Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:56

Ишсизлик ёшларни жиноятга етакламоқда


Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг тобора ошиб бораётганидан ташвишда. Расмий маълумотларга кўра, 2007 йилда Тожикистонда ўсмирлар ва ёшлар томонидан 650 та жиноят содир этилган.

Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохоновнинг айтишича, ўсмирлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 85 фоизини фуқаролар мол-мулкини ўғирлаш ташкил этади. Аммо улар қотилликларга ҳам қўл ураётгани янада ташвишлидир.

Хўш, нега тожикистонлик ёшлар ўртасида жиноятчилик ортмоқда? Бунга уларни нима мажбур қилади?

Жиноятчига айланган бир суҳбатдош бу саволларга жавобан оиладаги етишмовчилик ва катталар томонидан доимий назоратнинг бўлмагани туфайли шу йўлга кириб қолганини билдирди.

“Бой кишиларнинг уйларига кириб, пул, уй-рўзғор буюмларини ўғирлаймиз. Эшиклардаги қулфларни болға ва бурагичлар билан очамиз”,- дейди бир неча йилдан буён ўғирлик ҳисобига кун кечираётган суҳбатдош.

Катта ёшли кишилар ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ортиб бориши мамлакатдаги ишсизлик, йўқчилик натижаси эканини айтаётир. Айримлар бунга ёшларнинг осон мол-дунё орттириш ҳаваси сабаб эканини таъкидлайди ва сал вақтдан сўнг бу ёшлар зўрлаш ва қотиллик каби оғир жиноятлардан ҳам тап тортмайдиган манфур кимсаларга айланиши айтади.

Ёшларнинг ўзи эса тенгқурлари ўртасида жиноятчилик кўпайишига жамиятда ёшларга кам ўрин ажратилгани, расмий ҳукумат уларнинг муаммоларига эътиборсиз эканини билдирди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Худоназар Асозоданинг таъкидлашича, жинояти учун қўлга олинаётган ўсмирлар ва ёшларнинг аксарияти кам таъминланган оила фарзандлари ёки умуман ота-онасиз ўсганлардир.

“Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ўсиб боришига жамият ҳам айбдор. Биргина ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилаётган тадбирлар жиноятчилик камайишига кўмаклаша олмайди. Ёшларнинг панжара ортига тушиб қолмаслиги учун жамият ҳам курашиши керак. Бироқ аксарият ҳолларда фуқаролар томонидан бу муаммога лоқайдлик кузатилади”,- деди Худоназар Асозода.

Унинг сўзларига кўра, жорий йил бошидан буён балоғат ёшига етмаганлар ва ёшлар ўртасида турли жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тадбир амалга оширилмоқда. Бу тадбир натижалари март ойи бошларида оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG