Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:27

Экологияга оид хабарлар


2016 йилги Ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш учун АҚШнинг Чикаго, Озарбойжоннинг Боку, Қатарнинг Доҳа, Испаниянинг Мадрид, Чехиянинг Прага, Бразилиянинг Рио-де-Жанеро ва Япониянинг Токио шаҳарлари ўртасида рақобат бормоқда.

Чикаго ҳокими Ричард Далей агар шаҳар Олимпиада мусобақаларига мезбонлик қилса, атроф-муҳитни сақлаш Олимпиадага тааллуқли барча таклифларда асосий масалалардан бири бўлишини ваъда қилди. Халқаро Олимпия қўмитасига Чикаго расмийлари 14 январь куни топширган ариза соя ўсимлигидан тайёрланган сиёҳда қайта ишланган қоғозга ёзилган.

Ҳокимлик Олимпиадага оид барча аризалари ва бошқа рекламалар 100 фоиз қайта ишланган қоғозда чоп этилиши, истеъмолчилардан қолган чиқиндилар 100 фоиз қайта ишланишини ваъда қилмоқда. Бундан ташқари, аризада Чикагода атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори Киото протоколида назарда тутилганидек, 1990 йил даражасига туширилиши режалаштирилганини билдирилган.

2016 йилги Ёзги Олимпиадага мезбонлик қилиш қайси шаҳарга насиб этгани 2009 йил 2 октябрь куни Дания пойтахти Копенгагенда эълон қилинади.

*** *** ***

Автомобиль ишлаб чиқариш бўйича Япониядаги иккинчи йирик ширкат ҳисобланган “Хонда” компаниясининг ўтган йил сўнгги чоракдаги даромади бир йил олдинги даврга нисбатан 38 фоиз ошиб, бир миллиард 870 миллион долларни ташкил этди. Ширкат даромадининг кескин ошишига Америка, Европа ва Осиё давлатларида ёнилғи кам сарфлайдиган кичик ҳажмдаги ва гибрид моторли автомобиллар кўп сотилгани сабаб бўлди. Европа давлатларида газ ва электрда юрадиган автомобиллар машҳур бўлгани учун “Хонда” президенти Такео Фукуи келаси йил автомобиль ишлаб чиқарувчи заводлар бундай технологияга катта маблағ сарфлашини айтди.

Японияда март ойида тугайдиган жорий молия йилида уч миллион 900 минг дона “Хонда” автомобили сотилиши кутилмоқда. “Хонда” янги молия йилида атроф-муҳитга кам зарар етказадиган гибрид моторли 200 минг дона автомобиль ишлаб чиқаришни режалаштирган.

*** *** ***

Хитойнинг шарқий вилоятларида қор қалин ёққани боис, ҳукумат камида 460 минг аскарни йўллар, бошқа муҳим объектларни қор ва муздан тозалаш ишларига жалб қилди. Совуқдан азият чеккан одамларга ёрдам кўрсатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 минг тиббиёт ходимини сафарбар этди.

“Синхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, қалин қон ёққани сабабли электр ва сувсиз қолган аҳоли пунктларига ҳарбий вертолётлар озиқ-овқат ва бошқа зарур анжомларни етказяпти. Синоптиклар яқин кунларда яна қор ёғишини башорат қилмоқда. Ҳозир Хитойда қарийб 80 миллион аҳоли совуқдан азият чекаётир.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги 50 йил ичида энг совуқ келган бу йилги қишда ҳозирга қадар 50дан ортиқ одам нобуд бўлган.

Шунингдек, Россиянинг Татаристон республикасида тўрт бола қор кўчкиси остида ҳалок бўлди. Бугулма шаҳри яқинидаги темирйўл ўтган кўприк олдида мактаб ёшидаги бир гуруҳ бола сирпанчиқ учаётган пайтда қор кўчиши юз берган. Оқибатда тўққиз бола қор остида қолган. Улардан икки нафари қор остидан ўзи чиққан, бошқа иккитасини ёрдамга етиб келган одамлар қутқариб олган. Улардан уч нафари шифохонага ётқизилган.

Бугулма шаҳри шифохонаси бош шифокори Фаид Якуфаровнинг билдиришича, икки қизнинг ўрта оғир аҳволда, бир боланинг аҳволи оғир.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ўтган ҳафта уч кун давомида Татаристонда бир ойлик нормадан кўп қор ёққани кўчкиларга сабаб бўлмоқда.







*** *** ***

Бу йил Ўзбекистонда ҳам қиш аёзли келди. Мамлакатнинг жанубий вилоятларида ҳаво ҳарорати меъёрдагидан анча паст бўлди. Масалан, 16 январь куни тунда Тошкентда –10, Навоий ва Урганчда –14, Бухорода –15 даража совуқ бўлди. Ундан аввалги ҳафтада Ўзбекистон жанубида, хусусан, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати –20 даражагача пасайди.

Қишнинг совуқ келиши қишлоқ хўжалиги, хусусан, мевали дарахтларга қандай таъсир этди?

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассиси Шоймамат Шерқобиловнинг билдиришича, бундай совуқ бундан аввал 1968 йил декабрида ва 1969 йил январида кузатилган.

“Кекса деҳқонлар ва боғбонларнинг айтишича, ўшанда қишлоқ хўжалик экинлари ва дарахтларга анча зарар етган. Бу йил дарахтларга совуқ таъсирини билиш учун боғбонларнинг аниқлаш усулларига мувофиқ, новдаларни бир неча кун лабораторияда иссиқ ҳароратда сақлаб турилган пайтда мамлакатдаги аксарият майдонларга умуман зарар етмагани аниқланди”, – деди Ш.Шерқобилов.

Мутахассис сўзларига кўра, мевали дарахтлар ва буталарнинг қор остида қолгани уларни совуқ уришидан асраган. Бундан ташқари, декабрь ойи ўрталарида Ўзбекистонда кузатилган совуқ об-ҳаво мевали дарахтлар ва буталарнинг қишга тайёр бўлишига катта ёрдам берган.

Шунга қарамай, мутахассиснинг дастлабки маълумотларга асосланиб айтишича, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида баъзи дарахтларга совуқдан зарар етган.

“Мамлакат бўйича ҳозир Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида дарахтларга бироз зарар етгани аниқланди. Совуқдан ўрик, шафтоли, шунингдек, анор, ток ва анжирнинг кўмилмай қолган қисми бироз зарарлангани аниқланди. Мамлакат бўйича ҳисоб-китобларга кўра, умумий зарар 1,5 минг гектар атрофидаги боғларни ташкил этади ”, – деди ўзбекистонлик мутахассис.

Ш.Шерқобиловнинг таъкидлашича, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари томонидан зарар етган боғларга агротехник тадбирлар ишлаб чиқилган ҳамда деҳқонларга тавсиялар берилган.

Ш.Шерқобилов кўп йиллик тажрибага эга мутахассис сифатида бу йилги қаҳратон қиш Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига зарардан кўра кўпроқ фойда бўлганини айтди.

“Зараркунанда ҳашаротлар йил сайин кўпайиб, зарар келтираётган эди. Ўйлайманки, бу йил совуқ уларга анча зарба берди. Энг асосийси, бу йил ерга катта нам тушди. Бу, айниқса, боғ, токзорлар учун жуда фойдали. Худо хоҳласа, бу йил баҳор серёмғир келади, деган башоратлар бўляпти. Баҳор ўз вақтиди илиқ ва серёмғир бўлса, ҳосил ҳам мўл бўлади. Боғларга яхши бўлади”, – деди Ш.Шерқобилов.
XS
SM
MD
LG