналист эмас, Есипенкони қўлга олган шахслар бўлган.

Беларусда Euronews телеканали трансляцияси тўхтатилди

Александр Лукашенко Euronews мухбири саволларига жавоб бермоқда (архив сурати)

Беларусда 12 апрелдан Euronews телеканали трансляцияси тўхтатилди. Беларус Ахборот вазирлиги вакиллари РИА “Новости”га ретрансляция реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилгани аниқлангани туфайли тўхтатилганини билдирганлар. Вазирлик сайтидаги хабарномада эса Беларусь ҳудудида сигнал тарқатиш учун Euronews телеканалига берилган рухсатнома муддати тугаганини айтилган.

Айни пайтда 12 апрелдан Беларусда Россияда ишлаб чиқарилиб, Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига бағишланган ПОБЕДА (Ғалаба) номли теледастурлар ёйинлана бошлангани айтилмоқда. Дастурлардан совет ҳарбий киноси, Россия фильмлари ва сериаллари, Иккинчи жаҳон урушига оид ҳужжатли фильмлар, фахрийларнинг хотиралари, тарихчилар билан интервьюлар ўрин олган.

Euronews Европанинг туну кун узлуксиз ишлайдиган ахборо телеканали бўлиб, у 13 тилда фаолият юритади. Беларусь Журналистлар ассоциацияси вакиллари Euronews ёйинининг тўхтатилишига сабаб ўлароқ кўрсатилган тартиббузарлик шунчаки баҳона бўлиши мумкинлигини истисно қилмаганлар.

“Афтидан, бу беларус халқини янада ахборот қамалида қолдириш мақсадида амалга оширилди. Расмийлар ёздан бери системали равишда беларус жамияти атрофида “Хитой девори” барпо эта бошлаганлар — журналистларни қатағон қилиб, нашрларни ёпганлар”, дея иқтибос келтиради БелаПАН агентлиги Беларусь Журналистлар ассоциацияси раисининг ўринбосари Борис Горецкий сўзларидан.

Беларусда ўтган йил август ойидан бери президент сайлови расмий натижаларига қарши оммавий норозилик чиқишлари давом этмоқда. Мазкур натижаларга кўра, Александр Лукашенко олтинчи марта давлат раҳбари дея эълон қилинган. Ғарб мамлакатлари уни легитим сайланган президент ўлароқ тан олмаганлар. Шу билан бирга, тинч намойишчилар куч билан тарқатилгани ва инсон ҳуқуқлари бузилгани важидан Лукашенко ва унинг атрофидаги қатор мулозимларга нисбатан санкциялар жорий этилган. Минск Ғарб жамоатчилиги томонидан билдирилган барча айбловларни рад этиб келади. Москва президент сайловидан кейин беларуслик расмийларни дастаклаган.

Россия Туркия билан ҳаво қатновини ёзгача тўхтатиб қўйди

Россия Туркияга авиақатновларни бир ярим ойга - 15 апрелдан 1 июнгача тўхтатиб қўйди. Бунга оид қарор 12 апрель куни Россия ҳудудига COVID-19 коронавирус инфекциясини кириши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штаб томонидан қабул қилинган. Чекловлар Туркия аэропортларига қатнайдиган Россиядаги йўловчи ташийдиган авиаширкатларга дахлдор.

Мазкур қарор Россия бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикова томонидан очиқланди. Мулозимага кўра, фақат Истанбул-Москва йўналиши бўйлаб ҳафтасига икки марта амалга ошириладиган рейсгина сақлаб қолинади. Шунингдек, Туркияда юрган россиялик туристларни “олиб чиқиш рейслари” ҳам ташкил этилади.

Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли россияликларнинг кўпи Туркияга боролмай қолган. 2019 йили эса бу мамлакатга Россиядан 7 миллиондан зиёд сайёҳ борган эди.

