Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:30

Маҳбуслар амнистияга тушмаганидан норози


Душанбедаги 1-қамоқхонада сақланаётган 60 маҳбус мамлакат президенти, парламент, бош прокурор ҳамда мамлакатда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар номига очиқ хат йўллаб, ўзларига авф тўғрисидаги қонун қўлланмаётганидан шикоят қилди.

Мактуб муаллифларининг аксарияти кекса ёшли кишилар ва ногиронлардир. Авф тўғрисиги қонун бўйича эса бундайларга амнистия қўлланиши керак.

Тожикистон қамоқхоналарини назорат этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Абдулҳақов катта миқдордаги наркотик моддалар савдосида айбланиб судланган ҳар қандай маҳбус, хоҳ у ногирон бўлсин, хоҳ кекса, озодликка чиқарилмаслигини билдирди.

“Мактуб эгаларининг кўпчилиги катта миқдордаги наркотик моддалар савдоси учун қамалган. Шунинг учун улар беморлиги ёки кексалигидан қатъи назар, амнистияга тушмайди”,- деди Б.Абдулҳақов.

Мактуб муаллифлари қонун кучга кирганидан сўнг қамоқхона раҳбарияти назоратчи прокурор билан келишган ҳолда уларнинг жазо муддатини кўпайтирганини билдирган. Аслида эса, ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, маҳбусларга белгиланган жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштириш фақат суд қарори билан амалга оширилиши зарур.

Тожикистон президенти маъмурияти ва бошқа тегишли идоралар вакиллари маҳбуслар номидан очиқ хат олмаганини айтмоқда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси вакили Пайём Фаруғий эса маҳбуслар мактубидан хабардор экани, лекин ундаги шикоятлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ўрганмай туриб, бу ҳақда бирор хулоса айта олмаслигини маълум қилди.

ЕХХТ вакили яқин кунларда Тожикистон Адлия вазирлиги ва қамоқхона раҳбарияти ҳамда маҳбусларнинг адвокатлари билан учрашиб, мавзуга аниқлик киритилишини таъкидлади.

Миллий ярашув кунининг 10 йиллиги муносабати билан эълон қилинган авф тўғрисидаги қонунни ижро этиш муддати 20 декабрда тугайди.

Расмий маълумотларга кўра, шу кунгача 7,5 минг маҳбусга амнистия қўлланилган. Улардан 2 мингга яқини бутунлай озодликка чиққан. Қамоқдан озод этилганларнинг 32 нафари хорижликлар, жумладан, 15 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.
XS
SM
MD
LG