Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:47

ҲРУ Ўзбекистонда озод этишлар давомий бўлишидан умидвор


Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари гуруҳи АҚШ ва халқаро ташкилотларни Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши учун таъсир кўрсатишга даъват этди.

ҲРУ тарқатган баёнотда Ўзбекистонда қисқа вақт ичида беш ҳуқуқ ҳимоячининг озод этилиши Тошкент ҳукуматига нисбатан давомий халқаро босимлар самараси белгиси экани айтилади.

Аввалроқ жиззахлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр қамоқдан озод этилган, тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли ва мустақил журналист Умида Ниёзовага тайинланган шартли жазо бекор қилинган эди. Куни-кеча эса андижонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Андижон қирғинидан кейин етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Саиджаҳон Зайнобиддинов озод этилди. Бу озод этишлар 5 февраль кунги ЕИ-Ўзбекистон учрашуви арафасида амалга ошди.

“Бу озод этишлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида муайян ўсишга эришиш учун у ердаги ҳукуматга қилинган давомий халқаро босимлар самарали бўлганини кўрсатади, - дейди ҲРУнинг мартабали расмийси Вероника Санта-Голдстон. - Яъни бу Европанинг санкция сиёсати иш беришининг исботидир”.

2005 йил май ойида ҳукумат кучларининг Андижон шаҳридаги намойишчиларни ўққа тутиши ортидан ЕИ Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш ва ўн икки ўзбек мулозимининг иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳудудига киришини тақиқлаган эди. Ўтган йил октябрь ойида бу санкциялар бир йилга узайтирилган, аммо айрим талаблар асосида 12 ўзбек расмийсига жорий этилган виза тақиқи олти ойга бекор қилинган эди. Агар қўйилган талаблар, жумладан, қамалган инсон ҳуқуқлари фаоллари озод этилмаса ва уларга ҳукумат босими камаймаса, Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар қайтадан кучайтирилиши билдирилганди. Шунингдек, ЕИ санкциялар олиб ташланиши учун Ўзбекистон ҳукуматидан халқаро гуруҳларнинг ўзбек қамоқхоналарини инспекция қилишига рухсат берилишини ҳам талаб қилган. Шу йилнинг апрель ойи охирида ЕИ Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар масаласини яна кўриб чиқиши керак.

ҲРУ ЕИни Ўзбекистонда бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам озод этилиши учун таъсир кўрсатишга даъват этди.

“Маҳбусларнинг озод этилиши муҳим воқеадир ва бу санкцияларнинг иш беришини, Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш самарали восита эканини кўрсатади. Шу боис, ЕИ Ўзбекистонда панжара ортида қолаётган бошқа инсон ҳуқуқлари фаолларининг ҳам озод этилишига эришиш учун босимларни давом этириши керак”,- дейди Вероника Санта-Голдстон.

Ўзбекистонда сўнгги қисқа вақт ичида бир неча ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилиши қамоқда қолаётган бошқа сиёсий маҳбусларнинг ҳам яқин фурсатда эркинликка чиқиши борасида умид пайдо қилган. Қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоевани авф этиш бўйича ҳужжатлар тайёрланаётгани айтилмоқда.

ҲРУ ҳам Ўзбекистонда озод этишлар давомий бўлишидан умидвор.

“Бизнингча, Ўзбекистон ҳукумати қуруқ ваъдалар етарли эмаслиги, ЕИ инсон ҳуқуқлари соҳасида конкрет натижалар хоҳлаётганини англаб етган. ЕИ санкцияларни давом эттирса, янада ижобий натижаларга эришишимиз шубҳасиз”,- дейди Вероника Санта-Голдстон.

ҲРУ ўз баёнотида Ўзбекистон қамоқхоналарда ҳанузгача қолаётган ва озод этилиши керак бўлган 15га яқин ҳуқуқ ҳимоячиси номини келтирган. Уларнинг кўпчилиги жамоатчиликка яхши таниш бўлмаган номлар. Улар орасида узоқ йиллардан бери қамоқхонада қолаётган сиёсий мухолиф ташкилотлар вакиллари, хусусан, ёзувчи Мамадали Маҳмудов ёки мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг икки укаси, ёши кекса Аҳмаджон Одилов, “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаров номлари кўринмайди.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сиёсий фаолияти учун қамалганларнинг ҳам озод этилишини Тошкент ҳукуматидан қаттиқ туриб талаб этиши лозим.

“Жуда ғалати ёндашув. Яъни сиёсат билан шуғулландингми қамоқда ўтиравер, жамоатчилик фаолияти билан шуғуланганлар чиқарилсин, деганими бу? Бу нотўғри. Биз сиёсий фаолияти учун қамалганлар ҳам озод этилиши керак, деган талабдамиз”,- деди Н,Отаева.

Аммо ҲРУ вакиласи Вероника Санта-Голдстон таъкидича, сиёсий фаолияти учун қамалган айрим маҳбуслар номлари рўйхатга киритилмагани уларнинг тақдири ҲРУни ёки бошқа ташкилотларни қизиқтирмайди, дегани эмас.

“Биз бу рўйхатни ЕИ Ўзбекистонга қўйган талаб асосида туздик. Иттифоқ Ўзбекистон ҳукуматидан қамоқхонадаги инсон ҳуқуқлари фаолларини озод этиб, улар фаолиятини қайта бошлаши учун имкон бериш талабини қўйди. Бу рўйхатга кирмаган Санжар Умаров ёки бошқа мухолиф маҳбуслар тақдири бизни қизиқтирмайди, дегани эмас. Биз Ўзбекистон ҳукуматидан уларнинг ҳам озод этилишини талаб этяпмиз”,- деди В.Санта-Голдстон.
XS
SM
MD
LG