Туркияда коронавирус билан боғлиқ вазият ўтган жума куни икки мамлакат президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон тарафидан муҳокама этилганди. Ўша куннинг ўзида Россия Туркияга авиапарвозларни тўхтатиши мумкинлигига оид маълумотлар пайдо бўлган.

Шанба куни Украина президенти Владимир Зеленский Истанбулга борган. У билан учрашув чоғида Эрдўғон Туркия Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишини тан олмаслигини билдирган.

Тожикистонда “Мусулмон биродарлар”га алоқадор 100 дан зиёд одам қамалди

Тожикистон Олий суди шу йил 9 апрелида “Мусулмон биродарлар” (Иҳвонул-муслимийн) ташкилотига алоқадорликда айбланган 119 киши устидан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган. Бу хабарни тасдиқлаоган Олий суд маҳкама тафсилотларига оид маълумотларни кейинроқ тақдим этишни ваъда қилган.

Қайд этилишича, суд ҳукми билан 117 нафар киши 5 йилдан 23 йилгача озодликдан маҳрум қилинган, судланувчилардан яна икки нафарига жарима солинган. Суд Тожикистон миллий университетида дарс бериб келган мисрлик Муҳаммад Баюмийга 23 йиллик қамоқ жазоси тайин этган. Тергов тахминига кўра, Баюмий гуруҳ раҳбари бўлган.

Мазкур университетда дарс берган яна бир мисрлик ўқитувчи 7 йилга қамалган. Руҳоний Исмоил Қаҳҳоров 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қолган айбланувчиларга 5 йилдан қамоқ жазоси берилган бўлиб, улар орасида Тожикистон ОТМларининг талабалари ва ўқитувчилар ҳамда қатор давлат идоралари ходимлари бор.

Ўтган йил бошида Тожикистонда “Мусулмон биродарлар” ташкилотига алоқадорликда гумонланганлар ёппасига тутиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ расмийлар бу маълумотни орадан бир ой ўтганидан кейингина тасдиқлагандилар. Ўша пайтда мамлакат Бош прокуратураси мазкур ташкилотнинг мақсади “ҳокимиятни куч билан ағдариш ва у ёки бу мамлакатда исломий давлат барпо этиш” эканини билдирган.

Мазкур иш бўйича маҳкама жараёни 2020 йил июлида бошланган ва ёпиқ эшиклар ортида ўтган. “Мусулмон биродарлар” ташкилоти Тожикистон Олий судининг 2006 йилдаги қарори билан мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Покистонлик журналист номаълум қуролли шахслар томонидан отиб ўлдирилди

Покистонда журналист Восим Алам мамлакатнинг нотинч шимоли-ғарбий қисмида номаълум қуролли шахслар томонидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда мамлакат полицияси маълум қилди.

Аламнинг жасади 10 апрель куни кеч Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Карак туманида топилган.

Алам Sada-e Lawaghir маҳаллий газетасининг журналисти ва муҳаррири бўлган.

Полиция маълумотларига кўра, Алам мотоциклда уйига кетаётганида, унга қарата ўқ узилган. У зудлик билан касалхонага олиб борилган, аммо етиб боргунича жони узилган.

Кейинги йилларда Покистон эркин матбуоти мисли кўрилмаган босимга учрамоқда.

Хайбар-Пахтунхва бир пайтлар «Ал-Қоида» ва Покистон Толибони сингари жангари гуруҳлар учун бошпана бўлган камбағал, зўравонлик тез-тез содир бўладиган ва диний жиҳатдан консерватив минтақадир.

Покистон – мухбирлар учун дунёдаги энг хавфли давлатлардан бири. 2020 йилда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг глобал жазосизлик рейтингида Покистон 9-ўринни эгаллади. Покистонда камида 15 нафар журналист қотиллиги очилмаган.

UEFA Сербияни ўйинлар олдиндан келишиб олингани ҳақидаги даъволарни текширишга чорлади

UEFA – Европа футбол ассоциациялари иттифоқи Сербия футбол ассоциациясидан (FSS) ўйинлар олдиндан келишиб олингани ҳақидаги иддаоларни текширишни сўради.

