Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2025, Тошкент вақти: 18:18

Тожикистонда сўз эркинлиги вазияти ташвишли


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги вакили Михаэл Унланд маҳаллий журналистлар билан учрашувда мамлакатдаги сўз эркинлиги вазиятидан ташвиш билдирди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Тожикистонда ҳукумат ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасидаги тўқнашувлар янада кескинлашаётир. Жумладан, “Овоза” газетасининг уч журналисти устидан давом этаётган суд тобора сиёсий тус олмоқда.

“Мазкур газета журналистлари устидан туҳмат ва шахсни ҳақоратлаш айби билан қўзғатилган жиноят иши халқаро меъёрларга кўра, жиноят ишлари эмас, балки фуқаролик ишлари судида кўрилиши керак. Бу журналистлар иши бўйича судни ЕХҲТ ҳам кузатмоқда. Тобора сиёсий тус олаётган бу жараёнга давлат томонидан масъулиятсизлик сезилади. Агар иш шу тариқа давом этаверса, Тожикистон сўз эркинлигини бўғаётган давлат сифатида жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрўсини йўқотиши тайин”,- деди М.Унланд.

У ҳамкасблари касбий фаолияти учун жиноий жавобгарликка тортилаётганини кўрган маҳаллий журналистлар ўз-ўзини цензура қилиши табиий эканини таъкидлади.

Бироқ бирданига икки мақоласи учун жиноий жавобгарликка тортилган Саида Қурбонова ўзига босимлардан чўчимаслиги ва ҳеч қачон ўз-ўзини цензура қилиш даражасига тушмасликка интилишини билдирди.

“Касбий фаолият учун журналистни жиноятчига чиқариш, аввало, мантиқсизлик, қолаверса, бу билан журналистлар кўзини қўрқитишга уриниляпти. Аммо мен янада эркинроқ ёзишга интилавераман”,- деди Саида Қурбонова.

“Тожикистон” газетасининг касбий фаолияти учун Фирдавсий тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан калтакланган муҳаррири Маҳмадулло Мақсадулло журналистлар ўртасидаги гуруҳбозлик ҳукумат мулозимларига матбуот вакилларига босимни кучайтириш учун кенгроқ йўл очиб бераётганини айтади.

“Тожикистондаги журналистикада гуруҳбозлик мавжуд. Журналистга қайси нашрда ишлаши ва қайси гуруҳ аъзоси эканига қараб баҳо берилади. Агар ҳуқуқ-тартибот ходимларининг бирортаси устидан танқидий мақола чоп этилгудек бўлса, уларнинг ҳаммаси ўз касбдошини ҳимоя қилишга уринади. Журналистлар ўртасида ҳамжиҳатлик йўқлиги эса бизни ва матбуотни шу куйга солмоқда”,- деди М.Мақсадулло.

Биргина жорий йилнинг 10 ойи давомида тожикистонлик 7 журналист ўз касбий фаолияти учун судга тортилди.
XS
SM
MD
LG