Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:55

Сайловчиларнинг мисли кўрилмаган фаоллиги


Фарруҳ Юсуфий 23 декабр куни Тошкент вақти билан тушгача рўйҳатга олинган 16 миллион сайловчининг 60 фоизидан ортиғи овоз бериб бўлди. Бу эса, Ўзбекистон президентлик сайловлари бўлиб ўтди, деб ҳисоблашга асос бўлади. Сайловчиларнинг бундай мисли кўрилмаган фаоллигини, овоз бериш ҳуқуқига эга ўзбекистонликларнинг бир неча миллиони мамлакат ташқарисида экани инобатга олинса, қандай изоҳлаш мумкин, деган асосли савол қўйилмаганда ҳам, кузатувчиларда жиддий шубҳаларни уйғотмоқда. Бундай аномал фаолликни Ўзбекистондаги сайловларнинг ўзига хос хусусиятлари билан изоҳлаш мумкин, дейди улар.

23 декабрь кунги президентлик сайловида, расмий маълумотларга кўра, ўзбекистонлик сайловчилар мисли кўрилмаган фаолликни кўрсатган. Сайлов куни яримламасданоқ, сайловчиларнинг 60 фоизи овоз бериб бўлган.

Лекин Ўзбекистон президентлик сайловлари эркин ўтишига, сайлов куни эълон қилинганидан бери шубҳа билдириб келган кузатувчи ва сиёсатшунослар, расмий рақамларнинг ҳақиқий вазиятни акс эттиришига катта шубҳа бидириб, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси, овоз бериш натижаларини қалбакилаштиришда бундай ортиқча жонбозликни кўрсатиб юборганини, ўзбекча сайлов ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари билан изоҳлаш мумкин холос, демоқдалар.

Аркадий Дубнов, Россияда чиқадиган “Время новостей” газетасининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси.

“Биринчидан, сайловчиларнинг фаоллиги ва Ислом Каримовнинг ғалаб қозониши борасида ҳеч ким шубҳа билдирмаганини айтиб ўтиш жоиздир. Албатта, Марказий Осиё давлатларнинг барчаси, айниқса Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар хусусиятидан келиб чиқиб, 23 декабр сайловларида қатнашган сайловчилар сони ва Ислом Каримовга берилган овозлар сони, 2000 йилдаги сайловлар натижасидан юқориророқ бўлишига аминман”, – дейди россиялик таҳлилчи.

Чунки Ислом Каримовдек сиёсатчи, ҳар сафар аввалги рекордни уришни ўзи учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билади, лекин Марказий сайлов комиссиясининг бундай ортиқча жонбозлик кўрсатгани, мустақилликнинг 16 йили давомида Ўзбекистонда сайлов ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари шаклланганидан далолатдир, деб қўшимча қилади Дубнов.

Шу жиҳатдан 1991 йилдаги илк президентлик сайловлари ва бугунги сайловларни қиёслайдиган бўлсак, ер билан осмонча фарқни кўриш мумкин, дея давом этади Россиялик сиёсий шарҳловчи.

“91чи йилда сайловчилар учун президентликка нмозодлар - Ислом Каримов ва Муҳаммад Солиҳ орасида танлашнинг реал имкони бор эди. Адашмасам, ўшанда Солиҳ жаноблари 12 фоиз атрофида овоз ололган эди. Каримовнинг ўша пайтда халқ орасидаги обрўси ва маъмурий ресурсни инобатга олсак, бу рақамлар реал воқеликни кўрсатган эди, деб айтиш мумкин, менимча. Нима бўлганда ҳам, танлов ҳуқуқи бор эди, ёки бошқача қилиб айтсак, иқтидордаги президентга қарши овоз бериш имкони бор эди. Бугун эса, номзодлар кўпроқ бўлишига қарамай, бундай имкон йўқ”, – дейди Время новостей газетаси шарҳловчиси Аркадий Дубнов.

Америкадаги Жонс Хопкинс университетининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сванта Корнелл, Ўзбекистондаги сайлов ўтказиш усули бошқачароқ бўлгани билан, моҳиятан минтақадаги бошқа давлатлардан фарқ қилмайди, дейди Озодлик билан суҳбатда.

“Менимча, Ўзбекистондаги сайловлар Марказий Осиёдаги бошқа давлатларда ўтказиладиган сайловлардан фарқ қилмайди. У ердаги тизимилар шундай қурилганки, фақатгина иқтидордаги президентнинг ғалаба қозониши учун барча шарт-шароитлар яратилади. Масалан Қозоғистон ёки минтақадаги бошқа давлатни олсак, қандайдир тафсилотлар фарқ қилиши мумкин, лекин умуман олганда минтақадаги президентлик сайловлари маълум жиҳатдан бир-бирига ўхшаб кетади”, – дейди Америкадаги Жонс Хопкинс университетининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сванта Корнелл.
XS
SM
MD
LG