FSS матбуот котиби Милан Вукович 11 апрель куни баёнот эълон қилиб, UEFA ташкилотидан қоидабузарликлар ҳақида маълумот келиб тушганини маълум қилди.

«FSS тергов ишларини бошлади, аммо ҳозирча бошқа тафсилотларни ошкор эта олмаймиз», дейилади баёнотда.
Сербиянинг Sport Klub телеканали UEFA март ойида ўтказган иккита ўйинга улкан гаровлар қўйилганини аниқлагани ҳақида хабар берди.

«Икки жамоада ўйинчилари рақибларига ютқазиб берган, натижада гаров тикканларга катта фойда келтирган», - дея хабар қилди телеканал

Amnesty International: Франциядан бадарға қилинган чечен ватанида ўлдирилиши мумкин

Москвага бадарға қилинган Магомед Гадаевнинг тақдиридан хавотир билдирди.

Франциядан Россияга депортация қилинган чечен сиёсий қочқини Чеченистон хавфсизлик хизмати қўлида қийноққа солиниши ёки ҳатто ўлдирилиши мумкин. Бу ҳақда 11 апрель Amnesty International ташкилоти маълум қилди.

Ташкилотнинг Франция бўлими шошилинч мурожаат эълон қилиб, 9 апрель куни Франциядан Москвага бадарға қилинган Магомед Гадаевнинг тақдиридан чуқур хавотир билдирди.

Гадаевни Россия хавфсизлик агентлари Чеченистоннинг расмийларига топширган, деб ёзади «Новая газета» нашри.

Гадаев Парижда жойлашган Bart Marsho Чечен диаспораси ташкилоти ва Европа Чеченлар ассамблеяси аъзосидир.

У Чеченистондан қочиб кетганидан кейин 10 йил давомида Францияда яшаган. Чеченистонда у бўлгинчилар билан алоқа ўрнатганликда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаган ва қийноққа тутилган.

Гадаев Францияда яшаётганида ўз ватанидаги қийноқлар тўғрисида сўзлаб берган ва Чечен хавфсизлик кучлари томонидан амалга оширилган қийноқлар ва ўғирлашлар билан боғлиқ ишларда кўрсатма берган.

Хитой амалдори мамлакатда ишлаб чиқилган вакциналар самарадорлиги «юқори эмаслигини» тан олди

Коронавирусга қарши Хитой вакцинаси.

Хитой касалликларни назорат қилиш марказининг директори Гао Фу мамлакатда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакциналар самарадорлиги пастлигини тан олди ва ҳукумат уларни кучайтириш учун турли вакциналарни аралаштириш масаласини кўриб чиқаётганини айтди. Аммо кейинроқ у айрим изоҳларини қайтиб олди.

10 апрель куни бўлиб ўтган конференцияда Фу Хитой «мавжуд вакциналарнинг самарадорлиги юқори эмаслиги муаммосини қандай ҳал қилиш масаласини кўриб чиқаётганини» айтди.

Бундан олдин Хитой расмийси мамлакат ичида ишлаб чиқарилган вакциналар COVID-19 инфекциясига қарши яхши ҳимоя қила олмаслигини тан олмаган эди.

Конференциядан кейин Фунинг шарҳлари Хитойда секин тарқалди, чунки Хитой ҳукумати ижтимоий тармоқлардаги постларни цензура қила бошлади.

Хитой бошқа мамлакатларга, жумладан, Мексика, Туркия, Индонезия, Венгрия, Сербия, Бразилия ва Чилига миллионлаб доза вакцина етказиб бериш бўйича битимлар тузган.

Бразилияда ўтказилган тадқиқот Sinovak вакцинасининг симптоматик инфекциялар олдини олиш самарадорлиги 50,4 фоиз эканини кўрсатди.

Таққослаш учун, Moderna ва Pfizer-BioNTech вакциналарининг самарадорлиги 95 фоизга яқиндир.

Тожикистонда оилавий можаро ортидан бир аёл уч фарзанди ва ўзини осиб қўйди

Тожикистоннинг Панжикент тумани Некнот қишлоғи аҳолиси 10 апрель куни кўл бўйидаги дарахтда осилган тўрт жасадни топишган.

Некнотликларга кўра, булар 32 ёшли Шаҳло Шарипова ҳамда унинг Муҳаммаджон исмли 6 яшар ўғли, Шаҳноза исмли 4 яшар ҳамда Амина исмли 8 ойлик қизларининг жасадлари бўлган.

Озодликнинг тожик хизмати суҳбатдошлари аёл аввал фарзандларини осиб, кейин ўз жонига қасд қилганини тахмин қилишган.

ИИВ хабарномасида ҳодисага оилавий можаро сабаб бўлгани қайд этилган.

Некнот қишлоқ кенгаши раҳбари Дониёр Ортиқов Панжикент шаҳар масъул идоралари ходимлари экспертиза учун жасадларни шаҳарга олиб кетишганини билдирган.

Ҳодиса содир бўлган жой ўзини осган аёл яшаган ҳовлидан 300 метр нарида жойлашган. Ўтган ҳафта Шаҳло Шарипованинг турмуш ўртоғи Лазиз Жўраев ўғли билан бу ерга 300 та ниҳол экканди.

Некнотликларнинг айтишича, Душанбе шаҳрида туғилган аёл бир неча йил аввал Жўраевга турмушга чиққан. Улар бу оила бошқаларида фарқ қилмагани, бир ҳовлида бир неча оила истиқомат қилганини айтганлар.

Авваллари чорвачилик билан шуғулланган бу оила кейинроқ деҳқончилик қила бошлаган. Маҳалла раисига кўра, қўшнилар бу оилада ҳеч қачон катта жанжал ёки келишмовчилик бўлганига гувоҳ бўлган эмаслар.

Қирғизистонликлар президент ҳокимиятини кучайтирувчи конституцияни ёқлаб овоз берди

Ўшдаги сайлов участкаларидан бири, 2021 йил 11 апрели

Қирғизистонда 11 апрель куни бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг кўпчилиги, дастлабки натижаларга кўра, президент ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирадиган конституциянинг янги таҳририни ёқлаб овоз беришган. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, бюллетенларнинг 90 фоизи саналган пайтда янги Конституцияни ёқлаб овоз берган сайловчилар 79 фоизни ташкил қилган. МСК референдумда сайловчилар давомати 35 фоизни ташкил қилганини билдирган. Референдум “бўлиб ўтди” дея тан олиниши учун, Қирғизистон қонунчилигига кўра, унда 30 фоиз сайловчи иштирок этиши кифоя.

Конституциянинг янги таҳририда парламент депутатлари сони 120 нафардан 90 нафарга туширилган, президентга судьялар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларини тайинлаш ҳуқуқи берилган. Конституция лойиҳасига президент томонидан чақириладиган янги институт – Халқ қурултойи киритилган. Танқидчилар “мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органи” бўлган Қурултойнинг парламент функциясини қайталайдиган орган бўлиши ва президентга катта ваколатлар бериши мумкинлигини айтмоқдалар.

Референдум Садир Жапаров президент этиб сайланганидан уч ой ўтгач бўлиб ўтди. Ҳокимият тепасига келишидан олдин Жапаров бир қатор бошқа сиёсатчилар билан биргаликда 2020 йил октябрида содир бўлган ғалаёнларда қамоқдан озод этилган. Ўша пайтда Жапаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди.

Ноябрь бошларида Садир Жапаров мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтиб, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланадиган конституция лойиҳасини тақдим этган эди.

Эрон расмийлари ўз ядровий объектида содир бўлган ҳодисани “теракт” дея баҳолади

Натанздаги ядровий объектнинг коинотдан олинган сурати, 2020 йил

Эрон расмийлари Натанздаги ядровий корхонада содир бўлган нохуш ҳодисани “террор хуружи” ўлароқ баҳолади.

