Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Ғойиповлар оиласи ҳақида


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:6Q4Xlzg-yzgMnM:http://www.spb-business.ru/base/1310/1310_1.jpg Куни-кеча 62 ёшида жон берган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг собиқ раҳбари Арслон Рўзметовнинг отаси Рўзмат Ғойипов Ўзбекистонда нуфузли одам бўлган.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида бошланган “пахта иши”, “ўзбек иши”, деб аталган жараëнлар совет тузумида оддий батракдан сиëсий арбоб даражасигача ўсиб чиққан Ғойиповлар оиласи тақдирини тубдан ўзгартириб юборди.

Р.Ғойипов ҳақида 1980 йилги Ўзбек совет энциклопедиясида мана бу сатрлар бор:

“1922 йил 15 мартда Хоразмда туғилган. Социалистик меҳнат қаҳрамони. Қашқадарë вилояти партия қўмитаси биринчи котиби. Марказқўм аъзоси, Олий кенгаш депутати”.

“Рўзмат Ғойипов Урганч тумани партия комитетининг секретари, МТС директори, райком секретари, кейин эса Қашқадарë вилояти обкомининг биринчи секретари бўлган. Шу пайтларда Шароф Рашидов билан унинг муомалалари яхши эди”,- деб эслайди хоразмлик кекса журналист Ражаббой Бобожонов.

Р.Ғойиповнинг сўнгги тақдири Интернетдаги энциклопедияда икки сатр сўз билан ëзилган:

“Ғойипов 1983 йилда терговчи Тельман Гдлян сўроқ қилаëтган пайтда танасининг 17 жойига пичоқ санчиб ўзини ўлдирган”.

“Гдлян ва Ивановнинг одамлари келиб, уни Урганчдаги уйидан олиб кетмоқчи бўлган пайтда, мен уйга кириб чиқай, деб уйида ўзини-ўзи ўлдирган. Биз жанозасига борган эдик”,- дейди Ражаббой Бобожонов.

Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарларидан бири Раъно Абдуллаеванинг сўзларига кўра, Р.Ғойипов 37-йиллар воқеалардан яхши хабардор бўлган. Шунинг учун болаларим қийналмасин, оила аъзоларим қийналмасин, деб шундай йўл тутган бўлиши мумкин.

“Ғойипов ўзини ўлдирган 1983 йилда Москвадаги нашрлар совет кишилари дуч келаëтган барча муаммоларга пахтани қўшиб ëзиб, топган пулини тиллога айлантириб ерга кўмаëтган ўзбеклар сабабчи, деб ëзди. Бу ўзбек халқига қарши қаратилган террор эди”,- дейди Раъно Абдуллаева

Рўзмат Ғойиповни ўғри, муттаҳам, деб ëзган совет матбуотида 1989 йилда Гдлян қатағони ҳақида рост гаплар ҳам ëзила бошланди. Рус журналисти Ольга Чайковскаянинг “Чўпчак” мақоласи “Литературная газета”да босилди. Мақолада Гдлян зўравонликлари бирма–бир ëзилган.

“КГБ тергов изоляторида терговчи тилидан янграган овоз ҳали-ҳануз қулоғимда жаранглайди,- дейди собиқ маҳкум Мўминжон Одилов. - 1985 йил 21 май куни бўлган суҳбатда бутун Ўзбекистондаги ўзбекларни битта қўймай қириб йўқотаман, деб менинг юзимга айтган. Ортиқча гапнинг ҳожати бўлмаса керак. Буларнинг мақсади шу бўлган. Қулоқ соладиганинг қоласан, қайсарлик қилганинг кетасан, деб айтган”.

Ўшанда Мўминжон Одилов Рўзмат Ғойиповнинг ўғли Арслон Рўзметов билан бир қамоқхонада сақланган.

Одатда оддий кишиларнинг раҳбарлар ҳақидаги фикри салбий бўлади. Аммо биз Рўзмат Ғойипов ҳақида уни билган кишилардан ëмон гап эшитмадик.
Рўзмат Ғойипов 1965 йилдан 1983 йилгача Қашқадарëда раҳбар бўлган. Қашқадарëлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ëдгор Турлибеков хотирлайди:

“Бундай ғайратли, халқ учун хизмат қиладиган одамни эслай олмайман ва у кишини ҳеч кимга тенглаштирмайман”.

