Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:48

Николай Бордюжанинг “Шенген ҳудуди”


Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар ўзининг “Шенген ҳудуди”ни барпо этмоқчи. Ташкилот раҳбари Николай Бордюжа бу ғоя барча аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланганини маълум қилди.

“Биз КХШТ ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕОИҲ) доирасида бу ташкилотларга аъзо давлатлар фуқаролари эркин ҳаракатланиши, юклар ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб ўтилиши мумкин бўлган ҳудуд барпо этишимиз керак. Агар биз ЕОИҲ ва КХШТ фаолиятига жиддий ёндашсак, бунинг уддасидан чиқамиз, лекин бунинг учун сиёсий қарор лозим”,- деди Николай Бордюжа.

КХШТ матбуот котиби Виталий Струговец ҳам бу таклифни ташкилотга аъзо барча давлатлар қўллаб-қувватлаганини тасдиқлади.

“Н.Бордюжа КХШТ таркибига кирувчи барча давлатлар раҳбарларига мурожаат этиб, ташкилот доирасида фуқаролар эркин ҳаракатланиши мумкин бўлган Шенген ҳудудига ўхшаш ўзига хос макон барпо этиш таклифини айтди. Деярли барча президентлар бу чақириққа ижобий муносабат билдирди”, - деди В.Струговец.

Ўз навбатида, аъзо давлатлар раҳбарлари КХШТ ва ЕОИҲ доирасида ҳал этилиши лозим бўлган талай муаммолар борлигини ҳам идрок этган.

Шундай муаммолардан бири Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегара масаласидир. МДҲ, КХШТ ва ЕОИҲ таркибига кирувчи Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2000 йилда жорий этилган виза тартиби ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Террорчилар оқимини тўсиш учун Ўзбекистон Қирғизистон билан ҳам виза тартиби жорий этган эди, аммо 2007 йилнинг бошида ҳар икки давлат фуқаролари чегарадан ўтиб, бир-бири ҳудудида олтмиш кунгача визасиз юриш имконига эга бўлди. Лекин Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара делимитацияси борасида ҳамон келиша олмаяпти. Шунга ўхшаш чигалликлар Қирғизистон ва Тожикистон ҳамда Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида ҳам мавжуд. Бу давлатлар ўртасида божхона қонунларини умумлаштириш борасида ҳам келишмовчиликлар талай.

В.Стругавец булар ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолар экани, сўнгги пайтларда эса вазият яхшиланиб бораётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги вазият ҳозир маромига тушмоқда. Муаммолар ҳал бўлмоқда. Ўзбекистон ташкилотнинг октябрь ойидаги саммитида Тожикистон чегарасини миналардан тозалашга киришгани ва октябр ойи бошига қадар 15га яқин мина майдони, асосан, тоғлар миналардан тозаланганини билдирган эди”, - деди В.Струговец.

КХШТга 1992 йилда МДҲ раҳбарларининг Тошкентдаги учрашувида асос солинган, кейинроқ Ўзбекистон бу ташкилот аъзолигидан чиққанди. Бугунги кунда КХШТга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзодир. Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2006 йилда Сочида ўтган учрашувида Ўзбекистон КХШТга қайта қўшилганини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG