Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

ҲРУ сайлов адолатли ўтишига ишонмайди


Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нуфузли “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Ўзбекистонда 23 декабрга белгиланган президент сайлови эркин ва адолатли бўлмаслиги ҳақида баёнот эълон қилди.

ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Ҳолли Картнер Ўзбекистонда “эркин ва адолатли сайлов ўтказиш учун ҳеч қандай шароит йўқ”лигини билдирди.

“Президентликка тўрт номзод бўлишига қарамай, рақобатли кураш тўғрисида гапириш мантиқсизлик бўлади. Сайловда ҳақиқий танлов йўқ”, – деди Ҳолли Картнер.

ҲРУнинг Москвадаги вакили Александр Петров ҳам Ўзбекистондаги ҳозирги шароитда, яъни сиёсий ва иқтисодий масалаларда ўз фикри ва қарашларни изҳор этиш имконияти бўлмаган бир пайтда эркин сайлов ҳақида гапириш мумкин эмаслигини шу кунларда сайловга тайёргарлик жараёнини кузатаётган кўп сонли профессионал кузатувчилар ҳам тасдиқлаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, 23 декабрда ўтказиладиган президент сайловида муқобил номзодлар бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги ҳозирги вазият инобатга олинса, сайловни эркин, деб бўлмайди. Ғарблик кузатувчилар Ўзбекистонда ўтказилган аввалги сайловларда мухолифат вакиллари иштирок эта олмагани учун уларни эркин ва адолатли эмас, деб баҳолаган.

Александр Петров бу гал ҳам аввалги камчиликлар қайтарилиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтади.

“Афтидан, бундай вазият яна қайтариладиган кўринади. Чунки мухолифатнинг бирорта ҳам вакили президентликка номзодини қўйиб, ўз қарашларини Ўзбекистон халқига етказа олмади”, – деди Александр Петров.
XS
SM
MD
LG