Р.Ғойиповнинг ўғли Даврон Ғойипов отаси “ғамхўр, олижаноб одам” бўлгани, режани бажарганларга “Жигули” автомашинаси калитини бергани”ни айтади.

Хоразмлик журналист Ражаббой Бобожонов Р.Ғойиповнинг Хоразмдаги жанозасига одамлар Қашқадарëдан автобус тутиб махсус келганини айтади.

“Лекин шу пайтдаги Хоразм обкомидан, облисполкомидан ҳеч ким келмади”,- дейди журналист.

Ё.Турлибеков ҳам ўша жанозага Бухоро ва Қашқадарëдан жуда кўп одам боргани, халқ Р.Ғойиповнинг яхшиликларини унутмаганини айтади.

“Ўздонмаҳсулот” компанияси собиқ раҳбари Алим Отаев ҳам Рўзмат Ғойипов ҳақида яхши сўзлар айтди:

“Қашқадарëдаги ишидан олинганидан кейин ўзини-ўзи ўлдирди. Биз бу инсоннинг мардлигига доим қойил қолиб юрардик. Бу шу даражада ўз обрўйини сақлаб кетган инсон” .

Рўзмат Ғойиповнинг уч ўғли бўлиб, бу ўғилларнинг маслаги ҳам уч хил бўлди. Озод Рўзметов шоир ва журналист, Арслон Рўзметов учувчилик касбини танлади. Даврон Ғойипов эса совет номенклатура ходимлари фарзандларига тавсия қилинмаган бир йўлдан кетиб, оғир рок ашулаларини айта бошлади. Ўтган асрнинг 80-йилларида стадионни тўлдирган минглаб мухлислар олдида айтилган “Бу нима бу” қўшиғидан исëн ҳиди келар эди.

Отасининг кўзи тириклигида “Бу нима бу”, деб куйлаëтган Даврон бу саволнинг оғир жавоби ҳақида ўйламаган эди. 1983 йилда Рўзмат Ғойипов Гдлян тергови пайтида ўзини чавақлаганидан кейин сал ўтмай унинг катта ўғли, журналист Озод Рўзметов боши узра қора булутлар пайдо бўлди.

“Озод Рўзметов яхши журналист ва шоир эди. Озодни отанг йиғиб қўйган олтинини топиб бер, деб ëмон қийнашди. Уйини текширишди”,- дейди кекса журналист Р.Бобожонов.

Акаси ўлимидан 20 йиллар ўтиб, Даврон Ғойипов унинг шеърларини қўшиқ қилиб куйлади. Акаси Озод Рўзметов ҳақида Даврон Ғойипов хотираларига қулоқ берсак:

“У шоир сифатида бошқача одам эди. У руҳий жиҳатдан менга яқин одам эди. Ҳозир унинг шеърига мусиқа ëздим. Яқинда қўшиқ қилиб чиқараман.

Мен куяман, кўнглимда қайғу,
Хаëлгинам бўлган паришон,
Қайтасан, деб қилгандим орзу,
Ўйламайман дейман-у, аммо
Ўйларимга чангал соласан,
Мажруҳ дилим йўқлаб қоласан.

Р.Бобожонов Озод Рўзметов сатрларда изтироб, дард ва исëн борлиги, бу дард уни олиб кетганини таъкидлади.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Совет Иттифоқида “ўзбеклар иши” жараёни ўзбекларга қарши ахборот уруши билан уйғун олиб борилди. Ўша пайтда Р.Ғойиповнинг фарзандлари ҳақида турли уйдирмалар тарқатилди. Бундай ахборот хуружи марказида рок ашулачи Даврон Ғойипов турди. Ҳатто Даврон Ғойиповнинг қилмишлари акс этган фильм ҳам суратга олинди.

“Унинг Даврон деган кенжатой, машина миниб юрадиган ўғли икки теракни бир-бирига қайириб, битта қизнинг ҳар бир оëғини биттадан теракка боғлаб, кейин теракларни қўйиб юборган ва у қизни иккига айириб ташлаган, деган гаплар юрарди. Бу гапларнинг ҳаммаси уйдирма эди”,- дейди Ëдгор Турлибеков.

Раъно Абдуллаеванинг айтишича, бугунгидан фарқли тарзда ўша пайтдаги раҳбарларнинг фарзандлари жамоат назоратида бўлган. Машинаси тезлигини сал оширса ҳам одамлар дарров қоида бузувчи, хулиган, дейишарди.

Гдлян-Иванов тергов гуруҳи Рўзмат Ғойипов ўзини ўлдирганидан кейин ўз назарини унинг учувчи ўғли Арслон Рўзметовга тикди. А.Рўзметов КГБ ертўласида сўроқ қилинди.

“Мен у билан Тошкентдаги КГБ қамоғида, адашмасам, 1984 йилдан 1987 йилгача бўлган эдим. 200 нафар прокуратура терговчиси битта оилага қарши ишлаган”,- дейди у билан бирга ўтирган Мўминжон Одилов.

Рус журналисти Олга Чайковскаянинг айтишича, А.Рўзметовни тергов қилиш даврида Гдлян терговчилари ўзларининг энг тубан характерини намойиш қилган. А.Рўзметовга тегишли автомашина ғилдиракларини ўғирлаб, ўз машиналарига қўйган. Аммо Гдлян терговчилари Арслон Рўзметовнинг айбини исбот қила олмади. У озодликка чиқди.

“Арслон акам жуда ҳам доно киши эди. У Гдлян терговчилари зулми остида синмади”,- деб эслайди унинг укаси Даврон.

Арслон Рўзметов кейинчалик “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясини бошқарди. Марказий Осиëда биринчи бўлиб “Боинг” самолётни океан устидан олиб ўтди. Аммо Каримовнинг қаҳрига учраб, мамлакатни тарк этди. Россиядаги “Внуково” аэропортига бошчилик қилди. Аммо расмий Тошкент талаби билан А.Рўзметов Москвада ҳибсга олиниб, 2007 йил августида Тошкент қамоқхонасига келтирилди ва орадан ярим йил ўтгач жон берди. А.Рўзметов Тошкентдаги “Минор” қабристонига дафн қилинди.

“Шу одам эрта оламдан ўтди. Жуда яхши одам эди, деб айтади кўпчилик. Бу
Аллоҳнинг иродаси”,- дейди унинг устига тупроқ тортган укаси Даврон Ғойипов.

Учувчининг орзуси битта: у ҳам бўлса баландлик. Аммо ҳаëт беқанот осмон эмас, унинг паст-баланди бор. Бундан 20 йил аввал “Бу нима бу”, дея берган саволига тақдири азалдан жавоб топган Даврон Ғойипов бугун маъюс. Аммо минглаб ўзбек оилалари қаторида Ғойиповлар оиласига мусибат келтирган золимларга айтадиган гапи бор Давроннинг.

“Бунақа аблаҳликлар ер юзида Одам Ато пайдо бўлгандан бери анча кўп бўлган. Улар бу ишлари учун жавоб беради. Уларнинг жавоб берадиган жойи бор. Ҳар ким ўз қилган иши учун жавоб берадиган кун барибир келади”,- дейди Даврон Ғойипов.

Умр ўтади, вақт ўтади, севинчлар унутилади, аммо мусибат ва хўрликнинг хотирага урган муҳри янгилигича тураверади.

Совет даврида оддий батракдан давлат арбоби даражасига кўтарилган Рўзмат Ғойипов Гдлян тергови пайтида ўзини ўлдирди. Орадан сал ўтиб унинг ўғли, журналист ва шоир Озод Рўзметов ҳам юрак санчиғидан ўлди. Яна бир ўғли, ҳофиз Даврон Ғойипов узоқ йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Рўзмат аканинг учувчи ўғли Арслон бир йил давомида КГБ ертўласида Гдлян терговчилари томонидан сўроқ қилинди.

Ўзбекистон мустақил бўлди, аммо зулм усуллари ўзгаришсиз қолаверди. Арслон Рўзметов қамоқда ўлган юзлаб ўзбекистонликлардан бири бўлди.
XS
SM
MD
LG