Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:08

Ўзбек пахтасини бойкот қилганлар сафига “Tesco” ҳам қўшилди


Буюк Британиядаги энг йирик чакана савдо тармоғи ҳисобланган “Tesco” ширкати пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани боис, Ўзбекистон пахтасидан воз кечишга қарор қилди.

“Tesco” ўз таъминотчиларига бу ҳақда мактуб йўллаб, тўқимачилик маҳсулотларида Ўзбекистон пахтасидан фойдаланмаслиги ҳақида билдирди.

“Токи Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш сақланиб қолар экан, “Tesco” тўқимачалик маҳсулотларида ўзбек пахтасидан фойдалана олмайди, уни сотиб олишни қатъиян рад этади”,- дейилади ширкат раҳбари Тэрри Грин ўз таъминотчиларига йўллаган мактубда.

Шунингдек, “Tesco” ўзини пахта толаси билан таъминлайдиган ширкатлардан пахтанинг манбаси тўғрисидаги ҳужжатларни ҳам талаб қилишини билдирган.

“Tesco” ширкати Буюк Британиядаги “Табиат ва адолат” жамғармаси ўтказган тадқиқот натижалари асосида ўзбек пахтасини бойкот этишга қарор қилган.

Жамғарма ходимларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда аҳолининг учдан бир қисми пахта саноатига мажбуран жалб этилади ва уларнинг кўплари болалардир.

Жамғарма вакиласи Жулиа Уилямс “Tesco” ширкатининг ўзбек пахтасини бойкот қилиш қарорини олқишлади.

“Биз жаҳондаги йирик савдо ташкилоти бўлмиш “Tesco” болалар меҳнати қабул қилиб бўлмас ҳол экани туфайли ўзбек пахтасини сотиб олмасликка қарор қилганидан мамнунмиз. Ўйлаймизки, “Tesco”нинг бу қадами бошқа ширкатлар учун ҳам ўрнак бўлади”,- деди Жулиа Уилямс.

“Табиат ва адолат” жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон пахта экспортидан йилига беш юз миллион фунт стерлинг, яъни қарийб бир миллиард доллар даромад кўради.

Ўзбек пахтасининг асосий харидори Европа саналади. Лекин жамғарманинг мақсади Ўзбекистон иқтисодига зарба бериш эмас, балки иқтисодий босим орқали айрим ўзгаришларга эришишдир.

“Ўзбек халқига зарар етказиш ниятимиз ҳам йўқ. Чунки Ўзбекистонда пахта экспортидан ҳукумат ва бир ҳовуч элита манфаат кўриши, уни етиштирган оддий одамлар эса четда қолиши, болалар мажбуран пахтага чиқарилиши маълум”, - дейди Жулиа Уилямс.

Ҳисоб-китобларга кўра, дунёдаги ҳар тўрттадан бир тайёр маҳсулот таркибида ўзбек пахтаси бор. Хўш, европалик истеъмолчилар улар киядиган аксар кийим-бош болалар меҳнати маҳсули бўлмиш ўзбек пахтасидан тайёрланишини билармикин?

“Озодлик” мухбири буни ўрганиш учун “Tesco”нинг Прагадаги супермаркетига йўл олди. У билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги бу ҳақда билмаслигини айтди. “Tesco” супермаркетига келган прагалик харидорлардан бири агар бу маҳсулотлар болалар меҳнати маҳсули эканини билганида уни зинҳор сотиб олмаслигини маълум қилди.

“Болалар терган пахтадан тайёрланган кийимни кийиш биз учун уят. Лекин ҳеч қаерда ёзилмагани сабабли биз бу ҳақда билмаймиз”,- деди харидор.

“Табиат ва адолат” жамғармаси вакиласи Жулиа Уилямснинг айтишича, ўзбек пахтаси Бангладеш ва Вьетнам каби давлатларда тайёр маҳсулотга айлантирилади ва “Tesco” уларни сотиб олади. Шу боис ҳам тайёр кийимда ўзбек пахтаси бор-йўқлигини аниқлаш ўта қийин. Шу сабабли бирор кийим хомашёси қаерда ва қандай етиштирилгани борасида кўпроқ шаффофлик лозим.

Ўзбекистон расмийлари пахта йиғим-теримига болалар мажбуран олиб чиқилаётганини инкор этишга қарамай, оддий ўзбекистонликларнинг ўзлари йиғим-терим мавсуми совет давридаги каби ялпи сафарбарликдан фарқ қилмаслигини айтади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги бошланғич мактаб ўқувчилари далага мажбуран олиб чиқилганини таъкидлаган.

“Термасак, ўқитувчимиз урушади. Пахтага чиқмасаларинг, чоракларингга икки чиқараман, дейди. Эрталаб соат саккизда далага чиқамиз, кечқурунги бешда тарозига топширамиз”,- дейди болалардан бири.

Болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани сабабли Европанинг бир неча ширкати Ўзбекистонда етиштирилган пахтага бойкот эълон қилган. Ўтган ойда Швециянинг “H&M” ҳамда Финляндиянинг “Marimekko” ширкатлари Ўзбекистонда пахтасини сотиб олишдан воз кечган эди.

“Табиат ва адолат” жамғармаси вакиласи Жулиа Уилямс сўзларига кўра, халқаро ҳамжамиятнинг бундай хатти-ҳаракати Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда болалар меҳнатидан воз кечишга ундаши шубҳасиз.

Ўзбекистон расмийлари фикрича, охирги пайтда ўзбек пахтасини бойкот қилиш амаллари Ўзбекистонга сиёсий-иқтисодий босим кўрсатиш мақсадини кўзлаган. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланилмаслигини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG