Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:19

Тошкентда Дадахон Ҳасаннинг CD-альбоми чиқарилди


Таниқли ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг лирик қўшиқларидан тартиб берилган овозли СD-альбом Ўзбекистондаги овоз ëзиш студияси томонидан Тошкентда чиқарилиб, мухлислар қўлига етиб борди.

Янги альбомдан ўрин олган боксчи Руслан Чагаевга бағишланган қўшиқ мухлислар тарафидан яхши қаршиланди. Аммо альбомдан ҳофизнинг мухолиф руҳдаги сиёсий қўшиқларига ўрин берилмаган.

Дадахон Ҳасан: Секин-секин ижод қиляпмиз. Ўтган йили Руслан Чагаев Ўзбекистон номидан чиқиб жаҳон чемпиони Николай Валуев устидан қозонгани биз учун янгилик бўлди ва менга катта завқ бағишлади. Ўша куни жангни кўриб, юртдошим Р.Чагаевга атаб битта қўшиқ ёздим:

Руслан, Руслан, Руслан Чага ўрисни урди,
Томиримда қотиб қолган қоним югурди.
Бугун Туркистонда яна бир Алпомиш туғилди,
Ўзбекнинг ким эканлигин дунë билди.

Озодлик: Руслан Чагаев бу қўшиқ ҳақида биладими?

Дадахон Ҳасан: Мен ҳали у йигитни кўрганим йўқ.

Озодлик: Мухлислар қандай фикрда?

Дадахон Ҳасан: Мухлисларга, айниқса, спортга ва боксга қизиқадиганларга маъқул бўлди.

Озодлик: Бу қўшиғингиз қанақа қилиб тарқалиб кетди? Радиода берилдими ëки....

Дадахон Ҳасан: Йўқ, радиода берилмади. Буни қўшиқ ëзадиган студиялар диск шаклида олдинги лирик қўшиқларимнинг охирига қўшиб қўйган ҳолда чиқарди. Ўзи ўтган йил тарқалиб кетган эди бу қўшиқ.

Озодлик: Сиз яна кимларга бағишлаб қўшиқлар айтгансиз, шеърлар ëзгансиз?

Дадахон Ҳасан: Чингизхондан бошлаб Амир Темурга, Бобур Мирзога, босқинчиларга қарши курашган Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Нурмуҳаммадбекларга, Омон полвонга, Қурбонжон додҳога, Дукчи эшонга бағишлаб айтганман. Генерал Рашид Дўстумга ҳам “Рашид дўстим, бизни унутмадингизми”, деган радифда қўшиқ айтганман. Бу қўшиқни Рашид Дўстум эшитган экан.

Озодлик: Бугун Ўзбекистонда спортчилардан ташқари кимлар қўшиқ қилишга арзийди?

Дадахон Ҳасан: Мен ҳозир Ўзбекистонда қўшиқ қилишга арзийдиганларни кўрмаяпман. Кўрганимда қўшиқ қилардим.
XS
SM
MD
LG