Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

Юсуф Жума 50 ёшни қаршилади


Юсуф Жуманинг Қозоғистонда қочқинликда яшаётган оила аъзолари икки ўғли билан биргаликда ҳибсда сақланаётган мухолифатчи шоирнинг 50 йиллик таваллуд айёмини шундай оғир вазиятда ҳам нишонлашларини билдирмоқда.

Юсуф Жуманинг турмуш ўртоғи Гулнора Олтиева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда эри туғилган кунларини нишонлашни хуш кўрмаслиги, шунга қарамай, ҳар сафар оила аъзолари шу сана муносабати билан дастурхон ёзиб келганини билдирди.

“Бугун 50 ёшга кирганида у киши ёнимда йўқ. Илоҳим, қаерда бўлса ҳам жонлари омон бўлсин. Юсуф акамнинг болаликда ёзган бир шеъри бор:

Қишлоқ четидаги улкан тепалик,
Ўшанда уйингни кузатар эдим,
Нигоҳим етарди сенга беҳадик,
У билан меҳримни узатар эдим.

Мен ҳам бугун таваллуд кунларида севгилисига айтадиган энг яхши сўзлар қайси бўлса шуларни, энг яқин дўстига айтадиган яхши ниятлар қанақа бўлса ўшаларни нигоҳларимга жойлаган ҳолда Қозоғистондан туриб Юсуф акам томонларига йўллаб турибман”,- деди Гулнора опа.

Унинг сўзларидан ҳозир турмуш ўртоғидан ташқари икки ўғлининг ҳам панжара ортида сақланаётганини билган, умри давомида турмуш ўртоғи билан тўплаган бор мол-мулкидан айрилган ва уч фарзанди билан қочқинликка юз тутган бу аёлнинг иродасини ҳаётнинг аччиқ синовлари синдира олмаганини пайқаш мумкин. Гулнора опанинг ўзи ҳам шоир Юсуф Жума билан турмуш қураётган пайтда унинг ҳақиқат курашчиси эканини билгани, бундай инсон билан турмуш қуришда ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлишини англагани ҳақида гапиради.

“Мен ҳаётда ҳеч қачон аёл бўлиб ҳам тушкунликка тушмаганман. Иродамга суянганимча ҳаракат қилаверганман. Ҳақ йўлида йўлга чиққан одамларнинг бошига ҳар қандай кун тушиши мумкин. Агар тушкунликка тушсам, афсуслансам, атрофимдаги ўғилларим, турмуш ўртоғим букилади. Букилганни синдириш эса жуда осон. Шунинг учун уларга далда бўлишга ҳаракат қилдим. Бугун 50 ёшли бир шоир ҳибсда сақланяпти, келажак олдида ҳам, тарих олдида ҳам бу шармандалик. Уни қамаганлар шармандаларча қолади, юзидаги қора доғларини ҳеч бир ҳаракати юва олмайди. Қанча кураш бўлса ўғилларим, Юсуф акам курашсин. Мен ҳам курашаман. Халқимнинг озодлиги учун курашаман, эркинлиги учун. Нимагаки, халқ бор экан, биз тирикмиз”,- дейди Гулнора опа.

Шоирнинг қочқинликдаги тўнғич ўғли Алишер Жумаев ҳам отаси “туғилган кунимни ёмон кўраман”, деб шеър ёзганини эслайди.

“Таъқиб-тазйиқдан дадам кўп вақт туғилган кунларини қочиб ўтказган. Шундай бўлса ҳам биз ҳар доим дадамнинг туғилган кунини ўтказганмиз. Қозоғистонда туриб ҳам туғилган кунларини ўтказамиз. Дадамнинг сиёсатга аралашиши бор. Шоирлар сиёсатга аралашмайди, шоирлар сиёсатдан четда туриши керак, деган фикрларга қарши дадам. Дадам ҳақиқий шоир халқнинг дарди билан ёниши керак, халқнинг дардини айтиши, жар солиши керак, деб билади”,- дейди А.Жумаев.

У қуйидаги шеърни ўқиб берар экан, бу шеър Юсуф Жумага 2001 йилда очилган жиноят ишида далилий ашё сифатида тургани, ҳозир ҳам бу шеър шоирнинг қамалиш сабабларини очиб беришини таъкидлади:

Адолатдан сўз очсанг, қамаб қўядилар,
Ҳамма ухлар, кўз очсанг, қамаб қўядилар,
Эшакни десанг эшак, қамаб қўядилар,
Магар десанг сакни сак, қамаб қўядилар,
Иймонда собит бўлсанг, қамаб қўядилар,
Юсуфдек шоир бўлсанг, қамаб қўядилар.

Шоир мухлислари ҳам дунёнинг турли бурчакларида унинг таваллуд айёмини нишонламоқда.

Юсуф Жуманинг 25 йиллик қадрдон дўсти, унинг шеърлари тадқиқотчиси, филология фанлари доктори Ботир Норбоев шу муносабат билан қуйидагиларни билдирди:

“У ижодкор ва инсон сифатида менинг юрагимга яқин. Юсуф ҳақида илгарилари ҳам мақолалар ёзганман, ҳозир ҳам ёзаяпман, Худо умр берса бундан кейин ҳам ёзаман. Чунки Юсуф Жума шу бугуннинг Чўлпони ва Фитратидир. Унинг шу бугунги шеърлари Ўзбекистон қаҳрамони бўлиб юрган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг шеърларидан баланд туради. Шеър учун, жасорат учун қаҳрамонлик Эркин Воҳид, Абдулла Орифга эмас, Юсуф Жумага қаҳрамонлик бериш керак. Бу гапларни мен Юсуф ўз асарларида ҳукуматни танқид қилгани учун айтаётганим йўқ. Юсуф ҳақиқатпарвар, олижаноб адиб. У фақат ҳукуматни эмас, балки мухолифат лидерларини ҳам аёвсиз танқид қилади. Чунки танқидсиз жамият чириб кетади. Танқид эшитмаган арбоб бузилади. Юсуфнинг танқиди олижаноб одамнинг танқиди. Каримов ўзини Амир Темур тахтининг вориси деб билади. Каримов Амир Темур ўз душманларини камида 3 маротаба кечирганини ҳам билса керак”.

Бу сўзларни айтар экан, Ботир Норбоевнинг Юсуф Жумани қамаганларга қарата ҳам мурожаат қилди:

“Бу дунё ўткинчи, мардлик эса абадийдир. Жаноб Каримов, шоирлардан, фуқаролардан Юсуфдек инсон мардлик намунасини кўрсатди. Шундоқ қўл остингизда туриб ҳам шоир Насимий, шоир Машраб услубида сўз айтди. Агар сизда инсоф қолган бўлса, сиз уни озод қилишингиз керак. Олижаноб ва мард инсонлар оғизда эмас, амалда ҳақиқат тарафида туриши, кечиримли бўлиши керак. Сиз Юсуф Жумани қўлласангиз, Чўлпонни, Фитратни, Қодирийни қўллаган бўласиз. Жасоратли инсон, буюк ва хақиқатпараст шоир, олижаноб қалб эгаси Юсуф Жуманинг озод бўлиши учун ҳаммамиз кураш олиб бормасак, тарих бизни кечирмайди”.
XS
SM
MD
LG