Мазкур корхонада 11 апрель куни эрталаб электр энергияси ўчиб қолган ва бу ҳодиса учун ҳали ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олган эмас. Associated Press агентлиги қайдича, Эрон томони ҳодиса бўйича аввало Исроил махсус хизматларидан гумон қилмоқда.

Агар содир бўлган ҳодисада Исроилнинг қўли борлиги исботланса, бу икки мамлакат ўртасидаги тарангликни янада кучайтириши мумкин.

Якшанба куни Пентагон раҳбари Ллойд Остинни қабул қилган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз мамлакати қудратли давлатларнинг Эрон билан 2015 йили имзоланган ядровий битими тикланишига йўл қўймаслигини билдирган.

Аssociated Press 11 апрель куни содир бўлган ҳодиса юзасидан маълумот жуда камлигини қайд этган. Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий бу борада кескин чиқиш қилган. У айнан қандай ҳодиса содир бўлганига аниқлик киритмаган, бироқ мулозимнинг сўзларидан Натанздаги заводда жуда йирик узилиш содир бўлган.

Исроилнинг “Жерузалем пост” нашри Эроннинг Натанздаги ядровий объектлари, айрим маълумотларга кўра, аввал ҳам Исроил томонидан уюштирилган киберҳужумлар нишонига айланганини эслатган. Хусусан, 2010 йили Исроил ва АҚШнинг StuxNet вирус дастуридан фойдаланган ҳолда ўтказган қўшма амалиёти бу ерда 1 мингдан зиёд центрифуга бузилишига олиб келган.

Уран бойитиладиган Натанздаги объектда ўтган йил июлида ёнғин содир бўлган. Теҳрон мазкур аварияга саботаж сабаб бўлганини билдирган, бироқ ҳодиса айбдорлари исмини очиқлаган эмас. Кейинроқ Эрон Атом энергияси ташкилоти вакили Беҳруз Камолвандий Натанздаги ёнғинга Исроил алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирган.

2020 йил ноябрь ойида Теҳрон Исроилни Эрон ядро дастури асосчиларидан бири бўлган олим ўлимида айблаб чиққанди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик раҳбари ўзбек чегараси бўйича келишув “тарихий воқеа” бўлишини айтди

Ташиев давлат ва маҳаллий ҳокимият органларини қирғиз-ўзбек чегараси бўйича эришилган протокол бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Чегараларни делимитация - демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари Қамчибек Ташиев кўпчилик уни «тўлиқ маълумотга эга бўлмаган ҳолда» танқид қилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, «кейинчалик улар бу тарихий воқеа бўлганлигини айтишади».

Ташиев давлат ва маҳаллий ҳокимият органларини қирғиз-ўзбек чегараси бўйича эришилган протокол бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

«Маҳаллий аҳоли ишончли маълумотга эга эмас. Мен барча вилоятларга саёҳат қилдим, аммо бу етарли эмас. Ҳар бир одам билан учрашиш ва протоколнинг ҳар бир бандини тушунарли тилда тушунтириш керак», - деди у.

Ташиев 26 мартда Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида Қирғизистон – Ўзбекистон чегарасида баҳсли ҳудуд қолмагани, бу масалани томонлар 100% ҳал қилгани тўғрисида баёнот берган эди.

Қамчибек Ташиев бу баёнотни ўзи етакчилик қилган ҳукумат делегацияси 24-25 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган сўзлашувлар ортидан қилган. Сўзлашувларда Ўзбекистон делегациясига Бош вазир Абдулла Арипов етакчилик қилган.

Аммо эришилган келишувнинг айрим бандлари чегара ҳудудларидаги аҳолининг норозилигига учради. Қирғизистонликлар сув ресурслари Ўзбекистонга ўтказиб берилганини кескин танқид қилди.

Март ойининг охирида Ташиев маҳаллий аҳолига музокаралар натижаларини ва Ўзбекистон билан чегаралар тўғрисида имзоланган протоколни тушунтириш учун чегарадош вилоятларга ташриф буюрди.

Қозоғистонда Олий суд судьяси коррупцияда айбланиб қўлга олинди

Расман билдирилишича, Жангуттинов Туркистон вилояти судьясидан уни бошқа иш жойига ўтказиш ваъдаси эвазига пул олган.

9 апрель куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султондаги ихтисослаштирилган суд республика Олий суди судьясини икки ойга ҳибсга олишни буюрди.

Хабарларга кўра, 63 ёшли Мейрам Жангуттинов 11 февраль куни пора олаётган пайтида қўлга олинган. Ҳибсга олиш Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Олий суднинг Ички хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилган.

Тергов маълумотларига кўра, Жангуттинов Туркистон вилояти судьясидан уни бошқа иш жойига ўтказиш ваъдаси эвазига пул олган. Озодлик радиосининг қозоқ хизматининг хабар беришича, пора берган судья ҳам ҳибсга олинган.
Гумонланувчи қўлга олинишидан олдин қаерда бўлгани маълум эмас.

Мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Олий суд судьяси пора билан қўлга тушганини ачинарли ҳолат деб атади.

Февраль ойида Жангуттинов ҳибсга олинганидан сўнг унинг ваколатлари ўтган йилнинг декабрида тугагани маълум қилинганди.

Хитой расмийлари AliExpress эгасига рекорд 2,8 миллиард доллар жарима солди

Жек Ма Хитойнинг энг бадавлат одами ҳисобланарди.

Монополияга қарши текширув ортидан Хитой расмийлари Alibaba корпорациясига 2,8 миллиард доллар миқдорда жарима солди. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик жаримадир.

Жек Ма Хитойнинг энг бадавлат одами ҳисобланади. Forbes журнали бизнесменнинг бойлигини 65,5 миллиард долларга баҳолаганди.

Аммо у расмийларни танқид қилганидан кейин, ҳаммаси ўзгарди. 24 октябрь куни Ма Шанхайда бўлиб ўтган иқтисодий форумда ҳукумат вакилларини танқид қилиб, «кекса одамлар» ўйлаб топган назорат чоралари эскирганини айтди ва расмийларни банклар манфаатларини ҳимоя қилишда айблади.

Ма чиқишидан олдин Хитой раиси ўринбосари Ван Цишань нутқ сўзлаб, янги молиявий технологиялар тарқалишининг хавфлилиги ҳақида гапирганди. Бу ҳолат ортидан тадбиркор уч ойга ғойиб бўлди.

Куздан бери тадбиркорнинг активлари баҳоси тахминан 15 миллиард долларга пастлади. Эндиликда у хитой бойлари орасида тўртинчи ўринда бормоқда.

Бундестаг депутатлари Навальнийга мактуб ёзди

Германия депутатлари Навальнийнинг соғлиғи ҳақидаги хабарларни чуқур хавотир билан кузатиб бораётганликларини айтганлар.

Германия Бундестаги аъзолари Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний қамоқда «мақсадли қийноққа» тутилаётганини айтиб, Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Европа қўмитасидан унинг қамоқдаги аҳволини кўриб чиқишни талаб қилдилар.

10 апрель куни Facebookда жойлаштирилган мактубда Навальнийга кўрсатилаётган муносабат қийноқлар олдини олиш тўғрисидаги Европа конвенциясига «мос келмаслиги» айтилади.

Мактубни Германия парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Бундестагнинг 15 депутати имзолаган.

Қонунчиларнинг таъкидлашича, Навальнийга қарши суд жараёни қонун устуворлиги меъёрлари остида амалга оширилмаган ва суд қарори унинг овозини ўчириш мақсадида чиқарилган.

Германия депутатлари Навальнийнинг қамоқдаги аҳволи ва соғлиғи ҳақидаги хабарларни чуқур хавотир билан кузатиб бораётганликларини айтиб, унга «тўла бирдамлик» изҳор қилдилар.

Қирғизистонда президент ҳокимиятини кучайтириш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда

Бишкекдаги сайлов участкасининг очилиши.

Бугун Қирғизистонда президент ҳокимиятини кучайтириб, парламентни заифлаштирадиган янги конституцияни тасдиқлаш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда.

Бундан уч ой олдин Садир Жапаров президент этиб сайланган эди. Ҳокимият тепасига келишидан олдин Жапаров бир қатор бошқа сиёсатчилар билан биргаликда октябрда содир бўлган ғалаёнларда қамоқдан озод этилган. Жапаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди.

Ноябрь бошларида Жапаров мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтиб, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланадиган конституция лойиҳасини тақдим этди.

Январда президент сайловида у ғалабага эришди. Сайлов билан бирга ўтган референдумда қирғизистонликлар президент бошқаруви тизимини ҳам танлади.

Референдумга қўйилган янги конституцияга биноан, президент ваколатлари кенгайтирилади, иккинчи муддатга сайланишга доир чеклов олиб ташланади. Шунингдек, президент ҳузурида Халқ Қурултойи деб номланувчи янги «маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи» кенгаш тузилади. Конституциявий Кенгаш ҳам ташкил этилиб, парламент депутатларининг сони 120 нафардан 90 нафарга қисқаради.

Жамоатчилик таклиф этилаётган ўзгартиришлардан мақсад президентга мутлақ ҳокимият беришдан иборат, деб Жапаровнинг бу ташаббусини қораламоқда.

Зеленский билан учрашган Эрдўғон шарқий Украинадаги вазиятни «ташвишли» деб атади

Олдиндан режалаштирилган учрашув уч соатдан кўпроқ вақт давом этган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 10 апрель куни Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказган учрашуви ортидан шарқий Украинанинг Донбасс минтақасидаги вазиятни деэскалация қилишга чақирди.

Олдиндан режалаштирилган учрашув уч соатдан кўпроқ вақт давом этган.

Истанбулда Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида Эрдўғон Украина шарқида содир бўлаётган воқеаларни «хавотирли» деб атади ва можаро «тинч ва дипломатик воситалар билан, Украинанинг яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқ асосида ҳал қилинишига» умид билдирди.

Қора денгиз бўйида жойлашган Туркия ва Украина яқин муносабатларни сақлаб келмоқда. Бундан олдин Туркия 2014 йилда Қрим ярим оролининг Россия томонидан аннексия қилинганини бир неча маротаба қоралаган эди.

Эрдўғон Туркия Қрим босиб олинганини тан олмаслигини такрорлади.

Хабарларга кўра, учрашув чоғида икки раҳбар ҳарбий ҳамкорлик масаласини ҳам муҳокама қилган.

Мьянмада намойишларни бостираётган ҳарбийлар 80 дан зиёд норозини ўлдирди

Мьянмадаги норозилар.

Мьянмада намойишчиларга қарши зўравонликларда 80 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган.

Мьянмада 1 февраль куни амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг мамлакат бўйлаб оммавий норозилик акциялари бошланиб кетган.

Хабарларга кўра, ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийлар 9 апрель куни Янгон яқинидаги Баго шаҳрида намойишчиларга қарата ўт очган.

Сиёсий маҳбусларга ёрдам уюшмаси маҳаллий кузатув гуруҳи «Багода хавфсизлик кучлари томонидан тўнтаришга қарши чиққан 80 дан ортиқ намойишчи ўлдирилганини» тасдиқлади.

Қурбонлар сони янада ошиши мумкин, чунки хабар қилинишича, ҳарбийлар ҳалок бўлганларнинг жасадларини юк машиналарига ортиб, олиб кетган.

Сиёсий маҳбусларга кўмаклашиш уюшмаси маълумотларига кўра, ҳарбий тўнтаришдан бери хавфсизлик кучлари камида 701 кишини ўлдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG