Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:00

Бош вазир аборигенлардан узр сўради


Европадан кўчиб келганлар Австралия туб аҳолиси бўлган аборигенларга икки асрдан ортиқ давр мобайнида зулм ўтказгани учун Австралия бош вазири Кевин Радд улардан узр сўради.

Бош вазир, айниқса, ўз оиласидан зўрлик билан олиб кетилиб, оқ танлилар орасида тарбияланган аборигенлардан узр сўради.

Австралия ҳукумати 1910–1970 йиллар мобайнида яхши билим ва тарбия бериш баҳонасида абориген болаларни оилаларидан тортиб олиб, уларни оқ танли аҳолига аралаштириш сиёсатини юритиб келди. Ҳукуматнинг бундай сиёсатига маҳаллий абориген халқи унинг маданиятини йўқ қилиш йўлидаги уриниш сифатида қаралмоқда.

Австралия Федерал парламенти узр сўраш ҳақидаги ҳужжатни абориген қабилалар оқсоқоллари ҳозирлигида қабул қилди. Бу жараён мамлакат бўйлаб телевидение орқали ва катта экранларда жонли тарзда кўрсатилди.

Австралия ҳукуматининг узр сўрагани ҳаммани қониқтиргани йўқ. Парламентдаги консерватор мухолифат аъзоси Вильсон Таккей сессияни ошкора тарк этди.

Унинг фикрича, узр сўраш билан аксарият абориген оилалар турмуши яхшиланиб қолмайди.

“Мен эртага, яшасин, аборигенлар орасида бензин ҳидлаш йўқ бўлади, қизчалар ўз ўрнида ҳеч нарсадан хавотирланмай ухлайди, дея олмайман. Буларнинг бари ўзгармайди”, – деди мухолифат аъзоси.

Ҳозир Австралияда абориген аҳоли сони ярим миллиондан кам. Бу умумий аҳолининг икки фоизидан камни ташкил этади. Аборигенларнинг ўртача умр кўриши мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан 17 йилга кам. Аборигенлар спиртли ичимликлар ва наркотикларга ружу қўйган. Жамоа ичида зўравонликлар тез-тез содир этилади, ишсизлик кенг тарқалган ва болалар ўлими юқори.

Ўтган йил ноябрда Австралия бош вазири этиб сайланган Кевин Радд аксари шаҳар ва қишлоқлардан чекка жойларда яшаётган аборигенлар турмушини яхшилаш учун янги давлат дастурлари қабул қилишни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG