Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:46

Барно Мирсолиҳова: “Ўзбеклар Америкага чўнтаги бўм-бўш келади”


“Давр менинг тақдиримда” дастурининг бу галги меҳмони АҚШда истиқомат қилаётган оддий ўзбек аëли Барно Мирсолиҳовадир. Бундан 16 йил муқаддам Барно АҚШни худди эртаклардаги сеҳрли диëр каби тасаввур қилган эди.

“У пайтларда биз ҳам Америкада ўқишни, яшашни хаёл қилар эдик. Орзуларим бошлаган йўлдан юриб Америкага келдим”,- дейди Барно.

Тасаввуридаги Америка билан ҳақиқий Америка ўртасидаги тафовут Барнони эсанкиратмади. Америка меҳнат қилса, тиришса, самара берадиган юрт эканини кўрди.

“Ўша пайтда Америка кўзимизга қанақадир эртак жой бўлиб кўринарди. Америкада ҳаммаси яхши, тинч, одамлар тўқ яшайди, нимани хоҳласа, ўшани қилади, деб ўйлаган эдик. Лекин бу ëққа келиб анча қийинчиликлар билан оёққа турдик. Ўзинг учун ўл етим, дейдиган бу мамлакатда ўзингиз учун яшашингиз керак”,- дейди Барно.

Барно АҚШдаги асрий муаммо - ирқчиликка аста-секин бўлса ҳам барҳам берилаëтганини кўрди. У Ўзбекистонда ҳам бу муаммонинг айрим кўринишлари борлигига эътибор қаратди.

“Америкада танасининг рангига қараб ажратиш бор, лекин ҳамма тенг ҳуқуқли. Айтайлик, қора танли бўлиш бу ерда камчилик бўлиб ҳисобланади, аммо уларга кўп енгилликлар берилади. Кўплари эса буни суиистеъмол қилади. Ўзбекистонда эса келиб чиққан жойига қараб одам ажратиш бор. Талабалик давримда тошкентлик, фарғоналик, деган ажратишлар бўлар эди. Ҳатто Тошкентнинг ўзида ҳам ажратишлар бор”,- дейди Барно.

Ташқарига чиқаëтган ўзбеклар ўзлари билан шу муаммони олиб келяптими ëки уларда ташқарига чиққандан кейин бир-бирига ëрдам бериш, жипслашиш ҳолатлари кузатиляптими, дея сўраймиз суҳбатдошдан.

Унинг айтишича, янги йилни уч-тўрт ўзбек оиласи йиғилиб, бирга кутган. Ҳамма ўз бошидан ўтган қийинчиликлар билан ўртоқлашган. Оёққа туриб олганига шукур қилишган.

- Америкада даставвал қандай қийинчиликлар бўлади?

-
Биринчи дуч келадиган қийинчилик тил билмасликдир. Тил билмагандан кейин ўз муаммосини тушунтира олмайди. Кейин бу ерда ҳамма нарса учун пул тўлаш керак. Ўзбеклар бу ерга чўнтаги бўм-бўш келади.

- У ердаги ўзбекларни дарҳол ажратиб олиш мумкинми?

-
Ўзбекистондан Америкага келган ватандошларимизни кўзидаги қўрқув ҳиссидан таниб оламан. Улар Ўзбекистондаги қўрқув туйғусини ўзи билан бирга олиб келади. Ўзбекистонликларда бир-бирига ишонмаслик сақланиб қолган. Бу ерда ҳам бир-бирига ишонишмайди. Ҳаттоки мени Ўзбекистонга бориб сотмасин, деган мақасадда ўз исмини беркитиб яшайдиган ўзбеклар бор. Қийинчиликлардан қочиб келган ўзбеклар ҳам топилади.

-
Ўзбекистондан чиқиб, Америкада ўз урф-одатларини сақлаб қолиш, маданий ўзликни сақлаб қолиш имконлари борми?

-
Мана, кеча янги йилда битта оилага бордик. Бу оиланинг катта ëшли учта қизи бор. Агар бу қизларни кузатсангиз, улар ўзбек маданиятини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Қизлар масжидга қатнаяпти. Урф-одат ва тилни унутмаган.

Барнонинг таъкидлашича, Ўзбекистондагилар ўйлаганидек, АҚШда пул дарахти ўсмайди. Бу ерда бир тийин топиш учун жуда қаттиқ меҳнат қилиш керак.

“Ўзбекистонликларда Америкада пул топиш осон, деган тушунча шаклланган. Шу сабабли кўпчилик “осон”га тайëр бўлиб келади. Аммо бу ерга келгач, тил ва маданиятни билмаслик орқасидан жуда кўп қийинчиликка дуч келади”,- дейди Барно.

У океан ортидан Ўзбекистонга қараб, она юртидаги аёлларнинг ҳуқуқсиз эканини аниқ-тиниқ кўрди.

“Бизда (Ўзбекистонда) аёллар фақат уй ва рўзғор учун яратилган, деган эски тушунча бор. Аëл барибир қолоқ бўлиб, уйда қолиб кетавераркан. Агар аëл ҳаракатчан бўлса, уйда ўтириб ҳам болаларини ўқитади ва улар билан бирга ўзи ҳам ўқийди. Энди ҳозир кўп аëллар ташқарига чиқяпти. Ташқаридан паст-баландни кўриб қайтяпти. Шу паст-баландни кўрган аëл ўз ҳуқуқини талаб қилишга интилади. Ҳуқуқингизни талаб қилсангиз, ҳеч кимга ëқмайсиз. Аëлларнинг ҳуқуқини бостиришга ҳаракат қилишади. Бизда аëлларга ўз фикрини айтишга ҳуқуқ берилмаяпти. Ҳозир аёллар ҳуқуқи эркакларники билан тенглиги айтилаётган бўлса-да, амалда бундай эмас”,- дейди Барно.

Кейинги 16 йилда кўрган-кечирганларингизни фарзандларингизга раво кўрармидингиз, деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

“Ростини айтсам, болаларимга мен бу нарсани раво кўрмасдим. Мен бошимдан кечирган қийинчиликларни болаларим бошидан кечирмасин, деган орзуим бор. Агар болаларим Ўзбекистонга борса, жуда қийналиб қолади. Бу ерда болаларимни ўз фикрини эркин айтишга, нимани хоҳласа, шу нарсага эришишга ҳаракат қилишга ўргатиб катта қилганман. Ўзбекистонда эса эркинлик йўқ. Болалар ўз фикрини эркин айта олмайди. Катталар гапир, деган пайтда гапиради, жим ўтир, деган пайтда жим ўтиради. Бу ерда улар давлат мактабига бориб, эркин катта бўляпти. Биласизми, болалар катта бўлгунча нимага, деган саволни кўп беради. Бу саволга катталар аниқ жавоб бериши керак”,- дейди Барно.
XS
SM
MD
LG