Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

Ҳукумат билан мулоқот қийноқларга барҳам берадими?


Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова мамлакатда айбланувчи ва маҳбусларга қарши қийноқларни ҳукумат билан мулоқот қилиш орқали ҳал этиш мумкинлигига ишонмоқда.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 2008 йил 1 январдан ўлим жазосининг бекор қилингани кўпгина халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг ҳукумат билан дўстона мулоқоти натижасидир. Айнан шундай мулоқот қийноқларнинг олдини олишга ҳам кўмак беради.

“Ўзбекистонда жисмонийгина эмас, балки руҳий қийноқлар ҳам мавжуд. Масалан, ўғлим қамоққа олинганда қийноқларга қарамай, ўзига қўйилган айбларни тан олмаган. Лекин мени уришаётганини айтишгач, у қилмаган гуноҳни бўйнига олган. Бу руҳий босимнинг бир кўринишидир ва унга қарши ҳам курашмоқ керак”,- деди Т.Чикунова.

Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини расман тасдиқлатиш ўта мушкул вазифа. Буни Тамара Чикунова ҳам тан олади.

“Биз айбланувчининг қийноққа солингани ҳақидаги даъвоси мустақил шифокор томонидан ўрганилиши, унинг мустақил руҳшунос кўригидан ўтказилиши ҳақида таклифлар беряпмиз. Чунки руҳий қийноқни фақат психолог аниқлаши мумкин. Руҳий қийноқ эса жиддий оқибатларга олиб келади. Масалан, айбланувчи Аброр Исаевга руҳий қийноқ қўлланилгач, у терговдан сўнг ақлдан озган. Энди унга қандай руҳий босим ўтказилганини тасаввур қилаверинг”,- деди Т.Чикунова.

У Ўзбекистонда айбланувчи ва маҳбусларга қийноқлар қўлланилишини фактлар асосида исботлаб бериш жуда қийинлигини таъкидлади. Шунга қарамай, Т.Чикунова ҳукумат ўлим жазосини бекор қилгандан сўнг қийноқларнинг олдини олиш бўйича расмийлар билан мулоқотлар ўзининг ижобий самарасини беришига ишончи борлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG