Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:23

БМТ ваколатхонаси ишни пайсалга солмоқда


БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Олмаота ваколатхонаси ҳозир икки ўғли билан ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик мухолифатчи шоир Юсуф Жуманинг Қозоғистонга қочган оила аъзоларига бошпана изловчи шахс мақомини беришни пайсалга солмоқда.

Юсуф Жуманинг рафиқаси ва уч ўғли Ўзбекистондаги таъқиблардан жорий йилнинг 7 январь куни Қозоғистонга қочишга мажбур бўлган эди.

Шоирнинг тўнғич ўғли Алишер Жумаевнинг “Озодлик”ка айтишича, ваколатхонага 7 январь куниёқ бошпана сўраб мурожаат этган, бироқ 17 январга келиб ҳам бу аризага жавоб олмаган.

“Менга эрта чақирамиз, индин чақирамиз, телефон қиламиз, дейишяпти. Улар бир кунда бошпана ҳақидаги рўйхатни бериши керак экан-да. Аммо мана 10 кундан ошяпти, суҳбат у ёқда турсин, ҳаттоки бошпана ҳақидаги бир қоғозни ҳам бермаяпти. Қонунларни ҳурмат қиламиз. Ҳаттоки Ўзбекистонда ҳам қонунбузарликларга қарши курашиб келганмиз. Аммо бизни бу ерда маҳаллий қонунларни бузиб яшашга мажбурлашяпти. Мен уларга шароитимизни тушунтирдим. Биз ҳақда ўзбек ва рус тилларида чиққан мақолаларни кўрсатдим. Лекин ҳеч қандай эътибор йўқ. Ҳаётимиз хавф остида. Изимиздан одам келгани ҳақида аниқ маълумотлар бор. Мен ўз ҳаётим эмас, 9 ва 18 яшар укаларим, онам тақдирини ўйлаяпман. БМТ қочқинлар идораси учун бунинг аҳамияти йўқ экан”,- деди А.Жумаев.

БМТ қочқинлар идораси Олмаота ваколатхонасининг ўзини Малик деб таништирган ходими “Озодлик” билан суҳбатда аслида Юсуф Жума оила аъзоларининг аризаси кўриб чиқилгани ва раҳбарият томонидан тасдиқланганини маълум қилди. Аммо у тасдиқланган ҳужжатнинг ҳунузгача эгаси қўлига бориб етмаганини изоҳлаб: “Муаммо таржимонда, яъни биз унга матнни таржима учун берамиз. У эса душанба куни тайёр бўлишини айтади. Ўзингиз биласиз-ку, баъзида одамларнинг шахсий ишлари чиқиб қолади. Раҳбарларга ҳам ҳужжатни берсанг, улар ҳам кетиб қолиб, иш озгина чўзилиб кетади”,- деди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси вакили Денис Живаго Юсуф Жума оила аъзоларига ўн кундан ошиқ вақтдан бери бошпана излаётган шахс мақоми берилмаётгани ноқонуний эканини айтиб, ваколатхонанинг умумий фаолиятини қаттиқ танқид қилди.

“Аслида ваколатхона бошпана излаётган шахс ҳақидаги сертификатни зудлик билан бериши керак. Очиғи, мен ҳам ваколатхона позициясини тушунмаяпман. Ваколатхона Юсуф Жума оиласининг ҳозирги кундаги қийин вазиятини инобатга олмоғи керак. Ваколатхона юритаётган бюрократик сиёсат мамлакат ҳудудидаги кўплаб қочқинлар масаласи ҳал бўлмай қолиб кетишига олиб келмоқда”,- деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG