Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:08

Қотил полковник умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси полковниги Бекмуҳаммад Холиқов 9 кишини ўлдирганлик, зўрлаш, талончилик каби айблар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Рудакий тумани прокурори Қурбонали Ҳусейновнинг билдиришича, туманнинг Зартепа қишлоғида туғилиб ўсган 58 ёшли Б.Холиқов ўтган асрнинг 80-йиллари бошида нотаниш аёл жонига қасд қилганлик айби билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ 90-йиллар бошида Тожикистонда бошланган ички низолар чоғида қуролли гуруҳлар бошиқлари ёрдамида озодликка чиққан. Унинг илк қурбони ўз акаси, унинг турмуш ўртоғи ва икки фарзанди бўлган. Айнан шу қотилликдан сўнг Б.Холиқов Душанбенинг Гулистон маҳалласидаги акасига тегишли катта савдо маркази хўжайинига айланган.

“Бу савдо марказини юк билан таъминлаб турган тижоратчи Сафараҳмад Мусаввиров ўзига тегишли тўрт минг долларни сўраб Б.Холиқовнинг уйига борган. Бироқ Б.Холиқов ўзининг тўрт қўриқчиси билан С.Мусаввировнинг танасини қисмларга бўлиб, ўзи яшаб турган ҳовли четидаги 9 метрлик чуқурликка кўмган”,- деди прокурор.

Қ.Ҳусейновнинг айтишича, ҳаром пул эвазига бойиган Б.Холиқов бизнес юритишдан ташқари Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасида катта мансабдор бўлгани сабабли ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам, у яшаётган маҳалла аҳли ҳам унинг жиноятларини ошкор этишга журъат эта олмаган.

Қ.Ҳусейнов Б.Холиқовга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов жараёнида у 10 та қотиллик содир этгани, аммо шундан 9 таси судда ўз тасдиғини топганини билдирди. Ундан ташқари, Б.Холиқов 14 ёшдаги икки қизни зўрлаш, талончилик, икки ва ундан кўп хотинлик каби 17 та жиноят содир этганлик айби билан бир умрлик қамоқ жазосини олди.

Б.Холиқовнинг (катта хотини ) турмуш ўртоғи Ҳалима Иброҳимова қўйилган айбларнинг ҳаммаси эрига нисбатан туҳмат эканини билдирди.

“Мен фақат ҳовлимиздан топилган жасадда эримни айблайман. Эрим уни нега ўлдиргани менга қоронғу. Бироқ бошқа айблар, жумладан, ўз акаси ва унинг оиласини ўлдириб, дўконини ўз мулкига айлантиргани ҳақидаги даъволар ҳақиқатдан йироқ”,- деди Ҳ.Иброҳимова.

Рудакий тумани прокурори Қ.Ҳусейновнинг сўзларига кўра, Б.Холиқов бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганига қарамай, қўзғатилган бошқа жиноят иши бўйича унинг устидан тергов давом этмоқда. Тожикистон мухолифати собиқ вакилларидан бўлган Абдувосе Ҳусейнов ҳам айнан Б.Холиқов томонидан ўлдирилгани юзасидан далиллар ўрганилмоқда.
XS
SM
MD
LG